Ҳақорат қилганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Ҳақорат қилганлик учун қандай жавобгарлик бор?


Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси
41-моддасига кўра ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Худди шундай ҳуқуқбузарлик шахс жавобгарликка тортилганидан сўнг бир йил давомида қайта содир этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддасига кўра ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси билан жазолашга сабаб бўлади.

Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш билан содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолашга сабаб бўлади.

 

Ҳақорат қилиш:

 

а) жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда;

б) хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш билан жазолашга сабаб бўлади.

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 595-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”га кўра раҳбарлар қуйидагиларга мажбур:

·    бўйсунувидаги давлат хизматчиларига профессионализм, ҳалоллик, холислик ва адолатлиликда ўрнак бўлиш;

·    жамоада соғлом маънавий муҳит ва ишчан кайфиятни шакллантириш;

·    давлат хизматчиларини қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундамаслик ҳамда улардан бундай ҳаракатларни бажаришни талаб қилмаслик;

·    кадрларни маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш, тайинлаш ёки тавсия этишга йўл қўймаслик;

·    давлат хизматчиларининг фаолиятига баҳо беришда қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиш;

·    давлат хизматчилари томонидан коррупция ва бошқа суиистеъмолчиликлар содир этилишининг олдини олиш чораларини кўриш;

·    бўйсунувидаги давлат хизматчиларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

 
Раҳбарлар бўйсунувидаги давлат хизматчиларига қўпол муомалада бўлиши, ҳақорат қилиши, шахсиятига тегиши, уларга асоссиз танбеҳ бериши ёки айблаши ҳамда камситиши мумкин эмас.


Report Page