Ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди
Тошкент вилояти ҳокимлигида бир гуруҳ дипломатик корпус вакиллари иштирокида хорижий давлатлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши кўзда тутилаётган инвестицион лойиҳалар истиқболлари юзасидан онлайн-видеоконференция ташкиллаштирилди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Абдусаломов, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистоннинг Беларусь Республикасидаги элчихонаси вакиллари ҳамда Беларусиянинг жаҳон бозорида ўз брендига эга “Здравушка милк” компанияси вакиллари иштирок этди.
ZOOM платформаси орқали ташкил этилган ушбу видеоконференция аввалида ҳар иккала давлат вакиллари яқиндан танишиб, самимий суҳбат олиб боришди. Шундан сўнг, уч томонлама шерикликнинг кенг кўламли масалалари ҳамда инвестицион лойиҳаларни фаоллаштириш истиқболлари ҳақида сўз борди. Видеоконференция давомида шунингдек, пандемия ва шу каби сабаблар туфайли тўхтаб турган инвестицион лойиҳалар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Маълумки, Тошкент вилояти ҳудудида франциялик инвесторлар ҳамда Беларусиянинг “Здравушка милк” компанияси бренди остида ҳамкорлик асосида инвестицион лойиҳа ишлаб чиқилиб, унда чорва моллари комплекси бунёд этилиши кўзда тутилган эди. Ушбу қўшма корхона ишга тушгач, мазкур комплексда боқиладиган зотдор чорва молларидан соғиб олинган сут юқори стандартга эга, замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, ундан юқори сифатли сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Онлайн-мулоқотда пандемия ва шу каби сабаблар туфайли тўхтаб турган самарали инвестицион лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Видеоконференция орқали ўтказилган ушбу музокаралар чоғида мазкур давлатлар ўртасида шериклик асосида ҳамкорликда амалга ошириладиган инвестицион лойиҳалар муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, келишувларнинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши катта аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.