Ҳерман ҲЕССЕ. ҲАРФ ТЕРУВЧИ (ҳикоя)

Ҳерман ҲЕССЕ. ҲАРФ ТЕРУВЧИ (ҳикоя)

Байрам АЛИ

Қўлда ҳарф терувчи Иоганнес тахминан бир соатдан буён қабулхонада ўтиргани, бугун бошлиқ билан суҳбатлашиш ниятидан сира ҳам қайтиб бўлмаётгани, бошқа пайт келиши кераклигини ҳеч тушунтиролмаётгани ҳақида бош муҳаррирга айтишганида, у ўзининг заиф, хаёлчан табассуми билан жилмайиб бош силкиди ва ўриндиғида айланиб қабулига кирган шахс томон ўгирилди.

Соқоли оқарган содиқ ҳарф терувчини нима бу ерга етаклаб келгани, бу ташвишлар шу даражада ночор, шу қадар таъсирчан ва зерикарли эканлиги, ушбу шахснинг истагини бажара олмаслиги, биргина нарсадан бўлак бошқа навозиш ҳам қила олмаслигини у аввалдан биларди: уни ушбу ҳолатга мос хушфеъллик билан тинглаши керак, зеро, илтимос билан келган кимса нафақат кўп йиллардан буён газетада қўлда ҳарф терар, балки ёқимли ва ҳурматга сазовор, боз устига, билимдон (бир неча йилгина аввал эса жуда таниқли, сал бўлмаса машҳур ёзувчи ҳисобланарди) инсон ҳам эди.

Тажрибага суяниб айтилса, унинг йилда бир ёки икки марта қили­надиган ташрифи пайти ўша биргина мақсад қўйилар ва бу ташриф ҳар сафар омадсизлик билан якунланарди – муҳаррир унга нисбатан уят аралаш, баъзида кучли норозилик билан ифода этилувчи ҳамдардлик туйғусини туярди, холос.

Мана, ҳарф терувчи секингина кирди ва намойишкорона эҳтиром ила ортидан кабинет эшигини товушсиз беркитди.

– Ўтиринг, Иоганнес, – деди муҳаррир руҳлантирувчи оҳангда (қа­чонлардир фельетон бўлимини бошқараётиб, ёш адабиётчиларга, бугун эса ёш сиёсатчиларга нисбатан қандай мурожаат қилган бўлса, деярли шу тарзда). – Аҳволингиз қалай? Қанақа шикоятингиз бор?

Иоганнеснинг сон-саноқсиз ажин босган қаримсиқ юзидаги гўдак­ларникидай кўзи муҳаррирга хавотир ва қайғу билан боқди.

– Ҳаммаси ўша-ўша, – деди у юмшоқ ва ғамгин овозда. – Янада баттар бўлиб бормоқда, тез орада эса буткул таназзул бошланади. Мени даҳшатга солувчи аломатлар ҳам куни-кеча юз кўрсатди. Бундан ўн йил аввал ҳатто ўртача газетхоннинг сочини тикка қилиб юборадиган хатолар нафақат янгиликлар, маълумотлар ёки спорт очерклари бўлимида – эълонлар бўлимини-ку, айтмай қўя қолай! – йўқ, ҳатто фельетонлар бўлимида ҳам бамайлихотир қабул қилинмоқда, уларни энди бош мақолаларда ҳам учратиш мумкин; тузуккина, ҳурматга сазовор адабиётчилар учун нўноқ гап тузилишлари ва саводсизларча ишлатилган иборалар оддий нарсага айланиб бормоқда, қоида, меъёрга айланмоқда. Шу жумладан, сизда ҳам, жаноби бош муҳаррир, авф этинг, сизда ҳам!

Адабий тилимиз рўдапо, битлиқи фақирлар ва ўғрилар тилидек бўлиб қолаётгани, барча гўзал, бой, камёб, мураккаб гап тузилишлари йўқ бўлиб кетгани, мана неча йиллардан буён бош мақолаларда бир-бирини тўлдирувчи замон формалари, хусусан, гўзал, оҳангдор, нафис ифодаланувчи гапларни, алоҳида софлик билан ажралиб турувчи ҳамда қиёсланган, чин юракдан асосланган, оҳангдошлик аввал кўтарилиб, сўнг назокат ила пасайиб борувчи тузилмаларни кўрмаётганимни яна так­рорлашни истамайман.

Буларнинг бари энди йўқлигини биламан. Борнео ва бошқа шу сингари оролларда жаннат қушлари ҳамда қироллик йўлбарслари қириб юборилгани каби бизнинг қадрдон тилимиздан ҳам барча нафис гап тузилишлари, ўрин алмашинувлар, нозик сўз ўйинлари ва жилваларини сиқиб чиқаришди, нобуд қилишди.

Буларнинг барини эндиликда қутқариб бўлмаслигини биламан. Аммо очиқ-ойдин кўриниб турган хатолар, тузатилмаган нуқсонлар, имло қоидалари ва мантиққа нисбатан бутунлай бефарқлик-чи!

Эҳ, жаноб муҳаррир, баъзида эски одат бўйича гапни “бир томондан” ёки “қарши ўлароқ” иборалари билан бошлашади ва аллақандай икки сатрдан сўнг шу гап бошланиши билан ўз зиммаларига олган унчалик мураккаб бўлмаган шартлар ҳақида унутишади. Эргаш гапни унутадилар, бошқа сўз тузилмалари аро ўтлаб кетишади ва фақат энг илғор адибларгина тире ёки камтарин кўп нуқтанинг юмшатувчи пардаси ортига беркиниб, бир амаллаб жанжал олдини олишга ҳаракат қиладилар. Жаноби бош муҳаррир, ушбу тире сизнинг ёзувларингиз ичида бор эканлигини ҳам биласиз.

Қачонлардир, бир неча йил аввал, мен ундан жирканардим, ёвуз иллат ҳисоблардим, аммо иш шу даражага етиб бордики, мен ҳам энди ўзимни йўқотган ўлароқ ўша тире пайдо бўлган заҳоти уни олқишлайман. Ҳар битта тире учун сиздан чуқур миннатдорман, ахир у – нима бўлганда ҳам – ўтмишнинг қолдиғи, у энди қайсидир бир кўринишда маданият белгиси, нопок виждон гувоҳи сифатида хизмат қилади, ёзувчилар унга қисқартирилган, силлиқланган эҳтиромга бўлган сингари ёндошадилар, тил қоидаларига нисбатан ўз бурчларини англайдилар, маълум меъёрда уят ҳиссини туядилар, афсусланишга муносиб ҳолатлар ичида бўлса-да, тилнинг муборак руҳига нисбатан ҳаддан зиёд гуноҳга ботадилар.

Ҳарф терувчи келишига қадар белгилар қўйишни давом эттираётган муҳаррир қовоқларни оҳиста кўтарди, меҳрли нигоҳини Иоганнесда тўхтатди ва хайрихоҳ табассум билан, қариянинг ҳурмати учун имкон қадар юмшоқ сўзларни танлашга уриниб, мулойим оҳангда гап бошлади:

– Биласизми, Иоганнес, мутлақо ҳақсиз ва суҳбатларимиз асносида мен буни доимо тан олганман. Сиз ҳақсиз: аввалги тилимиз, назокатли ва ажойиб тарзда чархланган, йигирма-ўттиз йил илгари кўплаб муаллифларга жиллақурса тақрибан таниш бўлган ва улар тарафидан қўлланилган тилимиз ўлиб бўлди. Улар мисрликларнинг иншоотлари сингари вайрон бўлди, гностикларнинг[1] тизимлари каби емирилиб битди, Афина ҳамда Византия таназзулга маҳкум бўлганидек йўқ бўлди. Бу қайғули, азиз дўстим, бу фожиа.

Шу сўзлар айтилганда ҳарф терувчи титраб кетди ва эндигина оғзини очмоқчи, бирон нима деб эътироз билдирмоқчи бўлди, бироқ ўзини босди ва мутелик билан аввалгидек ўтираверди. – Бироқ, қисматимиз, яшашдан мақсадимиз айнан шунда ва биз, тан олинг, энг аччиқ қисматни ҳам тарихий қисмат дея қабул қилишимиз керак.

Буни аввал ҳам сизга айтишимга тўғри келганди: ўтмишга нисбатан маълум бир садоқатни сақлаб қолиш ажойиб, сизга келсак, садоқатингизни нафақат тушунаман, балки унга тасаннолар айтаман. Бироқ, айтиш жоиз бўлса, таназзулга маҳкум қоида-ю, тушунчаларга ёпишиб олиш ақлдан эмас.

Ҳамма нарсанинг чегараси бор; ушбу чегарани ҳаётнинг ўзи яратади ва мабодо биз уни ҳатлаб ўтмоқчи бўлсак, агарда биз емирилиб битган қоидаларга ниҳоятда боғланиб қолган бўлсак, шу билан ўзимиздан қудратлироқ бўлмиш ҳаёт билан зиддиятга киришамиз.

Сизни жуда яхши тушунаман, менга ишонаверинг. Сиз ўша тилни аъло даражада билганингиздан хабарим бор, ўша гўзал анъаналарнинг меросхўри эканлигингиз бизга маълум, сиз – собиқ ёзувчи – адабиётнинг куни битаётганидан, тилимиз, мавжуд бўлган борки маданиятимиз тушиб қолган ишончсизликдан бошқаларга қараганда албата кўп азият чекишингиз лозим эканлигини биламан.

Сизнинг, ҳарф терувчининг, ҳар куни тубанлашув гувоҳи бўлаётгани, боз устига, унга бош қўшаётгани, албатта, қайғули, бу оғир юк, – шу сўзлар айтилаётганда Иоганнес яна титраб кетди ва муҳаррир бошқача ибора топиш учун шошиб қолди. – Бунда қандайдир тақдир ҳазили бор. Аммо на сиз, на мен бирон нимани ўзгартиришга қодирмиз. Биз воқеалар ривожини тан олиш ва унга бўйсунишга мажбурмиз.


Муҳаррир кекса ҳарф терувчининг қанчалар болаларга хос бўлса, шунчалар ташвишли чеҳрасига меҳр билан боқди. Кўҳна дунёнинг аста-секин сўлиб бораётган ушбу вакилларида давом этгувчи “эҳтиросли” дея аталмиш вақтини тан олмаслик мумкин эмас, уларда аллақандай мағиз бор, диллари тез оғришига қарамай, ёқимтой одамлар.

У юмшоққина қилиб давом этди:

– Ёдингиздадир, азиз дўстим, тахминан йигирма йилча аввал мамлакатимизда шеърлар чоп этиларди, баъзан китоб кўринишида – хонаси келганда шуни айтиш лозимки, бу ҳолат эдиликда ноёб воқеа саналади – баъзида эса газета саҳифаларида.

Шундан сўнг, мутлақо кутилмаганда, моҳиятан, шеърият билан аллақандай ноқобил бир нима рўй бераётганини англаб қолдик, гўёки унингсиз ҳам кунимиз ўтадигандек, у телбаларнинг ишидек туюлди. Ўшанда биз қай бир аниқ даврга қадар сирлигича қолиб, сўнг тўсатдан ойдинлашган бир нимани англадик: санъат даври асфаласофилинга равона бўлибди, санъат ҳамда шеърият бизнинг оламда кўз юмибди, демак, ушбу ўлаксаларни кўтариб юргандан кўра, улардан бир умрга қутулган афзал.

Барчамиз учун, шу жумладан, мен учун ҳам бу оғриқли уйғониш эди. Аммо биз буни рад қилмай, ҳақ бўлиб чиқдик. Кимдир Гёте ижодидан ёки шунга ўхшаш ниманидир ўқишни истаса, аввалгидек ўқишга ҳақли, ҳеч ким ҳеч нарса йўқотмайди – агар худонинг берган куни янгидан-янги нимжон, издан чиққан шеълар пайдо бўлавермаса, албатта. Барчамиз буни қабул қилганмиз.

Сиз ҳам, Иоганнес, шоирлик рутбангиздан ўшанда воз кечиб шундай йўл тутдингиз ва нонга пул топиш учун оддий ҳунарни танладингиз ва энди, шу ёшингизда, ҳарф терувчи бўлиб ишлаб туриб, сиз учун эъзозли бўлиб қолган анъана ва тил маданияти билан шу қадар кўп нифоққа киришиб, ортиқ даражада жабр чекаётган бўлсангиз, азиз дўстим, шу так­лифни бермоқчиман: мана шу оғир ва қабиҳ меҳнатни ташланг! Шошманг, охиригача гапиришимга ижозат беринг! Нима, бир бурда нонингизни йўқотишдан қўрқаяпсизми? Йўғ-э, нима, биз ёввойилармидик? Йўқ, муҳтожлик сезмайсиз, бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Кексалигингиз суғурта қилинган, кейин, бундан ташқари, бизнинг фирма – сўз бераман! – сизга умрбод нафақа тайинлайди, демакки, бугунгиси билан таққослаганда, топар-тутарингиз ўзгармайди.

Муҳаррир ўзидан мамнун эди – нафақа ҳақидаги фикр айнан суҳбат пайтида миясига келиб қолганди.

– Хўш, нима дейсиз? – сўради у жилмайиб.

Иоганнес бирдан жавоб қайтаришга ўзида куч топа олмади. Оқкўнгил хўжайиннинг сўнгги сўзлари айтилганда унинг гўдакларга хос кекса чеҳрасида таъриф қилиб бўлмас қўрқинч зоҳир бўлди, сўлғин лаблари оқариб кетди, нигоҳи ночор, гўё бир нуқтада қотиб қолгандек кўринди. У аранг ўзига келди.

Бошлиқ унга ранжигандек тикилиб турарди. Шу пайт қария секин киришиб, бор вужуди билан ўз фикрига ростгўйлик, таъсирчанлик беришга уриниб гап бошлади. Кичкина қизил доғлар пешонаси ва ёноқларида бир пайдо бўлиб, бир кўринмай кетар, илтижоли нигоҳи ва сал четга эгилган боши уни тушунишга, унга шафқат қилишга чорларди, серажин озғин бўйни ҳам кўйлакнинг кенг ёқасидан шафқат сўрагандек чўзилиб чиқиб турарди.

Иоганнес деди:

– Жаноби бош муҳаррир, худо ҳаққи, авф этинг! Энди сизни ҳеч қачон, ҳеч қачон безовта қилмайман. Ахир, мен доимо энг эзгу ниятлар билан келганман, бироқ бу билан жонингизга тегиб кетганимни ҳам биламан. Менга ёрдам беришга имконингиз йўқлигини, ҳаммамиз ушбу ғилдирак тагида қолиб кетганимизни ҳам биламан. Лекин худо ҳаққи, ишимни олиб қўйманг! Оч қолмаслигим борасида мени тинчлантирмоқчисиз, бироқ бундан ҳеч қўрқмаганман! Мен камроқ маош билан ишлашга ҳам жон-жон дейман, ахир қувватим аввалгидек эмас. Шундай бўлса-да ишда қолдиринг, акс ҳолда мени ўлдирган бўласиз!

Ва кўзлари ёниб, жуда секин, хирқироқ товушда зўриқиб давом этди:

– Шу хизматдан бошқа менинг ҳеч вақом йўқ, унигина деб яшамоқдаман, шодланаман! Оҳ, жаноби муҳаррир, қандай қилиб сиз – менинг кимлигимни, қачонлардир қанақа бўлганимни билгувчи ягона инсон ушбу даҳшатли таклифни қилдингиз!


Муҳаррир ҳиссиётга берилган, қўрқиб кетган Иоганнесни тинчлан­тирмоқчи бўлди, юпатувчи бир нималарни ғўлдираб бир неча бор елкасига уриб қўйди. Тинчлана олмай, аммо хўжайиннинг хайрихоҳлигига ишонган кўйи Иоганнес бироз нафас ростлагач, яна гапирди:

– Жаноби бош муҳаррир, биламан, ёшликда сиз ҳам шоирларнинг китобларига мафтун бўлгансиз. Худди мендек. Ўн етти ёшимда “Тунги қўшиқ” номли китоб қўлимга тегди. Ҳолбуки, ўшандан буён ўн беш йил ўтди, аммо мана шу сатрни илк бор ўқиган оним асло ёдимдан чиқмайди: “Тун қаро бўлди ва шилдираётган борки ирмоқлар товуши баландлашди!” Айнан ўша дамдан бошлаб ҳаётим маънога эга бўлди, нимага хизмат қилишни бошлаган бўлсам, ўшанга шу кунга довур хизмат қилиб келмоқдаман, худди ўша он яшин янглиғ тилнинг, сўзнинг таърифлаб бўлмас сеҳрли мўъжизасини мен учун ёритди.

Мен унинг илоҳий мавжудлигини ҳис этиб, нигоҳимни унинг мангудек қорачиғидан узмасдим ва қисматим, муҳаббатим, саодатим, ҳаётим мазмунига интилганим сингари у тараф интилдим. Сўнг бошқа шоирларни ҳам ўқиб чиқдим, ўша “Тунги қўшиқ” дагидан кўра юксакроқ, янада табаррукроқ сўзларни топдим, ҳозирда ҳеч кимга маълум бўлмаган буюк шоирларимизга оҳанграбо тортганидек ёпишдим. Барча сеҳрли сўзлари баъзида май, баъзида қон ила ифор таратувчи, орзу янглиғ тотли ва теран Новалисни топдим; ёш ва жўшқин Гётени топдим, кексайганида ҳам сирли табассумли яна айнан ўшани топдим; доимо шошилиб, нафаси қисилиб юрувчи Клейстни топдим, сархуш Брентанони, тезкор, шиддаткор Гофманни топдим.

Мағрур Мерикни, сокин ва пухта Штифтерни топдим, барча-барчасини топдим: Жан Полни! Арнимани! Бюхнерни! Эйхендорфни! Гейнени! Уларнинг этагидан тутдим, уларнинг кенжа укаси бўлиш борлиғим орзусига айланди, уларнинг тилини ўрганиш – сир-асроримга, шу назмнинг юксак ўрмони эса меҳробимга айланди.

Мен уларнинг оламида яшадим, қайси бир даврларда ўзимни сал бўлмаса уларга тенг дея ҳисобладим, сўзларнинг бўйсунар бисотини шамол нафис ёзги баргни ўйнатган сингари қўлда ўйнатар чоғим, уларни овоз чиқаришга, рақс тушишга, қисирлашга, даҳшат солиб, портлашга, куйлашга, қичқиришга, совуқда қотишга, дийдирашга, титрашга, қалтирашга ва қотиб қолишга мажбур этганимда ажойиб, сал демаса шаҳвоний ҳиссиёт оғушида бўлдим.

Мени шоир дея тан олган инсонларни учратдим ва оҳангим уларнинг қалбида арфада янграгандек сас берди. Лекин буни энди бас қилайлик, бас қилайлик. Сиз ҳалигина эсга олган ўша вақт, борки авлодимиз назмдан юз ўгирган, барчамиз кузги ёмғирда қолиб кетган вақт келди: ва мана, эҳромлар дарчаси берк, шеъриятнинг муборак ошиёнига қоронғулик чўккан, тенгдошларимизнинг биронтаси ҳам бундан буён сеҳрланган сўқмоқлар бўйлаб назмнинг муборак даргоҳига йўл олмайди. Ва теварак-атрофга сокинлик чўккан, биз шоирлар, буюк Пан вафот этган, сархушликдан сўнг ўзига келган мамлакат бўйлаб жимгина сочилиб кетдик.

Муҳаррир норозиликнинг чуқур туйғуси ичра елкасини бурди, уни мунофиқ, оғриқли бир туйғу қийнамоқда эди. Мана қаерларга ўтлаб кетди бу қария! У қовоқлари тагидан гўёки: “Бўлди, бас, биз-ку иккимиз буни биламиз!” – демоқчидек нигоҳ ташлади. Бироқ Иоганнес ҳали тугатмаган эди:

– Ўшанда, – паст товушда, қийналганча давом этди у, – ўшанда мен ҳам юраги уришдан тўхтаган назм билан видолашдим. Қайси бир даврда шол бўлгандек яшадим, даромадимнинг пасайиши, алал-оқибат, одатдаги, қорин тўйдиришга керак нарсаларни харид қила олмаслигим бошқа даромад манбасини ахтариш учун қўлёзмаларимдан воз кечишга мажбур қилмагунча ҳеч нимани ўйламадим. Ҳарф терувчи бўлдим, зотан бир ноширнинг қўлида ёлланиб ишлаётганимда бу касбни эгаллагандим. Гарчи дастлабки йиллар бу ҳунарим мен учун ортиқ даражада паст туюлса-да, қилган танловим учун ҳеч қачон афсус чекмаганман. Аммо унда мен ўзимга, ҳар қандай одамга яшаш учун керакли нарсани топдим: яшашимдан мақсадни, маънони англадим. Ҳурматли муҳаррир жаноблари, ҳарф терувчи ҳам тил эҳромининг малайи, унинг усталиги ҳам тилга хизмат қила олади.


Ва бугун мен, қари чол, сизга дилимдагини айта оламан: шу ўтган йиллар мобайнида бош мақолалар, фельетонлар, парламент ва маҳкама очеркларида, маҳаллий хроника ва эълонларда тилга дахлдор минглаб гуноҳларни унсиз тўғриладим, тентакларча тузилган минг-минглаб гап­ларни бошқатдан туздим ва оёққа қўйдим.

О, бу менга қандай бахт ато этарди! Чарчаб-ҳориган муҳаррир томонидан айтиб туриб ёзилган тушунарсиз материалдан, чаласавод парламент аъзоси томонидан ғажилган иқтибослардан ёки қандайдир репортёрнинг аҳмоқона синтаксисидан бир неча сеҳрли белгилар ва унсурлар кўмагида жонли тил вужудини такрорланмас, соғлом хусусияти билан яратиш қандай саодат! Аммо вақт ўтиши билан буларни қилиш тобора қийинлашиб бораверди, менинг ва урфга кирган ёзма нутқнинг орасидаги фарқ тобора кенгайиб, тил қурилишидаги ёриқ эса тобора кўзга ташланадиган бўлди.

Йигирма йил аввал ўн-ўн иккитагина навозишим эвазига дардини даволаган бош мақола бугунда ўқишли бўлмоғи учун юзлаб ва минглаб тузатишни талаб қилади. Ҳеч нимага эришмадим ва аксарият ҳолларда ўз истакларимдан воз кечишга тўғри келарди. Мана, кўриб турганингиздек, мен ҳам у қадар тош қотиб қолган реакционер эмасман ва бахтга қарши, яқинлашиб келаётган фожиага қаршилик кўрсатишга қудратим бўлмай, ён беришни ўргандим.

Бироқ заҳирамда ҳали нелардир бор эди. Авваллари уларни “майда-чуйда хизматлар” дея атардим, аммо улар аллақачон умумлашиб бўлганди. Жаноби муҳаррир, мен терган саҳифа ҳамда бошқа ҳар қандай газетадаги саҳифани таққослаб кўринг, уларнинг нима билан фарқланиши бирдан кўзингизга ташланади.

Ҳозирги ҳарф терувчилар – истисносиз барчаси! – тилни оммавий масхаралашга мослашиб олганлар, боз устига, буни ҳатто чуқурлаштиришган ҳам. Уларнинг орасидан деярли ҳеч ким бу ерда вергул қўйилиши, у ерда икки нуқта қўйилиши, бунда эса нуқта ҳамда вергул қўйилиши ҳақидаги қоида борлиги ва унга амал қилиш кераклигини билмайди. Аввалига машинкадаги қоғозда, кейинчалик ҳарф теришда ҳеч бир айб қилмай сатр­нинг энг сўнгида пайдо бўлиб қолган сўзларга нисбатан – чунки улар ўта узун, бўлиб ташлаш лозим! – муносабатлари қотилона демаганимда ҳам нақадар жирканч!

Бу даҳшатни таърифлашга сўз ожиз. Ўз газетамизда мен юзларча мана шунақа бўғиб ўлдирилган, нотўғри кўчириб ўтказилган, тилкаланган ва қатл этилган шўрлик сўзларни учратдим ва йиллар ўтган ­сайин улар кўпайиб бораверди: “жирка-нчли”, “куз-атиш”, бир гал ҳатто “масхар-алаш” деб кўчирилган сўзни ҳам учратдим! Мана мен фаолият кўрсатаётган майдон, шу ерда мен ҳар куни кураш олиб боришим, кичкина ишлар кўмагида яхшилик яратишим мумкин.

Жаноби муҳаррир, қийноқ камерасидан озод қилинган ҳар битта сўз, букилган қаддини ростлаган ҳар бир гап унга керакли тиниш белгиларини қўйган ҳарф терувчига қандай боқишини сиз билмайсиз, ҳатто тасаввур қила олмайсиз!

Муҳаррир Иоганнесга ўнлаб йиллар мобайнида таниш эди, бироқ ўз шахси ҳақида бу қадар ҳаяжонланиб гапирганини кўрмаган; гарчи ҳарф терувчининг гўлларча, осмондан келиб қилган дил изҳорига қаршилик кўрсатишни ич-ичидан истаса-да, ушбу арзимас изҳорнинг яширин маъноси унга намоён бўлганди. Ва у ўзининг ақлли юзига хайрихоҳлик ифодасини бериб, яна деди:

– Албатта, албатта, Иоганнес, мени бутунлай ишонтирдингиз. Ушбу ҳолатларнинг барини инобатга олиб, яхшилик қилиш ниятида сизга қилинган таклифни қайтариб оламан. Ҳарф теришни давом эттираверинг, бундай хизматни асло ташламанг! Мабодо бирон иш юзасидан кўмагим керак бўлса, менга мурожаат қилаверинг.

У ўрнидан туриб, ҳарф терувчи ниҳоят кабинетимни тарк этади деган умидда унга қўл узатди. Бироқ Иоганнес ўзини исканжага олиб турган ҳиссиёт оғушида дадилланиб, яна гапира кетди:

– Сидқидилдан миннатдорлик билдираман, жаноб муҳаррир, қандай оқкўнгил инсонсиз-а! Аммо, авф этинг, арзимас бир ўтинчим бор сизга. Менга бироз ёрдам беришни истаганингиздами?

Муҳаррир ўрнига ўтирмай, сабрсиз нигоҳи билан унинг гапини давом эттиришга ишора берди.


– Яна бир бор, – деди Иоганнес, – мана шу “фожиали” деган сўз устида гап боради, бу ҳақда бир неча бор суҳбатлашганимизни эслайсиз, жаноб муҳаррир. Газетчиларнинг ҳар битта хатони фожиа дея аташ каби гўзал одати борлиги сизга таниш, аслида буни фожиали деб аташ… хўп, майли, қисқароқ гапиришга уриниб кўраман. Ва шундай бўлиб чиқадики, велосипеддан йиқилган ҳар бир шахс, ўчоқда қўлини куйдириб олган ҳар битта бола, дарахт шохидан узилиб тушган ҳар битта гилос “фожиали” сўзи билан боғлангани боис салмоғини йўқотади.

Аввалги муҳарриримизни ушбу сўзни қўллашдан воз кечтиришимга сал қолганди, унга тинчлик бермасдим, ҳафтасига кам деганда икки марта ҳузурига келардим, оқкўнгил одам эди, кулганича кўп ҳолларда менга ён босарди, эҳтимол, ҳеч бўлмаганда мени нима безовта қилаётганини англарди.

Маҳаллий янгиликлар бўлимидаги янги муҳарриримиз эса… аслини олганда, унга баҳо беришга ҳаққим йўқ, бироқ машина босиб кетган ҳар битта товуқ ушбу муборак сўзни ишлатиш учун унга яхшигина баҳона десам ошириб юбормаган бўламан. У билан жиддий суҳбатлашиб олишимга имкон берганингизда эди, айтганларимни эшитишга бир мартагина кўндирсангиз эди…

Муҳаррир иш столига яқинлашди, тугмачани босди ва микрофонга бир неча неча сўз деди.

– Жаноб Штеттинер икки соатдан сўнг ўрнида бўлади ва сиз учун бир неча дақиқа вақт ажратади. Уни огоҳлантиришга ҳали улгураман. Аммо қисқароқ гапиришга ҳаракат қилинг!

Кекса ҳарф терувчи миннатдорлик билан хайрлашди. Муҳаррир унинг ортидан қаради, содиқ хизматчисининг шалвираб турган камзули ёқаси ва букчайган елкасини қоплаган сийрак сочларига эътибор берди. Қарияни нафақага чиқариш қўлидан келмаганига энди ачинмади. Майли, қолаверсин! Майли, аввалгидек бир йилда икки марта қабул қилишини илтимос қилаверсин! У Иоганнесдан хафа эмас. У шўрликка қанчалар оғирлигини яхши билади. Аммо Иоганнесга соат иккида ҳузурига келиш тайинланган жаноб Штеттинер – айтганча, серташвиш кун бўлгани боис бошлиқ уни огоҳлантиришни унутганди – буни ҳатто тасаввур ҳам қила олмасди.

Жаноб Штеттинер – газетанинг маҳаллий янгиликлар репортёрлигидан то таҳририят аъзоси бўлишга қадар шиддат билан кўтарилган жуда меҳнаткаш ёш хизматчи – ёмон инсон эмасди, репортёр сифатида турли тоифадаги кишилар кўнглини топа оларди. Аммо Иоганнес исмли шахс ушбу билағон репортёр учун мутлақо бегона эди, ҳарф терувчининг пайдо бўлиши уни эсанкиратар, шунақа одамлар мавжудлиги ёки қачонлардир бўлганини тасаввур қила олмасди. У бўлим муҳаррири лавозимини эгаллагач, тушунарли сабабларга кўра аллақандай ҳарф терувчининг – ҳатто у юз ёшга кирган бўлса ҳам! – маслаҳатларини эшитмоққа жиндек бўлса-да ўзини бурчли дея ҳисобламади.

Одам Атодан қолган “назокатли аср”даги Аристотелнинг ўзи бўлмай­дими! Шу боис эҳтимоли бор ҳолат рўй берди: бир неча дақиқалик суҳбатдан сўнг қизариб-бўзариб кетган, жаҳл отига минган муҳаррир Иоганнесни эшик томон етаклади ва кабинетни тарк этишини сўради. Сўнг эса мана ушбу воқеа содир бўлди: ярим соатдан сўнг қария Иоганнес саҳифанинг ақлга сиғмас хатоларга лиқ тўла чорагини териб бўлгач, аянчли бир тарзда қичқирганча стол қиррасига йиқилди, бир соат ўтгач эса вафот этди.

Қариядан бехос ажралиб қолган ҳарф териш бўлими ишчилари қис­қагина пичирлашиб туришгач, гулчамбар учун пул йиғишга қарор қил­дилар. Жаноб Штеттинерга эса ушбу жудолик ҳақида кичикроқ лавҳа ёзиш топширилди, ҳар қалай, Иоганнес бир пайтлар, ўттиз ёки қирқ йиллар аввал, ўзига хос таниқли шахс бўлган.

Штеттинер шундай деб ёзди: “Шоирнинг фожиали ўлими”, аммо Иоганнес “фожиали” сўзини ёқтирмаганини бирдан эслаб қолди. Бундан ташқари, қариянинг ажойиб шахс бўлгани ва ораларидаги суҳбатдан сўнг қўққисдан дунёдан ўтгани унга анча таъсир кўрсатганди, шу боис марҳумга бир қадар ҳурмат кўрсатишга ўзини бурчли дея ҳисоблади. Шундай қилиб, мана шу туйғулар таъсирида сарлавҳани чизиб ташлади ва уни “Қайғули ўлим” билан алмаштирди, аммо кейинроқ бу ҳам оздек, чучмалдек туюлди, жаҳли чиқди, сўнг ўзини қўлга олиб, мақола тепасига сўнгги сарлавҳани қўйди: “Тажрибали ҳамкасбларимиздан бирининг вафоти”.


Рус тилидан Иброҳим Чориев таржимаси.

Report Page