Ҳайит арафасида Тошкент влиояти ҳокими Рустам Холматов эҳтиёжманд оилага уй-жой берди. Қуйи Чирчиқда аҳолига ер тарқатилди 

Ҳайит арафасида Тошкент влиояти ҳокими Рустам Холматов эҳтиёжманд оилага уй-жой берди. Қуйи Чирчиқда аҳолига ер тарқатилди 


Рамазон ҳайити арафасида ҳар бир мусулмон киши савоб амаллар қилиши, кўнгли ярим инсонлар ҳолидан хабар олиши ҳам фарз, ҳам қарздир. Юртимизда ҳам кўпчилик ана шундай савобли ишларни амалга ошириш мақсадида кўнгли ярим инсонларнинг уйларига бориб, ҳол-аҳвол сўрашмоқда. 

Хусусан, вилоятнинг 22 та шаҳар ва туманидаги 88 та сектор раҳбарлари, ҳомийлар ва тадбиркорлар ўз ҳудудидагига эҳтиёжманд оилаларнинг уйига бориб, совға-саломлар улашди. Рустам Холматов Нурафшон шаҳри, Ўрта Чирчиқ, Оққўрғон туманидаги кексалар, эҳтиёжманд инсонлар ҳузурида бўлиб, самимий суҳбатлашди. Уларга вилоят ҳокимининг эсдалик совғалари, 2 миллион сўмдан моддий ёрдам ва бошқа қимматбаҳо совғалари улашилди.

Ўрта Чирчиқ туманинг “Ўртаовул” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ҳамдўстлик кўчаси 56-уйда яшовчи Илёсовлар хонадони. Хонадон бекаси Арабгул ая узоқ йиллардан бери касаллик билан курашиб келади. Тақдирни қарангки, бу онахоннинг фарзанди ва келини ҳам бугун оғир дарддан азият чекиб, муолажа олишмоқда. Рустам Холматов уларга ҳайитлик улашар экан, мулоқот давомида бу хонадонга келгусида ҳам зарур ёрдам кўрсатиш, аянинг фарзанди ва набиралари учун муносиб ҳаёт тарзини таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.    


Нурафшон шаҳрида истиқомат қилувчи Зуҳра Дадаева анча олдин турмушидан ажралиб, фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаб келаётган эди. Айни пайтда танишларидан бирининг уйида вақтинча ижрада туради. Вилоят ҳокими билан мулоқот чоғида у айни вақтда уй-жойга муҳтожлигини билдирди. Яқин кунларда Зуҳра аяга Нурафшон шаҳридан янги уй-жой ажратиладиган бўлди.  

Кейинги манзил – Оққўрғон тумани “Зарбдор” маҳалла фуқаролар йиғини. Мазкур маҳаллада кетма-кет тақдир зарбаларига дучор бўлган, машъум фалокат туфайли ота-онасидан айрилиб, уч синглисини бир ўзи катта қилаётган фариштадек бир қиз яшайди. Бирин-кетин вояга етаётган, нигоҳлари масъум бу қизларни вилоят ҳокимлиги оталиққа олган. Яқинда ўтказилган "Минг оилага – минг туҳфа" акцияси доирасида қизларнинг оғзи оқликка етди – бу хонадонга соғин сигир туҳфа қилинган эди.

Мулоқот чоғида вилоят ҳокими қизларнинг келгуси ҳаёти, ўқиш ва ишлари бўйича фикр алмашди. Бири доктор, бири биолог бўлишга ҳавасманд ёшлар ўз режа-мақсадларини гапириб беришди. Вилоят ҳокими, ўз навбатида, қизларнинг Тошкент шаҳридаги текстиль корхоналаридан бирида ишлаб келаётган катта опаси иш жойини яқинда Оққўрғон туманида иш бошлаган текстиль корхонага кўчириш, унга маълум енгилликлар бериш бўйича таклиф билдирди. 


Шу куни Рустам Холматов туманнинг “Ҳамид Олимжон” фуқаролар йиғини Фидойи кўчасида кўчасида истиқомат қиладиган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси – 100 ёшдан ошган Файзулла Нурматов хонадонида ҳам бўлди. Жуда катта ҳаёт ва амалиёт тажрибасига эга бўлган Файзулла бобо суҳбат чоғида юртнинг бу кунлардаги аҳиллиги, синовлар қаршисида мардонавор жипслашганини ҳайрат ва ҳаяжон билан айтар экан, ёшлик йиллари, умр ҳикматларидан сўзлади. 

Умуман, улуғ айём арафасида Рустам Холматов яна кўплаб юртдошларимиз хонадонида бўлиб, уларни муборак байрам билан қутлади ҳамда ўз совғаларини топширди.

Бугунги кунда ижтимоий ҳимояга мухтож, турмуш шароити оғир, ишсиз аҳоли орасида камбағалликни олдини олиш ва ҳозирда вақтинча ишсиз бўлган аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар бандлигини таъминлаш энг устивор вазифадир. Муборак рамазон ҳайити арафасида Қуйи Чирчиқ туманида умумий майдони 462 гектар ер майдони ана шундай оилаларга бўлиб берилди. Натижада, 292 нафар оила, шунингдек, 170 нафар вақтинча ишсиз ёшлар даромад топиш, рўзғорга барака киритиш бўйича қўшимча имкониятга эга бўлишди.

Рустам Холматов,

Тошкент вилояти ҳокими:

– Мазкур акцияга айнан муборак кунларда, улуғ айём арафасида старт берилганида ҳам катта ҳикмат бор, аслида. Муҳтарам Юртбошимизнинг топшириқларига биноан, биз ижро органи вакиллари учун бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқишига ёрдам қўлишни чўзиш – энг муҳим масала. Ҳеч қандай мажбуриятларсиз, ердан текин фойдаланиш шарти билан берилаётган бу майдонларда қанча кўп сердаромад экинлар экиб, халқимиз бой, ўзига тўқ бўлса, акция ўз миссиясини бажарган бўлади. Ердан самарали фойдаланган, ишнинг кўзини биладиган аҳоли вакиллари, ёшлар учун бу – бир имконият. Агарда улар ер билан тиллаша олсалар, келгуси йилларда ҳам кооперация шаклида ёки бошқа ташкилий-ҳуқуқий кўринишда ерларни уларнинг ўзида қолдирамиз.

Туманнинг Беруний, Сергели, Сурум қишлоқлари ҳудудида жойлашган бу ерларда шоли, дуккакли экинлар ва полиз маҳсулотлари экилади. Эҳтиёжмандларга ер майдонини бўлишда адолатли ёндашув таъминланиши учун Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази вакиллари, маҳалла фаоллари, сектор раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.  

Пировардида, бугун Тошкент вилоятининг ҳар бир ҳудудида саховат эзгулик, янги ташаббуслар, Президентимизнинг халқчил ислоҳотларидан туғилган олийжаноб ғоялар амал қилмоқда. Энг муҳими, халқимиз бир тану бир жон бўлиб, янги Ўзбекистонни қуриш йўлида жидду жаҳд билан ҳаракат қилмоқда.


Тошкент вилояти ҳокими Ахборот хизмати

Report Page