Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор

Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор

Давлат хизматлари агентилиги Тошкент вилояти бошқармаси

“Ҳунарли киши хор бўлмас”, дейди халқимиз. Аммо кейинги пайтда фарзандларимизнинг моҳир ҳунармандлар қўлида касб-ҳунар ўрганишига етарли эътибор бермаяпмиз. Ваҳоланки, ёшларимиз устоз кўмаги билан ҳаётда ўз ўрнини топади, унга муносиб бўлишга интилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 25 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида ёшларда ижобий мотивация, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билим ва малакаларни шакллантириш, шу орқали уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва бандлигини таъминлаш бўйича “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Мазкур ташаббус доирасида ҳудудларда ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитишни ташкил этиш асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшларни бириктириш орқали 2021 йилда қарийб 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш вазифаси белгилаб берилди.

Ана шу мақсадда Тошкент вилоятида ҳам ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва уларни касб-ҳунарга ўқитишнинг янги тизими жорий этилди. Зангиота тумани ва Чирчиқ шаҳрида Давлат хизматлари маркази, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар ишлар агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими ҳамкорлигида “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасида ташкил этилган намунавий ўқув курслари иш бошлади.

Тасдиқланган режага асосан, ўқув курсларига “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, қолаверса, тадбиркорликка қизиққан ёшлар жалб этилди. Улар юқори тажрибага эга малакали педагоглар, амалиёт ўқитувчилари, ва ишлаб чиқариш корхоналарининг малакали мутахассислари кўмагида бизнес ва тадбиркорлик соҳасига оид билим ва кўникмаларини ошириб боради. Шунингдек, Ёшларга доир давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида уларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли асосда ўрганиш, бу борадаги вазифаларни мувофиқлаштириш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилиши кўзда тутилган.

  Тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш курсларини тамомлаган битирувчиларга касбий малака сертификатлари берилиб, ҳудуддаги тегишли тадбиркорлик субъектларига ишга жойлаштирилади.

 

Эркин Дорипов,

ДХА Тошкент вилояти бошқармаси

 матбуот котиби



Report Page