“Ҳижрат” тушунчасини бузиб талқин этиш.

“Ҳижрат” тушунчасини бузиб талқин этиш.

Мақола

Ҳижрат луғатда кўчиш, тарк этиш демакдир. У икки хил бўлади. Биринчиси, фарз ибодатларини бажаришга умуман имкон бўлмаганида, зулмлар кўпайганида дин ва ҳаёт мухофазаси йўлидаги маконий ҳижратдир. Иккинчиси, гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш маъносида. Шу маънодаги ҳадисларда Пайғамбаримиз (саллоллоху алайҳи ва саллам)нинг қатор кўрсатмалари баён қилинган. Жумладан, Ибн Умар (розияллоху анҳу)дан ривоят қилинган хадисида:

“Ҳижратнинг энг афзали-Аллоҳ таоло қайтарган нарсани тарк этмоқдир”, дейилади. (Имом Аҳмад ривояти).

Ақидапараст гуруҳлар ҳижрат тушунчасини ғаразли талқин этиб, таассубга берилган шахсларни нотинчлик ҳукм сурган минтақаларга жамлаш ва шу орқали қабиҳ режаларини амалга оширишга уринади. Хусусан, улар ғўр кимсаларни Ислом диёри бўлиб, азон айтилаётган, жума ва ҳайит намозлари ўқилаётган, хуллас Исломнинг барча аҳкомлари эмин-эркин адо этилаётган, осуда Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ҳолбуки, она Ватанини ташлаб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш ёки исён қилиш Ислом таълимотига бутунлай зид экани барчага маълум.

Набий (алайҳисалом) бир ҳадисларида:

“Макка фатҳидан кейин ҳижрат қилиш йўқ”, деганлар.

Ҳижрат масаласи ҳам ўта нозик масалалардан ҳисобланади. Шу сабабдан ғаразгўйлар бу масалани ҳам ишга солиб кишиларимизнинг бошини айлантириб, турли нохушликларга гирифтор қилишга уринишади.

Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлидан адаштирмасин.

Қувасой шаҳар бош имом хатиби Алишер Наимов


Report Page