"ҲУДУДГАЗТАЪМИНОТ" АЖ РАСМИЙ ХАБАРИ
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизматиКуз-қиш мавсумига тайёргарликни олиб бориш мақсадида "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан газ таъминоти тизимини модернизация қилиш, газ тақсимлаш пунктлари ва газ тармоқларини таъмирлаш ишлари сезиларли даражада амалга оширилмоқда.
Шунингдек, йилига бир марта ҳовли уйлар, икки йилда бир марта эса кўп қаватли уйларнинг уй ичи газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Газ жиҳозларини куз-қиш мавсумига тайёргарлик даврида фуқаролар нималарга эътибор қаратишлари лозим?
- газ жиҳозларининг тўғри ишлаётганлигига ишонч ҳосил қилишга;
- улардан тўғри фойдаланиш бўйича соҳа мутахассисларидан кўрсатмалар олишга;
- газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш орқали ортиқча газ ҳисобини текширишга;
- дудбуронлар диагностикаси ва текширувини амалга оширишга;
- иситиш қозонларининг ҳарорат кўрсаткичини тўғри созлашга;
- канализация тармоқларининг созлигига, нохуш ҳидлар, шу жумладан, метан йўқлигига ишонч ҳосил қилишга;
- газ жиҳозларини газ лойиҳасига биноан ўрнатишга;
- газ жиҳозлари ўрнатилган ва ишлатиладиган хонада ҳаво кириши учун камида 20 квадрат сантиметр ҳажмида тешик қолдиришга;
- газ ишлатиладиган хонадан дам олиш ва ухлаш учун мўлжалланган нарсаларни олиб ташлашга;
- газ тўпланишини ўз вақтида аниқлаш учун чироқ ёндиргични хонанинг ички қисмига ўрнатишга.
Истеъмолчилар учун бу ҳақидаги батафсил маълумотлар Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарори билан тасдиқланган "Табиий газдан фойдаланиш қоидалари"да белгилаб берилган.
"Ҳудудгазтаъминот" АЖ газ таъминоти тизими хавфли соҳа эканлиги учун доимий эътиборни талаб этади ва шу мақсадда профилактик, техник кўрикнинг ўтказилиши лозимлигини эслатиб ўтади.
Агар уй эгалари бу кўрсатмаларга бефарқ бўлса, улар ўз оила аъзолари ва ён атрофдагиларининг ҳаётини, қолаверса, хонадонлар, уйларни хавф остига қўйган бўлади.
Газ жиҳозларига техник, профилактик хизмат кўрсатилиши учун истеъмолчилар 104 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб ёки туман газ таъминоти бўлими орқали ўз аризаларини қолдиришлари мумкин.