Ҳакамлик суди низони бир тарафнинг аризаси асосида кўриб чиқиши мумкинми?

Ҳакамлик суди низони бир тарафнинг аризаси асосида кўриб чиқиши мумкинми?

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Сўнгги вақтларда Адлия вазирлигига фуқаролардан кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш бўйича харажатларни қоплаш бўйича фақатгина кўп квартирали уйни бошқарувчи ташкилотнинг ёки уй-жой мулкдорларининг ширкати аризаси асосида ҳакамлик судининг қарори чиқарилишидан норозилиги ҳақидаги мурожаатлар келиб тушмоқда.

Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб қонун ҳужжатларда фуқароларимизнинг айрим ҳуқуқларини эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.

Ўзи ҳакамлик суди нима? “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунга асосан ҳакамлик суди фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этувчи нодавлат орган ҳисобланади.

Ҳакамлик судлари маъмурий, оила ва меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа низоларни ҳал этмайди.

Мазкур Қонуннинг 11-моддасига асосан ҳакамлик битими (ҳакамлик судига ҳал қилиш учун топшириш ҳақидаги ёзма шаклда тузиладиган келишув) мавжуд бўлган тақдирдагина низо ҳакамлик судининг ҳал қилувига топширилиши мумкин.

Шунингдек, мазкур Қонунга кўра ҳакамлик судьяси — ҳакамлик судида низони ҳал этиш учун ҳакамлик битими тарафлари томонидан сайланган ёки белгиланган тартибда тайинланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланади.

Яъни, тарафларнинг ҳакамлик битимисиз ва улар томонидан сайланмаган (тайинланмаган) ҳакамлик судьяси томонидан фақатгина бир тарафнинг аризаси асосида низони кўриб чиқиши, иккинчи тарафни (жавобгарни) чақирув қоғози орқали чақиртириб, ҳакамлик битимини мажбурий имзолатиш талабини қўйиш қонунга зид ҳисобланади.

Юқоридаги талабларга риоя этилмаган ҳолда ҳакамлик битими тузилган тақдирда, ушбу битим ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Бу эса ўз навбатида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ваколатли суд томонидан бекор қилишга асос бўлувчи сабаблардан бири ҳисобланади.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

 

 


Report Page