“ҲУДУДГАЗТАЪМИНОТ” АЖ МАТБУОТ ХИЗМАТИНИНГ РАСМИЙ ХАБАРИ

“ҲУДУДГАЗТАЪМИНОТ” АЖ МАТБУОТ ХИЗМАТИНИНГ РАСМИЙ ХАБАРИ


Куз-қиш ва иситиш мавсумининг бошланиши билан, оммавий ахборот воситалари, хусусан, ижтимоий тармоқларда газ таъминоти билан боғлиқ хабарлар ҳамда аҳоли мурожаатлари сони янада кўпаймоқда. Бу табиий, чунки йиллар давомида йиғилиб қолган тармоқдаги муаммолар айнан мана шу мавсумда ўз инъикосини кўрсатиб, халқимиз норозилигига сабаб бўлади. Жорий йилнинг июль ойида ҳукумат томонидан, энергия манбаларидан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолига уларни бир маромда етказиб бериш соҳасини буткул ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган қарорлар, бекор эмаслигини ўтган 4 ой ичида, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан амалга оширилган ишлар мисолида кўришимиз мумкин.

Энг аввало, газ истеъмолчилари ва аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳал этишдаги энг асосий омил деб қаралди.

Шу мақсадда, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан акциядорлик жамияти ҳамда уни қуйи тизими бўлинмалари мутахассислар билан истеъмолчилар ўртасида тенг ва самарали алоқаларни йўлга қўйиш имкониятини яратиш учун “Facebook” ижтимоий тармоғида “Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари” гуруҳи ташкил этилди. Айни вақтда гуруҳ аъзоларининг сони 1700 га яқин кишини ташкил этмоқда.

Аҳоли томонидан билдирилаётган норозилик, савол ва мавжуд камчиликларга тезкор жавоб бериш ва уларни ҳал этиш мақсадида гуруҳга “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамда акциядорлик жамиятининг жойлардаги ижро этувчи органлари мутахассислари жалб этилди. Мурожаатларнинг аксарияти, газ босимининг пастлиги, олис ҳудудларга суюлтирилган газ етказиб бериш ва сотиш тартиби, газ ҳисоблагичларга техник ҳизмат кўрсатиш, ҳусусий турар жойларни газ таъминотига улаш ва узиш ҳамда бошқа масалалар юзасидан берилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, мазкур гуруҳ ташкил этилгандан сўнг ўз самарасини бериб, кўп сонли мурожаатчиларнинг муаммолари ижобий ҳал этилаётгани қувонарли бўлсада, аммо соҳада амалга оширилиши ва ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар талайгина.

Аҳамиятлиси, аҳоли ўз мурожаатларини турли телеграм каналлар, “Facebook” ижтимоий тармоғидаги гуруҳлар, босма ва интернет нашриётлар орқали ҳам юборишмоқда. Ҳар бир мурожаат бўйича, ҳолат ўрганилиб тегишли чоралар кўрилмоқда ва ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолаётгани йўқ.   

Мисол учун, “Тўрткўлнома” газетасида, Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл тумани марказидаги “Тинчлик” МФЙ, “Тинчлик” кўчасида табиий газ йўқлиги юзасидан танқидий мақола 2019 йил 18 октябрь куни эълон қилинган эди. Мақолада кўтарилган муаммо ўрганилганда, 2019 йилнинг октябрь ойида иситиш мавсумига ўтиш даврида газ тақсимлаш қурилмаларида режим-созлаш ишлари олиб борилган бўлиб, табиий газнинг бир маромда таъминланишида муаммолар келиб чиққанлиги аниқланди. Бугунги кунга келиб, барча созлаш ишлари тугатилган ва мазкур ҳудудда газ таъминоти билан боғлиқ муаммо мавжуд эмас.

Яна бир хабар, uzmetronom.com интернет нашри орқали 2019 йил 5 ноябрь куни эълон қилинган бўлиб, Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани “Барданкўл” посёлкасида истиқомат қилувчи аҳоли, газ таъминотидаги доимий узилишлар ва газ босимининг пастлигидан шикоят қилишган. Муаммони ўрганиш учун “Ҳудудгаз Тошкент” МЧЖ мутасаддилари ва мазкур МФЙ раиси билан хонадонлар бирма-бир кўздан кечирилиб, 200-250 мм.сув.уст.даги ГТШдан (ГРП) чиқаётган газ, ўрнатилган меъёр доирасида эканлиги аниқланди.

 Шунингдек, 2019 йил 13 ноябрь куни “t.me/namanganliklar” телеграм каналига, Навоий вилояти, Хатирчи туманида автомашиналарга сотиладиган газ нархи 3200 сўмга чиқиб кетгани, нарх-наво билан раҳбарлар қизиқмаётгани ҳақида хабар тарқатилган эди. “Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ томонидан, автомобилларга газ тўлдириш шахобчаларида сотилувчи газ нархини белгилаб бериш ваколати йўқлиги ва маълумот ўрнида Навоий вилояти, Хатирчи туманидаги автомобилларга газ тўлдириш шахобчаларида 1м3  газ (метан) 2400 сўм нархда сотилаётганлиги ҳақида мурожаатчиларга маълум қилган.

2019 йил 31 октябрь куни “t.me/oltin_voha” телеграм каналига, Оҳангарон тумани “Ёнариқ” қишлоғи ҳудудидан ўтган катта йўлдаги газ қувури таянчини авария ҳолати ҳақида шикоят қолдирилган эди. “Оҳангаронтумангаз” филиали ходимлари томонидан жойига чиқиб ҳолат ўрганилганда, ҳақиқатдан Оҳангарон тумани “Ёнариқ” МФЙ “Нурафшон” кўчасидаги ер усти қувуриниинг таян устуни таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлиги аниқланган ва таянч устун жорий таъмирланди.

Яна бир мурожаат, “t.me/xalqlive” телеграм канали орқали Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманида яшовчи фуқародан келиб тушган. Хусусан , Ўзбекистон ва Бағдод туманларида бошқа энергия манбалари билан бирга газ таъминотидаги муаммолар ҳақида айтилган. Мурожаатчи ўзи ҳақида маълумот қолдирмаган, тумандаги айнан қайси МФЙда истиқомат қилиши ҳам номаълумлигича қолган. Лекин, шунга қарамай мазкур ҳолат бўйича, “Ҳудудгаз Фарғона” МЧЖ юқорида зикр этилган туманлардаги газ таъминоти бўйича қуйидагиларни маълум қилди. Айни вақтда, Ўзбекистон туманида 48 мингга яқин аҳоли хонадаонлари мавжуд. Шундан, 14 мингдан зиёд хонадон табиий газ ва 34 мингга яқин хонадон суюлтирилган газ билан таъминланган. Бағдод туманида ҳам 42 мингга яқин аҳоли хонадонлари мавжуд бўлиб, шундан, 3,5 мингтаси табиий ва 38,5 мингга яқини суюлтирилган газ билан таъминланган. Ҳудудларда куз-қиш мавсумида газ етказиб беришни бир маромда ишлашини таъъминлашш мақсадида, жами 22 км. га яқин газ қувурлари ҳаво босими ёрдамида тозаланди, мавжуд 525 та ГТШ (ГРП) тафтишддан ўтказилди. Суюлтирилган газ баллонлари ҳам фуқароларга режага асосан, ўз вақтида етказиб берилмоқда.

“Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Халқ назорати-Народный контроль” гуруҳида, фуқаро Баҳодир Жабборов ўзи яшовчи Сариосиё тумани “Тортувли” маҳалласида газ таъминотида мунтазам равишда узилишлар бўлаётганини танқид қилган. “Ҳудудгаз Сурхондарё” МЧЖ томонидан ҳолат ўрганилганда, жорий йил октябрь ойида иситиш мавсумига ўтиш даврида газ тақсимлаш қурилмаларида режали таъмирлаш ва созлаш ишлари олиб борилганганлиги сабабли, бироз муддат табиий газнинг бир маромда таъминланишида муаммолар келиб чиққанлиги аниқланди. Бугунги кунга келиб, барча ишлар тугатилган ва мазкур ҳудудда газ таъминоти бир маромда олиб борилмоқда.

“Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Халқ фикри-Мнение народа” гуруҳида, Наманган вилояти, Янгиқўрғон тумани, “Нанай” ҚФЙ ҳудудида яшовчи хонадонларга табиий газ берилмаётганлиги бўйича мурожаат қолдирилган. “Ҳудудгаз Наманган” МЧЖ мутахассислари томонидан, мазкур масала ўрганилди. Унга кўра, “Нанай” ҚФЙдаги хонадонлар табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудуд ҳисоблангани учун, доимий бир меъёрда газ етказиб беришнинг техник имконияти йўқлиги сабабли, ҳукуматнинг тегишли қарорлари асосида газ таъминоти қониқарсиз ҳисобланган ҳудудлардаги хонадонлар табиий газдан узилиб, босқичма-босқич суюлтирилган газдан фойдаланишга ўтиш кўрсатилган. Шу сабабли, мурожаатда кўтарилган масала бўйича, ушбу ҳудудни қайта газ тармоғига улаш имконияти йўқ. Ўз навбатида, “Янгиқўрғонтумангаз” филиали томонидан шартнома асосида ҳар бир хўжаликка 1 донадан суюлтирилган маиший газ баллони тарқатилган ва график асосида бир маромда суюлтирилган газ билан таъминланмоқда.  

Шунингдек, Жамиятнинг Бошқарув раиси ташаббуси билан очилган, “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари” гуруҳи ҳам том маънода газ истеъмолчиларининг сирдошига айланиб бўлди. Бунга, гуруҳга кўплаб мурожаатларнинг келиб тушаётганлиги ва уларнинг ҳал этилаётганлиги яққол мисол бўла олади.

Масалан, Андижон вилояти бўйича маҳаллаларда газ тармоғига мотор қўйиш бошлангани, бир кунда 10 хил босим бўлаётгани, яна маҳаллада газчиларга пора йиғиш бошлангани, масалан, Андижон тумани, “Ўрикзор” МФЙ “Хортум” қишлоғидаги мотор бутун газни тортиб кетаётганлиги ҳақида фуқаро М.Шарипова мурожаат қилган. Мазкур ҳолат юзасидан, “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ дарҳол ишчи гуруҳ тузилиб, Андижон туманидаги “Ўрикзор” ва “Хортум” МФЙ газ таъминоти текширилди. Ҳудудларни газ билан таъминловчи автоматик газ тақсимлаш шахобчасида (АГТШ) меъёрлаштириш ишлари олиб борилиши натижасида, газ таъминоти қониқарли ҳолатга келтирилди. Газ сўргичлар мавжудлиги бўйича текширув ишларига кўра, бундай мосламалар ўрнатилганлик ҳолати аниқланмади. Яна бир мисол, Самарқанд вилояти, Тойлоқ тумани, “Боғизағон” маҳалласи ҳамда Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри “Қўрғонча” маҳалласида газ босими жуда паст эканлиги ҳақидаги мурожаатлар, “Ҳудудгаз Самарқанд” ва “Ҳудудгаз Қашқадарё” МЧЖ ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, жойида хал этилди.  

Бир сўз билан айтганда, “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари” гуруҳига аҳолининг барча мурожаатлари тезкорлик билан ўрганиб, ҳал этилмоқда. Ҳудудлардаги газ таъминоти ташкилотларининг мутаҳассислари мурожаат келиб тушиши билан, жойларга аҳоли муаммоларини ечиш учун чиқишмоқда. Ўзаро ишончли алоқа асосида, аҳолининг истаклари, газ таъминоти соҳасидаги муаммоларини тезкорлик билан ҳал қилиш, мижозлар билан ўзаро ахборот ва алоқаларни мустаҳкамлашга имконият яратади.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ газ таъминоти соҳасидаги муаммолар, шикоятлар ва таклифларни мутахассисларга маълум қилиш учун “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари” гуруҳига аъзо бўлишга барча истовчиларни таклиф этади. Гуруҳга қуйидаги ҳавола орқали аъзо бўлиш мумкин.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати




Report Page