Ҳамкорлик жабҳаларида: ОВОЗИ БОР ЖИЗЗАХНИНГ

Ҳамкорлик жабҳаларида: ОВОЗИ БОР ЖИЗЗАХНИНГ

@SirdaryoSadosi
Пресс-тур иштирокчилари

...Деҳқон бозорида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида оғзини тўлдириб ҳисобот бераётган раҳбарни йиғилиш раиси сўзидан тўхтатди:

– Хабаримиз бор! – деди ҳоким синчков назар ташлаб.   

– Сиз айтинг-чи, “Жиззах овози”нинг кечаси сонида чиққан бозор муаммоларини ўқидингизми?!

Бозорқўм бир лаҳза, нима дейишини билмай, жимиб қолди. У яхши биларди, шаҳар ҳокими бутун шаҳар идораю ташкилотлари раҳбарлари иштирок этадиган мана шунақанги ҳафталик йиғилишларда, одатда шаҳар газетасида танқид қилинган мутасаддини ўрнидан турғазар ва изоҳ талаб қиларди. Мобода ўша раҳбар таъкидланган мақолани ўқимаган бўлса борми, ёш боладай обдон уялтириб ташларди. 

   – Ҳа, ўқидим, – деди бозорқўм шоша-пиша. – Тегишли хулоса чиқариб оламиз.

– Нимадан хулоса чиқарасиз?! Мана, қаранг, мухбирларимиз ҳам чарчашганми, кечаги сонда бозор тўғрисида ҳеч қанақа мақола чиқаришмаган!..

Бозорқўм енгил қутиламан, деб ўйлаганди, оғир тутилди. Кўпчилик орасида ҳали бунақанги изза бўлмагани аниқ...

– Ишонинг, бўлган воқеа! – деди биз билан суҳбатда газета бош муҳаррири Саид Донишев. – Шаҳар ҳокимлиги ўз муассислигидаги “Жиззах овози” газетасини чин маънода ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Ҳақиқатан ҳам газетамизда чоп этилаётган танқидий мақолалар тегишли йиғилишларда мунтазам муҳокама этилиб борилаётир. Дарвоқе, йил бошида 3,5 мингта обуначига эга бўлишимизда ҳокимликнинг ана шундай мадади жуда асқотди, албатта!..

Биз, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари, тўққизта ижодий ходим меҳнат қилаётган таҳририятда бўлиб, йил бошидан буён ҳозиргача газетанинг 30 та, диққат қилинг, саккиз бетли ва рангли, сони чиққанлиги гувоҳи бўлдик. 

Бир гап. Газеталарда шаҳар ҳокими сурати ва исми-шарифи таъкидини базўр топдик. Ҳар сонда қайд этилавермас экан-да! Масалан, шу йил 5 август куни чоп этилган сонда “Ҳамкорликнинг янги уфқлари” деган мақола “Шаҳар ҳокими бошчилигидаги делегация “Ақлли шаҳар” лойиҳаси доирасида Россия Федерациясининг Уфа шаҳрида бўлиб қайтди...” деган жумла билан бошланган, кўпдан кўп муҳим учрашувлар ёзилган, лекин бош муассис исми-шарифи ёритилмаган. Ибратли бу!..

Газетага нафақат шаҳар ҳокимлиги, балки халқ депутатлари шаҳар кенгаши ҳам муассис эканлиги эътиборимизни тортди. Газета тахламларини кузатиб, кўп депутатларнинг долзарб мавзуларда чиқишлар қилишаётгани бежиз эмаслигини англадик. Аҳамиятлиси, нафақат маҳаллий депутатлар... Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза Ниғматованинг “Иқтисодий барқарорлик асоси” номли таҳлилий мақоласи газетхонларга маъқул бўлган, деб бемалол айтиш мумкин.

“Доноларнинг шундай ҳикмати бор, агар мамлакат 1 йил ривожланаман деса — буғдой эксин, агар мамлакат 10 йил ривожланаман деса — дарахт эксин, агар мамлакат 100 йил равнақ топаман деса — ўз ёшларини ўстирсин”.   

Мана шундай иборалар ила ёритилган “Илму маърифатли ёшлар – юрт таянчи” сарлавҳали мақолада Жиззах политехника институти биринчи проректори Санобар Эшбокова ҳам аниқ мисоллар билан газетхонларни мулоқотга чорлаган. Газета ижодий ходимлари – Гавҳар Сайдуллаеванинг “Совға”: Пора ҳақиқатни ўзгартиради”, Шаҳноза Мансурованинг “Жамиятни кемирувчи иллат” номли мақолаларларида коррупциянинг жирканч башаралари очиб ташланганлигини, коррупцияга қарши курашда ҳар бир масъул ходим аввало ўзи намуна бўлиши зарурлиги таъкидланганлигини кўриш мумкин. “Уловидан тушови қиммат”, “Йўл – кўл” каби кўплаб танқидий мақолаларда аниқ нишонга урилгани уларга тезкор ижобий жавоблардан ҳам билса бўлади.

“Жиззах овози”нинг шаҳарда ўзига хос мавқега эгалигини мазкур ижодий жамоа кўплаб маънафий-маърифий тадбирларга бош-қош бўлаётганидан ҳам аниқ англаса бўлади. Жумладан, айнан “Жиззах овози” газетаси таҳририяти билан “Жиззах жамоли” кўрик-танлови ташкил этилди ва эсда қоларли тарзда мазмунли ўтказилди.

Модомики, 1932 йилдан буён чоп этилиб келинаётган мазкур отахон газета ўта бой тарихга эга. Айниқса, унинг ташкил этилишида оташин шоир, ўша кезда Самарқанд шаҳридаги “Зарафшон” газетасида фаолият юритган Ҳамид Олимжоннинг хизматлари беқиёс, шунингдек, давлат арбоби Шароф Рашидов айнан шу газетада илк ижодий қадамларини ташлаганлиги аҳамиятли. Икки қаватли алоҳида бинода жойлашган таҳририят кенг залида ташкил этилган мўъжаз музейда газетанинг 90 йиллик тарихи яққол намоён бўлиб турибди. Бинобарин юзлаб эскспонатлар -фотосуратлару газетанинг эски нусхалари ушбу даргоҳда жуда кўплаб ажойиб инсонлар, маҳоратли журналистлар ишлаганлигини акс эттириб туришибди.

Алоҳал, биз моҳир журналист Саид Донишев бошчилигидаги “Жиззах овози” газетаси шиддатли давримизга ҳамоҳанг равишда, энг муҳими, ибратли анъаналарга содиқ қолган ҳолда, фидокорона фаолият кўрсатмоқдалар, деб баралла айта оламиз. Зеро, устозимиз Бойжигит Абдуллаев шоирона таъкидлаганидек,


Ҳар кун янгилик куйлар,
Шўх сози бор Жиззахнинг.
Ўзига хос нуфузи,
Овози бор Жиззахнинг.


Суюн Намозов,
Сардоба тумани “Шарафли йўл” рўзномаси бош муҳаррири

Report Page