«ҲУДУДГАЗТАЪМИНОТ» АЖНИНГ РАСМИЙ ХАБАРНОМАСИ

«ҲУДУДГАЗТАЪМИНОТ» АЖНИНГ РАСМИЙ ХАБАРНОМАСИ


Жорий йилнинг 12 апрель куни эрталаб чамаси 07:20 лар атрофида Самарқанд вилояти Каттакўрғон шаҳридаги икки қаватли турар-жой биноларидан бирида ҳаво-газ аралашмаси натижасида чақнаш содир бўлди. 

Ушбу ҳолатни ўрганиш бўйича зудлик билан «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ бош директори Холмурод Бобомуродов бошчилигида мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ўрганиш давомида қуйидагилар аниқланди.

Чақнаш содир бўлган ушбу икки қаватли, ертўласиз ҳамда иккита кириш йўлагига эга турар жой биноси 1960 йилда қурилган ва газ таъминотига уланган. Хонадонларда газ плиталари мавжуд, аммо, иситиш тизими мавжуд эмас.

«Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ мутахассисларининг ўрганиш бўйича хулосаларига кўра, чақнаш содир бўлган хонадонда “Брест” маркали тўрт кампараклик (кўзли) газ плитаси барча техник талабларга жавоб берган, хонадондаги газ қувурлари ҳам соз ҳолатда бўлганлиги аниқланди. 

Содир бўлган ҳодисага эса газ жиҳозларидан фойдаланишдаги эҳтиётсизлик сабаб бўлган. Хонадон эгалари газ плитасига чойнакда сув қўйиб, ошхонани тарк этганлар. Сув қайнагач, хонадон эгалари томонидан ўз вақтида ўчирилмаганлиги сабабли, қайнаётган сув тошиб, оловни ўчирган. Газ сизиб чиқишининг давом этиши натижасида, ошхонада хавфли ҳаво-газ аралашмаси тўпланган. Хонадон эгаси хонани шамоллатмасдан туриб, гугурт ёқиб юборган ва чақнаш содир бўлган. Натижада эса хонадонда яшовчи уч нафар фуқаро ҳалок бўлган, тўрт нафари эса турли даражадаги тан жароҳатларини олган. 

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ мамлакатимизнинг барча фуқароларидан кундалик ҳаётда газ ва газ жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилишлари зарурлиги ҳақида огоҳлантиради. Газ жиҳозларининг тозалиги ва барқарор ишлаши, ошхонадаги мўрикон ва ҳаво айлантирувчи вентиляцион каналларни доимий равишда назорат қилиб бориш, газ плиталарини устини бегона нарсалар билан ёпмаслик, ёниқ газ жиҳозларини эса қаровсиз қолдирмасликни эслатиб ўтади. 

Мамлакатимизда ҳукм сураётган карантин даврида ҳам «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг республикамиздаги барча ҳудудий бўлимлари одатдагидек ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Ҳурматли истеъмолчилар, агар қишлоқ, маҳалла, кўча ва хонадонингизда газ сизиб чиқиш ҳолати ёки бошқа носозликларни аниқласангиз, зудлик билан 104 рақами орқали авария-диспетчерлик хизматига, шунингдек, 1104 ёки (71) 200-08-04 рақамлари орқали бизга хабар беринг.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати

Report Page