Ҳар қандай лойиҳа адабиётимиз тарғиботига хизмат қилсин

Ҳар қандай лойиҳа адабиётимиз тарғиботига хизмат қилсин

Расмий муносабат

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Буюк ипак йўлидаги адабиёт” фестивали масаласида турли хил фикрлар билдирилмоқда. Шунинг учун бу масалада изоҳ беришни лозим топдик.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Буюк британиялик ҳамкоримиз ҳурматли Софи Ибботсон таклифига асосан юртимизда ана шу фестивални ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилди. Чунки биз миллий адабиётимизни жаҳонда тарғиб қилишга қаратилган ҳар қандай хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёрмиз.

Бироқ ўзаро музокараларимиз давомида ташаббускорлар томонидан асосан фестивалнинг туристик жиҳатларига аҳамият қаратилиб, адабиётимиз тарғиботи эътибордан четда қолдирилаётгандек таассурот пайдо бўлди. Ўзбек адабиётини хорижда танитишга қизиқиш билдирган, бундан манфаатдор ношир ва таржимонларнинг фестивалда иштирок этишини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда шу йилнинг май ойида бошланиши режалаштирилган халқаро адабий танлов концепцияси лойиҳаси келишиш учун Ёзувчилар уюшмасига тақдим этилмади. Бизга юборилган дастлабки дастур лойиҳасидан ўзбек адабиётига алоқаси бўлмаганлар масалалар анчагина эди. Масалан, “Маданий репатриация ва ўтмишни ҳисобга олиш”, “Ўрта Осиёда археологияни нима кутмоқда”, “Саёҳатлар ҳақида мактуб”, “Ботаник санъат”, “Никита Макаренко билан учрашув” ва шу каби бошқа мавзулар ўрин олган.

Биз эса уларга “Шеърият ва макон” (ўзбек шеъриятининг бугунги куни ҳақида суҳбат. Модератор: Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим), “Абдулла Қодирий уй-музейида ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат”, “Адабиёт ва кино: бадиий асарнинг экранга кўчирилиши. Эркин Аъзам ва британиялик маърузачи иштирокида адабий суҳбат”, “Тасвирий санъат ва сўз санъати – таниқли рассом ва ёзувчи Алишер Мирзо устахонасида адабий суҳбат”, “XXI аср Британия ва ўзбек насри: авангард ва анъанавийлик”. Модератор: Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон”, “Бобурнома” асарининг инглизча таржималари ҳақида Тошкент давлат Шарқшунослик университети профессори, бобуршунос Зиёда Тешабоева маърузаси, “Орол денгизи мавзуси – бадиий адабиётда” мавзусида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Кенгесбой Каримов маърузаси, “Тарихни тадқиқ этиш” мавзусида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али билан суҳбат” ва бошқа мавзуларни таклиф қилдик.

Лекин ҳамкорларимиз ушбу таклифларнинг айримларини қабул қила олишини, дастур учун фақат улар масъул эканлигини маълум қилишди. Улар тақдим қилган янги дастур лойиҳаси ва қатнашчилар рўйхати билан танишгач, бизда яна баъзи саволлар пайдо бўлди. Жумладан, дастлабки музокараларда хорижлик қатнашчилар сони 6-8 киши атрофида бўлиши расман маълум қилинган эди. Шунинг учун Ёзувчилар уюшмаси томонидан 2021 йил охирида 10 нафар хорижлик меҳмонга мўлжаллаб смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, тегишли маблағлар ажратилди. Аммо шу йилнинг май ойида дўстларимиз 36 кишидан иборат қатнашчилар рўйхатини тақдим этишди.

Бўлиб ўтган учрашувда С.Ибботсон адабий танлов ҳакамларига Ўзбекистон томондан вакил қабул қилинмаслиги, чунки хорижда яшаётган ўзбек миллатига мансуб муҳаррирлар етарли эканини маълум қилди. Бунинг устига, фестиваль дастурида биз истаган Осиё адабий агентлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида музокаралар ўтказиш учун умуман вақт ажратилмаган, бундай тадбир умуман кўзда тутилмаган эди. Янги дастур лойиҳасида “Темурланг” (“Тамерлан”), “Cаҳродаги сарсон ўлик”, “Миграция ва бошпана”, “Қора соялар” сингари баҳсталаб мавзулар жамоатчилигимизнинг эътирозларига сабаб бўлиши мумкинлигини мулоҳаза қилдик. Қолаверса, фестиваль маърузачилари ҳам асосан бизнинг адабий жамоатчилигимиз орасида етарли даражада таниш бўлмаган кишилардан иборат эди. Мисол учун, “Алкимёгар” ва “Молхона” романларини қўшни давлатлардан бирининг тилига таржима қилган мутахассис маърузасига ўрин берилган. Ҳолбуки, бу асарлар ўзбек адабиётига ҳам таржима қилинган, Ўзбекистонда ҳам чет эл адабиётининг сара намуналарини она тилимизга маҳорат билан ўгираётган таниқли таржимонлар бор. Қолаверса, лойиҳада таниқли адиб ва таржимонларимиз бир четда қолиб, айрим ёш таржимонлар биратўла икки-учтадан тадбирларга масъул этиб белгилаб қўйилган. Абдулла Қодирий уй-музейида таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан ўтадиган адабий суҳбат ўрнига бу табаррук масканда концерт дастурини уюштириш ғояси ҳам бизга унчалик манзур бўлмади. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ва Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзонинг ижодий устахонасида ижодий учрашувлар таклифларимиз ҳам инобатсиз қолдирилди.

Лойиҳада Ёзувчилар уюшмаси томонидан маърузачи сифатида таклиф қилинган баъзи номзодларга бутунлай бошқа вазифалар юклатилган. Биргина мисол: филология фанлари номзоди, таниқли адабиётшунос опамиз Чорсу бозоридаги тайёр овқатлар билан савдо қилувчилар растасига уюштириладиган саёҳатга бошчилик қилиш ва “Озиқ-овқат орқали ҳикоя қилиш” мавзусида маъруза ўқиш учун масъул этиб белгиланган...

Бизнинг бу борадаги мулоҳазаларимизга ҳамкорларимиз томонидан қуйидаги мазмунда жавоб берилди: “the programme is the responsibility of the festival committee, not the Union of Writers. If the leadership of the UW has comments and suggestions, we will consider them (as we have done throughout the planning process) but the ultimate decision of which speakers and topics to include rests with the festival director, Samantha” (Таржимаси: дастур учун Ёзувчилар уюшмаси эмас, фестиваль қўмитаси жавоб беради. Агар Уюшма раҳбариятида изоҳ ва таклифлар бўлса, уларни кўриб чиқамиз (режалаштиришнинг бутун жараёнида қилганимиздек), лекин қандай мавзулар ва маърузачиларни киритиш ҳақидаги якуний қарорни фестиваль директори Саманта қабул қилади”.

Хуллас, Ёзувчилар уюшмаси зиммасига асосан фестиваль дирекцияси белгилаган тадбирларни ташкил қилиш, қатнашчиларни меҳмонхона билан таъминлаш, уларнинг овқатланишини, Бухоро шаҳрига саёҳатини таъминлаш, тадбирлар бўлиб ўтадиган жойларни банд қилиш ва бу ишларни молиялаштириш сингари ташкилий вазифалар юклатилиши белгиланган. Агар бу тадбирлар миллий адабиётимиз тарғиботига хизмат қилганида эди, биз шунисига ҳам рози эдик...

Юртимизда ташкил этиладиган адабий фестиваллар имкон қадар ўзбек адабиётини хорижликларга кўпроқ танитишга хизмат қилиши керак. Шу ўринда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси миллий маданиятимиз ва адабиётимизнинг ривожига хизмат қиладиган ҳар қандай эътиборли лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳамиша тайёр эканини эслатиб ўтмоқчимиз.

Ёзувчилар уюшмаси “Буюк ипак йўлидаги адабиёт” фестивалини ўтказишни бутунлай рад этгани йўқ, фақатгина унинг доирасида ўтказилиши таклиф қилинаётган бир қатор тадбирлар бизни қаноатлантирмади. Фестиваль ташаббускорлари билан бу борада бир тўхтамга кела олсак, бирга ишлашга тайёр эканлигимизни алоҳида таъкидлашни истардик.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Ахборот хизмати

👇

https://t.me/fozilfarhod


Report Page