Ҳарбий тадқиқотлар, ҳарбий меросни ўрганиш ва такомиллаштириш, ҳарбий тадқиқотлар институтида ишлаб чиқилган илмий ишланмалар қўшинлар фаолиятига татбиқ қилинмоқда
https://t.me/aoka_uzАОКАда Мудофаа вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ҳарбий тадқиқотлар институтида илмий мактаб яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди:
2021 йил 1 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида ҳарбий илм-фанни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Мазкур қарорда буюк аждодларимизнинг бой ҳарбий мероси, уларнинг бошқарув ва саркардалик маҳорати, умуман миллий ҳарбий санъат тарихини ўрганиш ва оммалаштириш, ҳарбий соҳадаги халқаро, минтақавий ва миллий хавфсизликка нисбатан хавф ва таҳдидларни тизимли таҳлил қилиш, замонавий қуролли можаролар хусусиятларини тадқиқ қилган ҳолда ҳарбий санъатни ривожлантириш ҳамда ҳарбий жамоаларда психологик муҳитни ўрганиш бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказишга оид вазифалар белгиланган.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институти ташкил этилиб, унга қарашли марказлар фаолияти йўлга қўйилди.
Институт томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар ва илмий тадбирлар ҳақида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумот бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий комуникациялар агентлигининг анжуманлар залида “Ҳарбий тадқиқотлар, ҳарбий меросни ўрганиш ва такомиллаштириш, ҳарбий тадқиқотлар институтида илмий мактаб яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан» матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби полковник Отабек Юлдашев, Институтнинг Ҳарбий хавфсизлик муаммоларини тадқиқ қилиш маркази бошлиғи полковник Азизжон Тоиров, марказ бошлиғи полковник Хусанали Пардаев, тарих фанлари номзоди, доцент, катта илмий ходим Азада Рахматуллаева спикер сифатида Республика ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг мавзуга оид масалалари бўйича саволларига жавоб бердилар.
Маълумот учун, ҳозирга келиб мазкур Институт тадқиқот йўналишлари бўйича тажрибали мутахасисслар билан бутланган. Институт фаолияти даврида тадқиқотчилар томонидан бир қатор илмий изланишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, соҳа йўналиши бўйича нуфузли миллий ва хорижий олий таълим муассасалари ва тадқиқот марказлари билан меморандумлар имзоланди ва ҳамкорликда илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Институт базасида Идоралараро ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, ушбу гуруҳ томонидан миллий ҳарбий меросни тизимли ўрганиш ва оммалаштириш Концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Амалга оширилаётган ишлар натижасида республикамизда миллий мерос йўналишида илмий мактаб ва илмий марказлар фаолияти йўлга қўйилди.
Институт илмий ходимлари томонидан ҳозирги кунга қадар (2021 йил декабрь – 2023 йил июль) Низом ва Концепция лойиҳалари, турли монографиялар, ўқув-услубий қўлланмалар, дарсликлар, рисолалар, илмий журналлар ва таҳлилий тўпламлар ишлаб чиқилиб, қўшинлар фаолияти ҳамда ОҲТМларининг ўқув-илмий ва тарбиявий жараёнларига татбиқ этилмоқда.