"ҲУДУДГАЗТАЪМИНОТ" АЖ ТОМОНИДАН ГАЗ ҲИСОБЛАГИЧЛАРНИ ЎРНАТИШ ЖАРАЁНИДА НОҚОНУНИЙ ПУЛ ТАЛАБ ҚИЛИШ ҲОЛАТЛАРИНИНГ ОЛДИ ОЛИНДИ

"ҲУДУДГАЗТАЪМИНОТ" АЖ ТОМОНИДАН ГАЗ ҲИСОБЛАГИЧЛАРНИ ЎРНАТИШ ЖАРАЁНИДА НОҚОНУНИЙ ПУЛ ТАЛАБ ҚИЛИШ ҲОЛАТЛАРИНИНГ ОЛДИ ОЛИНДИ


"Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг Коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бошқармаси ва "Ҳудудгаз Тошкент" газ таъминоти филиалининг Коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўлими ходимлари, Тошкент вилоятининг баъзи маҳаллалари аҳолисидан янги турдаги газ ҳисоблагичларни ўрнатиш учун маблағ ундирилаётгани ҳақида огоҳлантирилдилар.

Хусусан, "Ҳудудгазтаъминот" АЖга жорий йилнинг 17 август куни истеъмолчилар тарафидан, “ақлли” газ ҳисоблагичларни ўрнатишда кўрсатилган хизматлар учун ноқонуний ҳақ тўлашни талаб қилган ҳудудий бўлинмаларнинг ходимлари ҳақида мурожаатлар келиб тушди.

Зудлик билан ҳолатни жойида текшириш ишлари ташкил этилди ва бу хабарлар ўз тасдиғини топди. "Зангиотатумангаз" газ таъминоти бўлими ишчилари А.Юсуфхўжаев ва Р.Хусомиддиновлар, Янгийўл тумани "Темир йўл" маҳалласи "Истиқлол" кўчасидаги аҳолидан қонунни бузган ҳолда, 150 минг сўмдан пул ундиришга уринишгани аниқланди. "Ҳудудгазтаъминот" АЖ тизими ходимлари ва "Ҳудудгаз Тошкент" ҳудудий филиали раҳбарининг ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатлари туфайли ҳуқуқбузарларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бартараф этилди. Маҳалла аҳолисининг ўринли шикоятлари қонун доирасида қондирилди. "Зангиотатумангаз" ишчилари А.Юсуфхўжаев ва Р.Хусомиддиновга нисбатан хизмат текшируви тайинланди.

Ҳудди шундай воқеа Тошкент вилояти, "Назарбек" маҳалласи "Тарнов" кўчасида ҳам содир бўлганлиги аниқланди. "Зангиотатумангаз" ходими С.Қобилов "ақлли" газ ҳисоблагичларни ўрнатиб бериш учун аҳолидан 100 000 сўмдан олишга ҳаракат қилган. Унинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳам зудлик билан даф этилди.

2020 йил 18 август куни "Зангиотатумангаз" бўлимида мазкур коррупция ҳолатлари содир бўлишининг сабаб ва шароитларини батафсил ўрганиш орқали профилактик тадбир ўтказилди. Олиб борилган хизмат текшируви натижалари бўйича "Зангиотатумангаз" раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи С.Ходжаев, кадрлар бўлими бошлиғи З.Мухамеджанова, бўлим ходимлар С.Қобилов, А.Юсуфходжаев ва Р.Хусомиддиновларни ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ яна бир бор, янги турдаги "ақлли" газ ҳисоблагичларини барча зарур эҳтиёт қисмлари (фильтрлар, ташқи қутилар ва ҳ.) билан ўрнатиш газ таъминоти ташкилотларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини эслатиб ўтади.

Газ таъминоти тизими ходимлари томонидан юқоридаги каби ноқонуний пул ундириш ҳолат ва уринишларга дуч келсангиз ёки гувоҳи бўлсангиз дарҳол 1104, 71 200-08-04 телефонлари, шунингдек, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ "Facebook" ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида ва "Газ таъминоти муаммолари ва уларнинг ечимлари" гуруҳи орқали хабар беришингиз сўралади.


КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БАРЧАМИЗНИНГ ФУҚАРОЛИК ВА ИНСОНИЙЛИК БУРЧИМИЗДИР!

 

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати

 




Report Page