ҲОСИЛДОР ЕРЛАР – КЕЛАЖАГИМИЗ ПОЙДЕВОРИ
Ер - қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда асосий восита ҳисобланади. Ердан самарали, оқилона фойдаланиш ҳозирги ва келажак талаб қилаётган заруратдир. Биз ана шу заруратни ҳеч қачон унитмаслигимиз, ерни асраб-авайлаб, у билан тиллаша олишимиз даркор. Аммо кутилмаганда шундай муаммолар пайдо бўладики, бу бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Оддийгина қилиб айтганда бу - ерлар деградациясидир.
Хўш, бу борада мамлакатимизда қандай ислоҳотлар амалга оширилмоқда?
Албатта, давлатимиз етакчиси томонидан она диёримизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида тинимсиз олиб бораётган ислоҳотлари натижасини бугун мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг ўсиш суръатларини дунё ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётгани ишни тўғри йўлга қўйилганидан далолат беради. Бу эса Президентимизнинг аграр соҳани янада равнақ топишида янгича ёндошув, илм-фанни ривожлантириш, таълим соҳасини ислоҳ этиш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлари самарасидир.
Шу кунларда республикамизда қишлоқ хўжалиги ерларидан унумли фойдаланиш, унумдор ерларни мухофаза қилишга доир кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жойларда Ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалиги бўйича ишлаб чиқилган тегишли қарор ва фармонлар ижроси таъминланмоқда. Президентимизнинг жорий йилнинг 10 июндаги ПҚ-277 рақамли «Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мазмун моҳияти тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Андижон вилоятида бўлиб ўтаётган семинар йиғилишлари бугун вилоятнинг Хўжаобод ва Балиқчи туманларида ташкиллаштирилди. Йиғилиш тадбирларида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Рузметов Мақсуд Исмоилович бевосита иштирок этди.
Шунингдек семинарларда Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти директори Шуҳрат Меҳрибонович Бобомуродов, Ўзбекистон давлат ер тузиш илмий-лойиҳалаш институти директори Тўраев Руҳиддин Амирқулович, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори Низамов Рустам Ахролович ва бошқа мутахассис илмий ходимлар қатнашдилар.
Мазкур дала семинарларида туманлардаги қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари — пахтачилик, ғаллачилик; шунингдек, боғдорчилик, токчилик, сабзавотчилик ва картошкачилик билан шуғулланувчи фермер хўжалиги раҳбарлари ва кластерлари иштирок этдилар.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари М.И.Рузметов дала семинарларида сўзга чиқиб, ушбу туманларда умуман олганда Андижон вилоятида суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини янада тўлароқ қондириш, 2022 йил ғалладан бўшайдиган майдонларни шудгорлаш, такрорий озиқ-овқат экинларини экиш, экспортбоп ва бозорбоп қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш, ер майдонларини эҳтиёжманд, ишсиз бўлган ва деҳқончилик қилиш хоҳиши бўлган фуқароларга ажратиб бериш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш каби устивор вазифалар тўғрисида ўз фикр мулоҳазаларини баён этди.
Шунингдек йиғилишда Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти директори Ш.М.Бобомуродов Президентимизнинг жорий йилнинг 10 июндаги ПҚ-277 рақамли «Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг мазмун моҳияти ва бу борада бажарилиши зарур бўлган муҳим масалалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Мазкур дала семинарларида Ўзбекистон давлат ер тузиш илмий-лойиҳалаш институти директори Тўраев Руҳиддин Амирқулович, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори Низамов Рустам Ахролович ва бошқа мутахассис илмий ходимлар бевосита иштирок этиб сўзга чиқдилар. Маърузачилар Президентимизнинг юқорида келтирилган қарорининг мазмун моҳияти ҳақида йиғилиш қатнашчиларига тушунтириш ишларида фаол бўлдилар. Ерлар деградациясига қарши курашиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишга қаратилган агротехник, агромелиоратив тадбирлар қўллаш бўйича асосий йўналишлари бўйича ўз тушунча ва тавсияларини бердилар.
Олимларимизнинг пухта режа асосида амалга ошираётган ишлари эса ердан фойдаланувчилар, кластер ва фермер хўжалик раҳбарларини беихтиёр руҳлантириб юборди, - десак муболағага ўрин қолмайди.