ҲОМИЛАДОРЛИКДА БОШ ОҒРИҒИ

ҲОМИЛАДОРЛИКДА БОШ ОҒРИҒИ

@ginekologim


Ҳомиладорликнинг илк уч ойида организмда гормонлар ортиши сабабли кучли бош оғриғи кузатилиши мумкин.

Ҳомиладорликда нега бош оғрийди?

·  Ҳомиладорликнинг илк ойларида аёл гормонларида жиддий ўзгаришлар юз беради. Организмдаги мувозанат бузилади ва бош оғриғи пайдо бўлади.

·  Қоннинг ҳажмида ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй беради. Шунинг учун мувозанат бузилади.

· Биринчи туғруқ бўлса аёлардаги ҳомиладлрлик билан, туғруқ олди ва кейинги ҳолатлар билан боғлиқ турли ваҳимали ўй-фикрлар ҳам организмда стресс ва тушкунликка сабаб бўлиши мумкин. Бу эса бош оғриғи келтириб чиқаради.

·   Аксарият аёлларда кузатиладиган бурун битиши пайдо бўлса, нафас олиш жараёнлари ўзгариб, бош оғриғи юз беради.

·  Тўйиб ухламаслик, ортиқча чарчоқ каби сабаблар ортидан ҳам бош оғриғи пайдо бўлиши мумкин.

·  Дастлабки уч ойда қондаги қанд моддасида жиддий камайиш кузатилади. Баъзан узоқ муддат оч юриш, баъзан эса таркибида қанд миқдори юқори бўлган егуликлар истеъмол қилиш натижасида қондаги қанд миқдори тез кўтарилиб, тез тушиши ҳам мумкин. Бу кўп ўзгаришларга сабаб бўлади. Шунинг учун бундай пайтларда ярим стакан мева шарбати ёки бир-икки дона конфет ейиш орқали қондаги мувозанатни тиклаш мумкин.

·  Кофеинга боғланиб қолган ва сигарета чекишга берилган бўлсангиз, бундай зарарли одатлардан воз кечишингизга тўғри келади.

·   Ҳомиладорликда ишлатиладиган гормонал дорилар (асосан кўп ишлатиладиган прогестерон гормони ва ҳомила тушиб қолишини олдини олишда ишлатиладиган дори воситалари) ҳам кўпинча бош оғриғини келтириб чиқаради.

· Бу даврда ҳомиладорликда учрайдиган айрим касалликлар (преэклампсия - ҳомиладорликда кечки заҳарланиш каби) ҳам бош оғриғига сабаб бўлади. Хусусан, ҳомиладорликдан аввал қон босими ортиши каби муаммоларингиз бўлса, эътиборлироқ бўлишингиз керак. Чунки бош оғриғи қон босимининг янада ортишига туртки беради эклампсияга (преэклампсиядан кейинги неврологик оний хушсизлик) йўл очади


·  Ҳомиладорликнинг сўнгги уч ойида аёл қоматида ҳам жиддий ўзгаришлар юзага келади. Шу сабабли тос суяги соҳасида оғриқлар натижасида бош оғриғи келиб чиқиши мумкин.

· Кўнгил айниши ва тез-тез қусишлар ҳам бошни оғритади, хатто лўққилаши ҳам мумкин.

· Шуни ҳам ёдда тутингки, бош оғришининг асл сабаби ҳомиладорлик эмас, балки сиз яшаётган муҳит ёки аввалроқ бошингиздан ўтказган бошқа касалликлар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, илгари мигрен билан оғриган бўлсангиз, ҳомиладорлик даврида бош оғриғини кўпроқ ҳис қилишингиз мумкин.


Бош оғриғи қачон бошланади?

 Ҳомиладорликда кўп кузатилувчи бош оғриғи асосан илк ва охирги уч ойликда юз беради. Аммо шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мигрен ҳомиладорликнинг иккинчи ойида сезиларли даражада камаяди.

Ҳомиладорликда бош оғриғидан қандай қутулиш мумкин?

Бу даврда бош оғириғи ҳам оғир дард каби туюлади. Ундан қандай қутилиш мумкин деган савол ҳаммани қизиқтирса керак. Нималарга эътибор қаратиш керак?

Қондаги қанд миқдорини бир хилда ушлаб туриш учун оз-оздан ейиш керак. Шоколад, қатиқ, ер ёнғоқ, муддати ўтган пишлоқлар, қуритилган гўшт ва нордон крем каби бош оғриғини чақирувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан нари турган маъқул.

Шуни ўқидингизми: Ҳомиладорликда 15 та нарса таъқиқланади

Бош оғириғини кетказиш учун нима қилиш лозим?

Асосан уқалаш. Сирт ва бўйин қисмлари, елка ва бошни уқалаш ҳам жонга оро беради, ҳам бош оғриғини даф этади. Бунда асосан турмуш ўртоғингиз асқотиши мумкин.


Суюқликни кўпроқ истеъмол қилиш лозим. Асосан сув ичинг!

Яна нима қилса яхши бўлади?

Албатта биринчи ўринда тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиш. Тоза ҳавода яхши кайфият билан яёв юриш мақсадга мувофиқ.

Илиқ сувда душ қабул қилиб, тинч ва нимқоронғи хонада дам олиш лозим.

Синузитга ўхшаш бирор оғриғи борлар кўз ва бурун атрофларига сочиқни иситиб босиши керак.

Агар бош сиқиб оғириётган бўлса, энса ва пешонага муз солинган халта босиш ва совуқ компресс қилиш мумкин.

Ҳомиладорлик даврида бош оғриқ дориларини ичиш мумкинми?

“Ҳеч ким билан ишим йўқ, дориларимни ичай-да, бош оғриғидан тезроқ қутулай” десангиз, “Шифокорингизнинг рухсатисиз асло бўлмайди!” деймиз. Чунки сиз оддий деб билган дорилар ҳам ножўя таъсир кўрсатиши мумкин. Энг кўп ишлатилувчи парацетамол каби дориларни енгил бош оғриғида ичиш мумкин.


Аспирин ёки ревматизмга қарши ичиладиган дориларни илк уч ой ичида фақат қийин ҳоллардагина, унда ҳам шифокор назорати остида ичиш мумкин. Бундай дори-дармонларни 6-чи ойдан эътиборан қабул қилинса, юракдаги очиқ томирларда тромблар ҳосил бўлиши ёки торайиши мумкин. Бу эса ўта хатарли. Энг яхшиси, шифокор рухсатисиз ҳеч қандай дори қабул қилмаслик керак.

Ҳомиладорликдаги бош оғриғига қачон жиддий қаралади?

Керакли эҳтиёт чораларини қилдингиз, бош оғириғидан қутулиш учун уйда қилиниши керак бўлган барча ишларни ҳам қилиб кўрдингиз. Аммо бош оғриғингиз ўтиб кетмаяпти. Бундай ҳолларда энг аввало гинекологингизга мурожаат қилинг. Агар у тавсия берса, невролог шифокорга учраган маъқул.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, преэклампсия каби касалликларнинг олдини олган маъқул. Айниқса, 5-чи ойдан кейин ҳомиладорларда бош оғриғи юқори қон босими билан кузатилса, бу жуда хатарли деганидир. Бундай ҳолларда “ўтиб кетади” демасдан дарҳол шифокорингиз билан учрашинг!

Ҳомиладорликдаги бош оғриғига қарши ўсимлик дорилари мавжудми?

Бош оғриғи дори-дармонларсиз қандай бартараф этилади? Табиий воситалар ёрдамида халқона усуллар йўқми?

Шуни билингки, ҳомиладорлар учун турли дамламалар мумкин эмас, тавсия ҳам этилмайди. Фақат халқ орасида лаванда ёғини энсага суртса бош оғриғини қайтаради дейишади. Аммо буни ҳам қўллашдан олдн шифокорингиздан сўрашни унутманг.

Ҳомиладорлардаги бош оғриғидан туғилажак фарзанднинг жинсини билиш мумкинми?

“Ҳомиладорликда бош оғриса ўғил, бош оғримаса қиз туғилишидан дарак беради ” деган янглиш тушунчалар юради халқ орасида. Бундай тушунчаларнинг ҳеч бири илмий жиҳатдан исботланмаган. Шунинг учун аввало Яратганга, қолаверса, шифокорлар тавсияси-ю, кундан кунга ривожланаётган тиббиёт кўрсатмаларига амал қилган маъқул.

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.


ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ


КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page