Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Buxoro.uz

Аввал хабар берганимиздек, 19-26 декабрь кунлари Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи амалга оширилди.

Делегация таркибида бўлиб қайтган Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов ташриф доирасида Ямагата префектураси губернатори Миэко Ёшимура хоним билан расмий учрашувда иштирок этди.

Учрашув аввалида Ботир Аҳмедов мамлакатимизда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги таркибий ўзгаришлар мазмун-моҳияти, мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари, республиканинг, хусусан, Бухоро вилоятининг туризм ва сармоявий салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Япония халқлари ўртасидаги чуқур тарихий ва маданий алоқалар, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги даражаси хусусида ўзаро фикр алмашилди.

Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги, жумладан, “Яшил энергия”, “тежамкор менежмент”, инновацион ривожланиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишларида ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Миэко Ёшимура Ўзбекистоннинг туризм ва агросаноат салоҳиятини ривожлантиришда ҳамкорликка тайёрлигини, бунда япон тажрибасини қўллаш орқали юқори натижаларга эришиш мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, у икки мамлакат илмий, таълим ва академик доиралари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганини ижобий баҳолади. Япония тадқиқот ва таълим доиралари Ўзбекистон томони билан бу борадаги ҳамкорликни амалий жиҳатдан янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини қайд этди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ямагата префектураси Хонсю оролидаги Тохоку ҳудудида жойлашган. Майдони - 9323,46 км², аҳолиси - 1 миллион кишидан ортиқ (2023 йил 1 август ҳолатига).

Ҳудуд иқтисодиётининг етакчи тармоқлари қишлоқ хўжалиги ва туризм ҳисобланади. Хусусан, префектура гилос ва нок етиштириш бўйича мамлакатда биринчи ўринда туради. Шунингдек, бу ерда узум, олма, шафтоли, қовун, хурмо ва тарвуз ва бошқа мевалар етиштирилади.

Префектуранинг маъмурий марказида "Зао" тоғ-чанғи курорт мажмуаси мавжуд бўлиб, у ўзининг спорт қор ёнбағирлари ва кратер кўли билан ҳам машҳур.

Миэко Ёшимура 2009 йил январь ойида префектура губернатори этиб сайланган. У илгари реклама компаниясида ва Ямагата шаҳар ҳокимиятида нотариус бўлиб ишлаган. Кейинчалик префектура таълим қўмитасининг аъзоси сифатида фаолият кўрсатган. У Ямагата штатининг биринчи ва Япония тарихидаги олтинчи аёл губернатор ҳисобланади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page