Ҳашар- умуммиллий анъана

Ҳашар- умуммиллий анъана


Ҳашар – халқимиз учун азалдан яратувчанлик, янгиланиш ва табиат билан уйғунликни улуғлашга, инсонларнинг жипслиги ва иноқлигига қаратилган эзгу анъаналардан ҳисобланиб келган. 

Қўни-қўшнилар, маҳалла-куй ҳамжиҳатликда, аҳил ва иноқ бўлиб, олам кўклам нафасидан баҳра олаётган бу фаслда теварак-атрофни, кўчалар ва уйга ёнбош масканлар, ҳовли-жойларни янада файзли ва обод қилишга ҳаракат қилишган. Ерни қазиб-чопишган, ерга ниҳол қадаб, кўчатлар ўтказишган, шукроналик туйғулари билан саришта-cаранжомликка интилишган. 

Бугун "Ўзатом" агентлиги аҳил жамоаси ҳам ушбу хайрли урф-одатларга содиқ қолган ҳолда, асосий бино атрофларини, унга ёндош ҳудудларни янада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга эрта тонгдан киришдилар, ажиб бир кўтаринкилик ва фидойилик билан умумхалқ хайрия ҳашарига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Кўчалар, ариқлар ва йўлакчалар барг ва шаббалардан тозаланиб, дарахтлар оқланиб, таглари юмшатилди ва манзарали шакл берилди, янги нав-ниҳоллар экилди. 

Шу тариқа бугун агентлик ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 мартдаги қарори билан “Наврўз” умумхалқ байрамига бағишлаб ўтказилган “Обод ва кўркам маҳаллам” умумхалқ хайрия ҳашарига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

"Ўзатом" агентлиги матбуот хизмати