Ҳаж ва умра вазирлиги расмий хабари: умра зиёрати босқичма-босқич ташкил этилади

Ҳаж ва умра вазирлиги расмий хабари: умра зиёрати босқичма-босқич ташкил этилади

Дин ишлари бўйича қўмита

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги ўзининг расмий интернет нашрлари орқали тақдим этган маълумотларга кўра, Умра зиёрати тўрт босқичда, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклиф ва тавсиялари асосида қайта ташкил этилади:


1️⃣-БОСҚИЧ – 2020 йил 4 октябрь кунидан эътиборан чекланган миқдорда, Саудия Арабистони Подшоҳлигида истиқомат қилувчилар учун ички Умра зиёрати очилиши кутилмоқда. Бунда зиёратчилар сони чекланган бўлиб, махсус онлайн навбат дастури орқали рўйхатга олинади ва уларнинг кунлик умумий адади 6 минг нафарни ташкил этади.


2️⃣-БОСҚИЧ – 18 октябрь кунидан эътиборан, кунлик зиёратчилар сони 15 мингга оширилади.


3️⃣-БОСҚИЧ – 1 ноябрь кунидан бошлаб, хорижлик зиёратчиларни қабул қилиш амалиёти жорий этилади. Бунда кунлик 20 минг зиёратчига хизмат кўрсатиш назарда тутилган. Рухсат этилган давлатлар рўйхати мамлакатларнинг эпидемиологик ҳолатидан келиб чиқиб, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилади.


4️⃣-БОСҚИЧ – Мавжуд эпидемиологик вазият сабабли ўрнатилган карантин чекловлари батамом олиб ташлангач, Умра зиёрати пандемиядан олдинги ҳолатдагидек тўлиқ тикланади.


Вазирлик хабарида юқоридаги барча босқичлар Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмаси асосида юмшатилиши ёки кучайтирилиши, хорижий давлатлар рўйхати шакллантириши ва тасдиқланиши, зиёратчиларнинг Масжид ал-Ҳарамга махсус онлайн навбат дастури асосида киритилиши эслатиб ўтилади.


Эслатиб ўтамиз, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмийлари томонидан белгиланган карантин талаблари асосида Умра зиёратини ташкил этиш масаласини кўриб чиқмоқда ҳамда юртдошларимизнинг тўлиқ тиббий хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, расмий, ишончли ва хавфсиз Умра хизматларини тақдим этиш устида жадал иш олиб бормоқда.


Манба: @hajumrauz