“ҲУДУДГАЗ АНДИЖОН” РАСМАН ХАБАР ҚИЛДИ

“ҲУДУДГАЗ АНДИЖОН” РАСМАН ХАБАР ҚИЛДИ

www.andijan.uz

Ижтимоий тармоқларда “Суткасига 3 соат ухлайдиган ҳокимга илтимос: бир соатгина вақт ажратиб, Балиқчига ҳам келиб кетинг!” сарлавҳали хабар тарқалди. Ушбу хабарда Балиқчи туманидаги “Доғистон”, “Файзиобод”, “Аълам” ва “Юзчинор” МФЙларидаги бир қатор муаммолар, хусусан табиий газ таъминоти йўқлиги юзасидан эътироз баён этилган.  

Мазкур хабар юзасидан “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ қуйидагиларни маълум қилди:

Балиқчи туманидаги юқорида номи зикр этилган маҳаллалар табиий газ таъминоти етиб бориши қийин бўлган ҳудудда жойлашганлиги сабабли 2013 йилдан туман ҳокимининг тегишли фармойишига асосан суюлтирилган газ таъминотига ўтказилган. Барча МФЙлар истеъмолчилари бугунги кунда МЧЖнинг “Балиқчитумангаз” филиали томонидан суюлтирилган газ билан таъминланиб келмоқда ва таъминланиш даврийлиги ўртача 40-45 кунни ташкил этади.

Туманнинг “Аълам” МФЙ ўрамидаги 7 та кўчада истиқомат қилувчи 611 та аҳоли хонадонларида жами 660 дона маиший газ баллонлари мавжуд. Январь ойида мазкур МФЙ истеъмолчиларига режага кўра 7900 кг суюлтирилган газ етказиб берилиши керак бўлса, амалда бу кўрсаткич 10 700 кг ташкил қилмоқда. Маҳалла аҳли 16-21 январь кунлари ўз маиший газ баллонларини “айланма” усули орқали суюлтирилган газ билан тўлатилган баллонларга алиштириб олганлар. “Доғистон” МФЙнинг 350 та хонадони 366 маиший газ баллонлари билан таъминланган бўлиб, ушбу маҳаллага 8-9 январь кунлари 4600 кг суюқ газ келтирилган. “Файзиобод” МФЙ истеъмолчилари учун “Балиқчитумангаз” филиали томонидан 11-14 январь кунлари 5 600 кг суюлтирилган газ 315 та хонадонга етказилган. “Юз чинор” МФЙ ҳам 4400 кг газ январ ойининг 15-17-саналарида махсус автотранспорт воситаларида тарқатилган. 362 та хонадоннинг барчаси тўла суюлтирилган газ билан таъминланган.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ “Доғистон”, “Файзиобод”, “Аълам” ва “Юзчинор” МФЙларини ҳозирда табиий газ билан таъминлай олмаслигини, аҳолини суюлтирилган газ билан ўз вақтида таъминланиши назоратга олинишини маълум қилади.


Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ.


Facebook | Twitter | Instagram | YouTube Telegram

Report Page