ҲОМИЛАСИ ТУШИБ ҚОЛГАНЛАРГА ТАСАЛЛИ

ҲОМИЛАСИ ТУШИБ ҚОЛГАНЛАРГА ТАСАЛЛИ

@ginekologim

" Эй-воҳ, афсус, ҳомиланинг юраги урмаяпти", - бир нечта сўзлар, аммо бу сўзлар миямни  ўқдек тешиб ўтди. Изтироб, қайғу, ҳасрат вужудимга ёйилиб, томирларимгача югурди. Мен ҳайронман, ишонмайман, карахт аҳволга тушиб қолдим. Мен фақат йиғлайман, йиғлайман, йиғлайман ... Турмуш ўртоғим билан қандай орзу қилганимизни, биринчи фарзандимиз учун қандай режалар тузганимизни эслайман...

Лекин шундагина мен инсон эканлигимни англайман. Илк ўлароқ лойдан яратилган ва кейин оддий гўшт парчаси бўлган ожиз банда. Ҳодисани бошқариш ёки ундан қочиш менинг қўлимда эмас. Бу - Aллоҳнинг иродаси, унинг менга ёзган тақдири. Биз ўзимизча кўп режалар қиламиз, орзулар қиламиз, лекин Қудратли Парвардигор режалаштирувчиларнинг энг яхшисидир. Бу ҳодиса мен ҳали онам қорнидалигидаёқ Раҳмли Ҳолиқимининг тузган режаси эканлигини билардим. Бу мусибатнинг ҳар нарсани билгувчи Ҳаким бўлган Зот  томонидан белгиланган албатта бир ҳикмати борлигидан амин эдим. Роббим бундай синовга бардошим етишини ва мени етарлича кучли билгани сабабли уни менга юборганини англаганим учун енгил тортдим. Қуръонда шундай дейилган: "Aллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас.” (Бақара сураси, 286).

 Буларнинг барчасини тушуниб, мен "Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун, алҳамдулиллаҳи аъла кулли ҳал" - "Албатта биз Aллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтувчимиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам Aллоҳга ҳамдлар бўлсин!" деб дуо қилдим.

Дастак ва тасалли топиш учун қидирув тизимига "ҳомила тушишидан кейинги ҳаёт" деган сўзлар билан интернетдан дуч келган мақолаларни ўқишни бошладим. Ушбу мавзу бўйича кўплаб материалларни кўриб чиқиб, мен каби оғриқли ҳолатни бошдан кечирган барча мусулима аёллар ҳақида ўйладим. Сўнгра ҳомиласи ёки боласидан айрилгандан кейин қандай қилиб нормал ҳаётга қайтиш ҳақида улар билан ўз маслаҳатларимни баҳам кўришим лозимлигини ҳис қилдим.

Бардош бериш азоби

Оғриқ икки ҳил бўлади: жисмоний ва ҳиссий. Касаллик − жисмоний оғриққа мисол бўлса, яқин кишисини, севганини йўқотиш эса ҳиссий оғриқ келтириб чиқаради. Ҳомила тушиб қолишида эса оғриқнинг иккала тури ҳам мавжуд. Бу сизга ҳам жисмоний, ҳамда рухий жиҳатдан таъсир қилади.

Мен ҳиссий оғриқни енгишга ҳаракат қилдим, лекин баъзида жисмоний оғриқнинг ортиши одамни ҳиссий азобларга кўпроқ мойил қилиб қўяди. Мен оғриқни кўрсатмасликка ҳаракат қилдим, лекин барибир қандайдир тарзда атрофимда бўлаётган барча нарсаларни тушиб қолган болам билан боғлайвердим. Барча уринишларимга қарамай, мен истар- истамас, ҳар сафар бу изтиробларга таслим бўлдим. Мен ётоқда ётишни истамасдим, ўқишни истамасдим, гарчи олдинда имтиҳонларим бор эди. Мен ўқиш ва ишимга қайтишни истамасдим, одамлар орасида бўлишни истамасдим. Муолажадан кейин уйдан чиққанимда, учрашганларнинг ҳаммаси ё менинг ҳомиладорлигим тўғрисида сўрашар ёки ҳомилам тушганини билиб ҳамдардлик билдиришарди. Ҳар сафар уларга буни тушунтиришга тўғри келар ва бундан дардим янгиланар эди.


Aммо бора-бора соғайиб кетдим, кунлар ўтди ва бўлган ҳодисани қабул қилиб, кўниб яшашни ўргандим. Энди ҳар сафар ҳомиладор аёлни ёки кичкина болани ёки дўкондаги болалар кийимларини кўрганимда йиғламайдиган бўлдим. Ман ҳақиқий бахт нима эканини англагандим ва энди зўраки жилмайишнинг ҳожати йўқ эди. Бу ҳар нарсани унутганимни англатмайди. Тушиб қолган болам билан ўтказган бебаҳо ҳафталаримни ҳеч қачон унутмайман. Мен боламни йўқотганимдан кейин қандай яшашни ўргандим, холос. Менинг ҳолатимга тушганларга айтмоқчиманки, сиз билан содир бўлган ҳодисадан жуда қайғудаман ва яқин келажакда Aллоҳ сизга соғлом фарзандлар беришини чин дилдан тилайман. Буларни бошдан ўтказмаган аёлллар учун ҳомиладорликни чиройли ўтказиб, ўз вақтида енгилгина туғиб, болангизни бағрингизга босиб олишингизни Аллоҳдан дуо қилиб қоламан.

Мусибат келганда, мени бир нарса юпатди - Аллоҳга бўлган имоним ва Унга бўлган таваккулим. Бу менга яна ўз ҳаётимни изга солиш учун туртки берди. Менинг мусулмон эканлигим ва ҳаётим Меҳрибон Яратувчимнинг қўлида эканига ишонганим қандай бахт эканлиги ҳақида ўйладим. Aйнан шундан кейин мен қидирув сатридаги "ҳомила тушишидан кейинги ҳаёт" деб ёзилган жойга "исломда" деган сўзни қўшиб қўйдим.

Аллоҳга таваккул менга ҳаётимни давом эттириш учун баракали қувват берди. Ўрганган билимларимда ҳам ҳаётимни давом эттиришим кераклигини англашга имкон берадиган барака бор эди. Исломда бола тушиб қолишига бўлган муносабат масаласини ўрганаётганда мен ўзимга тасалли бериш учун биринчи қадамни ташладим.

1. Муаммони ўрганинг

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки,  бизга энг раҳмли ва шафқатли дин лутф қилинган. Ислом динида ҳомила тушиш ҳақидаги мавзуларни ўқиб ҳайрон қолдим. Мен ушбу мавзу ҳақидаги ҳадисларни ва қандайдир сабаб билан фарзандларидан айрилган саҳобалар ҳақидаги ривоятларни ўқиб ўзимда улкан тасалли топдим. Ушбу гўзал ҳадисга дуч келгунимга қадар мен боламдан абадий айрилдим деб ўйлардим.

Муоз ибн Жабал ривоят қилади: Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: "Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, тушган ҳомила, агар ўша она сабр қилиб, (охиратдаги) савобга умид қилса, онасини киндигидан тутиб жаннатга олиб боради!" (Манба: Ибн Можа, 1609).

Қандай ажойиб! Aллоҳнинг марҳамати ва инояти билан (Aллоҳга шукрлар бўлсин) инша Аллоҳ боламни жаннат эшиклари олдида учратаман! Ушбу ҳадисни ўқигач, мен бахт ва қувончдан кўз ёшларимни тийолмадим.

Қуйидаги ҳадис эса боласи тирик туғилиб вафот этганлар учун ажойиб тасалли бўла олади.

Муъовия бин Қурра отасидан ривоят қилади: "Расулуллоҳ (с.а.в.) баъзи саҳобалар у билан ўтирар эдилар. Улар орасида бирининг кичкина ўғли бор эди, у отасининг орқасидан эргашиб келар ва отаси уни олдига ўтказар эди. Маълум бир вақтдагн кейин ўша бола вафот этди ва у одам боласининг вафоти қайғусидан ушбу даврага келмай қўйди. Пайғамбар (с.а.в.) уни кўрмай қолганлари сабаб: "Нега мен фалончини кўрмаяпман?" - дедилар. Улар: "Ё Расулуллоҳ, сиз уни доим бирга кўрадиган ўғли вафот этди", дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни учратиб қолиб ўғли ҳақида сўрадилар. У вафот этганини айтди. Унга ҳамдардлик билдирдилар ва: "Эй фалончи, сенга қайси бири қадрлироқ, фарзандинг сен билан бу ҳаётда доим  бирга бўлишими ёки эртага қиёмат куни жаннат эшикларидан бирига сендан олдин бориб уни очиб турганими?” деб сўрадилар. “Эй Aллоҳнинг Расули! Албатта жаннатнинг эшигига мендан олдин бориб уни очиб тургани мен учун қадрлироқдир” деб жавоб берди. Расуллоҳ (с.а.в.) "Сен бунга эришасан", дедилар. (Манба:Насоий, 2088)

2. Тунги намозни адо этинг

Муолажалардан сўнг жисмоний ва руҳий изтироб туфайли уйқумни деярли йўқотдим. Бир куни ўзимни мажбурлаб ётоқдан турдим ва таҳорат олиб таҳажжуд намози ўқидим. Мен ҳеч қачон мана шу ибодат пайтидагидек ўзимни Aллоҳга яқин ҳис қилмагандим! Одатда, тўсатдан йиғлай бошлаганимда, эрим, онам ёки қайнонам менга тасалли беришарди.

Лекин бу сафар бошқача бўлди. Мен йиғладим ва тўхтата олмадим ва кўз ёшларим жойнамозга оқиб тушди ва бу менга тасалли барарди. Бу жуда ажойиб туйғу эди. Ушбу ибодат қалбимни қандай хотиржам қилганини ҳатто тасвирлай олмайман. Жойнамозда сажда қилаётиб, мени худди юрагимдаги борини тўғридан-тўғри Аллоҳга тўкиб солаётгандек ва изтиробларимни ёлғиз Меҳрибонимга айтиб бераётгандек туйғу қоплаб олган эди. Ушбу тунги ибодат менинг ҳиссиётларимни тиклашдаги энг муҳим қадамлардан бири бўлди.

3. Мунтазам дуо қилинг

Намоздан ташқари, мен Aллоҳ билан мулоқот қилиш учун дуога мурожаат қилардим. Қўлларимни кўтариб, Ўта Раҳмли Эгамга илтижо қилдим ҳамда қайғу ва ғамимни ёлғиз Ўзига тўкиб солиб йиғладим. Ёқуб алайҳиссалом каби: “Албатта мен дарду-ҳасратимдан фақат Аллоҳга шикоят қилмоқдаман” (Юсуф сураси, 86) дедим. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) айтганлар: " Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ (Манба: Термизий, 3370, яна шу ҳақида)


Менга Роббим жисмоний, ҳиссий ва маънавий куч-қувват беришини, келажакда соғлом ҳомиладорлик беришини, турмуш ўртоғимнинг ҳам қайғулари кетишини сўраб ҳамда бу ҳолатни бошидан кечирган бошқа муслима аёллар учун дуо қилдим. Мен туғилмаган “миттигина фариштам” билан жаннатда учрашишни сўраб дуо қилдим. Мен ҳамма нарса учун дуо қилдим. Дуо - тўшакда ётган ҳолда қилишим мумкин бўлган ягона чора эди ва мен бу раҳмат чашмасидан фойдаланиш учун қўлимдан келганини қилдим.

4. Атрофингиздагилардан дастак олинг

 Агар оилам ва яқинларим бўлмаганда бу зарбадан халос бўлишим анча қийин бўларди деб ўйлайман. Турмуш ўртоғимнинг елкасига бошимни қўйиб йиғлаганимда, у доимо бу - Aллоҳнинг синови эканлигини ва биз сабрли бўлишимиз ҳамда бу мусибатни тақдирдан деб қабул қилишимиз кераклигини эслатарди.


Онам ва қайнонам ҳам ёнимда эдилар, овқат пиширишди, тозалашди ва ҳар дақиқада ёрдам беришга тайёр эдилар. Дугоналарим ўқишимда менга ёрдам беришди ва ўқитувчиларимга вазиятни тўғри тушунтиришди. Бундай қўллаб-қувватлайдиганлар борлигидан жуда севиндим. Сиз ҳам яқинларингиз ёнингизда бўлиши учун ҳаракат қилинг, улардан дастак сўрашдан чўчиманг. Дардингизни фақат сизни тушунадиган яқинларингиз билан баҳам кўринг.

 

5. Ўзингизни бўш қўйиш учун имкон беринг

Мен учун одатий ҳаётимдан бир муддат чекиниш жуда муҳим эди. Мен ўқишимда бир нечта дарсларни қолдиришим ҳақида огоҳлантирдим, вақтинча ишга бормаслигимни айтдим. Менга нафақат жисмонан, балки руҳан ҳам тикланиш учун бироз танаффус керак эди. Мен одамларни кўришга, уларнинг соғлиғим ҳақидаги саволларига жавоб беришга ёки тушган боламни эслатадиган ётоқхонамдан ташқари чиқиб бирор нарсани кўришга тайёр эмас эдим. Менга тикланиш учун вақт керак эди. Aгар бунинг учун сизга вақт керак бўлса, буни ожизлик деб ўйламанг. Бу одатий ҳол.  


6. Ўзингизни тайёр деб билмагунча жамоат жойида кўринманг

Aфсуски, мен бунга қайғули тажрибамда амин бўлдим. Муолажадан бир ҳафта ўтгач, бир унаштириш маросимига боришга мажбур бўлдим. Лекин ростдан ҳам кийиниш-безанишни ва одамлар орасида бўлишни истамасдим, аммо бунга мажбур бўлдим, чунки бу оилавий муносабатлар билан боғлиқ масала эди ва албатта кутилганидек ҳомилам ва мусибатим ҳақидаги саволларга дуч келдим. То турмуш ўртоғимдан мени бу ердан олиб кетишини сўрагунимча, йиғламасликка астойдил ҳаракат қилдим. Бундай қувончли тадбирда йиғилган одамларнинг сиймоларига қараб ўтириш - менинг кучим етадиган ҳолат эмасди, чунки мусибатимдан ҳали жуда озгина вақт ўтганди.

7. Саволларга жавоб беришга тайёрланинг

Одамларга қўшилишга тайёр бўлганингизда, келиши муқаррар  бўлган саволларга қандай жавоб беришни, қандай маълумотлар беришга тайёр эканингизни ўйлаб кўринг. Aфсуски, баъзида одамлар жуда қизиқувчан ва безор қиладиган даражада бўлишади. Ўзингиз учун гапириш осон бўлганидан ортиғини айтманг, агар керак бўлса, ушбу мавзу ҳақида гапиришни истамаслигингизни айтишдан уялманг. Бирор кимсанинг сизни ҳижолатга солишига йўл қўйманг. Айниқса ижтимоий тармоқларда бу масала кўп чайналади. Эътибор берманг, сиз ҳар кимга жавоб ёзишга мажбур эмассиз.

8. Ҳеч қачон умидингизни йўқотманг

Ушбу сўнгги тавсия жуда муҳимдир. Аллоҳга бўлган ишонч ва умидингизни ҳеч қачон йўқотманг, чунки Унинг ҳар бир ишида бирон бир мақсад ва ҳикмат бор. Сабрли бўлинг. Аллоҳ хоҳласа сизга ҳам насиб қилади вақти келганда. Доимо дуо қилингки, зора Aллоҳ сизнинг энг эзгу орзуингизни рўёбга чиқарса. Ниҳоят бу сизнинг ҳаётингизда барака манбаи бўлсин. Ундан доим хайрли ва солиҳ фарзанд сўранг. Қуръони-Каримда Пайғамбар Закариё (алайҳиссалом) Aллоҳдан сўрадилар: "Эй, Роббим, агар аёлим туғмас бўлса, ўзим қариб-чириб қолган бўлсам, қандай қилиб менинг ўғлим бўлсин?" У (фаришта): "Ана шундай! Роббинг айтдики,бу Мен учун бу осон. Батаҳқиқ, бундан олдин сени яратдим. Ҳолбуки, сен ҳеч нарса эмас эдинг” (Марям сураси, 8-9)

Aллоҳ бизни фарзанд неъмати билан сийлаши ўзига осон, фақат қачон деган савол туғилади. Aллоҳга ишонинг ва У қилаётган ҳар бир ишда ҳикмат ва барака борлигига ишонинг. Хулоса қилиб ўзим ва мен каби барча фарзандталабларга дуо қилишингизни илтимос қиламан ва ўзим ҳам шундай дуо қилиб Меҳрибон Роббимдан ёлвораман: "Аллоҳим, мен сендан ҳар бир оилавий жуфтликка ота-она бўлиш бахтини беришингни ва бепуштлик билан курашаётган барча эр-хотинга яқин келажакда соғлом ва солиҳ фарзанд ато этишингни сўрайман. Омин! "


Агар фарзанд кўриш умуман насиб қилмаган бўлса, ўкинманг шуни ўқинг: Ҳаёт бу ...

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан productivemuslim.com сайтидан эркин таржима асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page