ҲОМИЛАДОРЛИКДА ҚИЧИМА САБАБЛАРИ ВА ЧОРАЛАРИ

ҲОМИЛАДОРЛИКДА ҚИЧИМА САБАБЛАРИ ВА ЧОРАЛАРИ

@ginekologim

Ҳомиладорлик даврида аёллар танасида турли хил муаммолар пайдо бўлади. Улардан бири - тўсатдан пайдо бўлувчи қичимадир!

Агар қўл-оёқларингиз ва қорнингизни телбаларча тирнаб, қаший бошласангиз, бу ҳолатнинг моҳиятини ҳам билишингиз зарур. Келинг ҳомиладорлик даврида қичишиш ва ҳомиладорлик холестазига нима сабаб бўлиши ҳақида билиб олайлик! (Холестаз - бу ўт (желчь) ишлаб чиқиришнинг пасайиши ёки йўқолишидир). 

 

Ҳомиладорлик даврида қичишишнинг сабаби нима?

Бунинг сабаблари жуда кўп:

·          Ҳомиладорликда гормонал ўзгаришлар;

·          Прогестерон ва эстроген гормонининг ортиши;

·          Ҳомиладорлик сабабли терининг ёрилиши;

·       Ҳомиладорлик даврида юзага келадиган тери касалликлари; (масалан, экзема, қипили темиратки (псориаз) касаллиги);

·          Ҳомиладорлик холестази;

·          Ҳомиладорлик тошмаси (ҳомиладорликда ёйиқ ва бўртма шаклдаги кучли қичишадиган тошмалар, папулалар)

• Озиқ-овқат аллергиялари;

• Дори воситаларидан фойдаланиш.

  Ушбу сабабларнинг баъзилари соғлиқ учун жиддий муаммо туғдирмайди, аммо холестаз ва ҳомиладорлик тошмаси каби касалликлар буйрак, ўт пуфаги ёки жигар билан боғлиқ муаммолардан ҳисобланади. Шунинг учун уни даволаш керак.

  Ҳомиладорликда қичишиш қачон бошланади?

Ҳомиладор аёлда танадаги қичишиш одатда дастлабки 3 ойда пайдо бўлади ва кейинги ойларда вақт ўтиши билан камаяди. Бироқ, бу ҳотиржамликка берилишни англатмайди! Ҳомиладорликнинг сўнгги 3 ойида бу муаммога дуч келишингиз эҳтимоли катта!

 

Ҳомиладорлик даврида қичишиш қачон йўқолади?

Ўзингизда пайдо бўлган турли қичишишларнинг охири йўқдек туюлса ҳам, хавотир олманг, одатда бу қичишиш бола туғилганидан сўнг дарҳол ўтиб кетади.

Ҳомиладорликда қайси соҳаларда қичишиш тез-тез учрайди?

Ушбу даврда қичима асосан:

·Қоринда;

·Қўл-оёқларда;

· Қинда;

· Орқа тешик (бу анусдаги қичишишлар);

· Кўкрак атрофида ва пастроқ қисмида;

·Бош терисида пайдо бўлади.

 Ҳомиладорликдаги қичишиш ҳомилага зарар етказадими?

Йўқ, агар қичишиш асосий касаллик бўлмаган тақдирда ҳомилага зарар етказмайди.

  Ҳомиладорликда қичишишга қарши нима фойда қилади?

Aгар сизда қичишиш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлса, аввал шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак. Шифокорингиз қичишишнинг сабабини аниқлайди ва уни даволаш усулини қўллайди. Aгар сизда қичишиш асосий касаллик бўлмаса, уни даволаш жуда осон! Ўзингиздаги бу муаммони баъзи дорилар ва айрим даволаш усуллари орқали камайтиришингиз мумкин. Масалан:

·Шифокор томонидан тавсия этилган лосьон, крем ​​ёки мой билан танангизни намлашингиз мумкин.

· Синтетик материаллардан иложи борича фойдаланмаслик керак. Чунки ушбу материаллар қичишишни кучайтиради. Шунинг учун кўрпа-тўшак ва кийим кийишда ҳам пахтали матоларни танлашингиз мақсадга мувофиқ.

·Таркибида парфюмерия бўлган совун ва шампунлардан ҳам узоқроқ турган маъқул. Бунинг ўрнига ўсимликлардан тайёрланганини танлашингиз мумкин.

· Жуда қалин ҳам кийинмаслик керак. Чунки қалин кийиниш ҳаддан зиёд иссиш ва терлашга сабаб бўлади. Бу эса қичишиш ҳиссини кучайтиради.

 


Ҳомиладорликда қичишишни ўсимликлар ёрдамида даволаса бўладими?

Ҳомиладорлик ҳақида гап кетганда, илгари сиз учун фойдали бўлган баъзи нарсалар энди зарарли бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун, агар шифокорингиз тавсия қилмаса, ҳар қандай ўсимликдан кўр-кўрона фойдаланманг. Бироқ, шуни ҳам айтиш жоизки, айрим ўсимликлар терингизни озиқлантириб, уни янада тиниқлаштиради. Шундай экан, шифокор тавсиясига кўра таомномангизга сули ёрмасини (овсянка) киритишингиз ёки эзилган сули қўшилган илиқ сувда ярим соат давомида ётишингиз мумкин.

 

Ҳомиладорлик тошмаси (папулалар)

Баъзида қичишишга бўртмали ва чизиқ-чизиқ кўринишдаги қизил доғлар сабаб бўлади. Бундай қичишиш ва доғлар одатда қорин соҳасида кузатилади. Бу нарса тиббиётда қичимали тошмалар ва папулалар деб аталиб, касаллик белгиси сифатида қаралади.

Ушбу ҳолатнинг аниқ сабаби ҳали маълум бўлмаса-да, аммо мутахассислар қорин олд деворининг ҳаддан ташқари чўзилиши ва ҳосил бўлган коллагенларнинг бундай ҳолатни келтириб чиқаришини таъкидлашмоқда. Бундан ташқари, ҳомиладорликда ортиқча вазн ҳам мазкур муаммони келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳолатни даволаш бошқа қичишиш турларини давосига ҳам ўхшаб кетади. Унинг биргина фарқи, ишлатилаётган дорилар таркибида кортизон (кортизол гормонининг сунъий анлоги) мавжудлигидир.

 

Ҳомиладорлик холестази нима? Унинг келиб чиқишига нима сабаб бўлади?

Ҳомиладорлик холестази ҳомиладорликда кузатиладиган қичишиш турларидан бири. Бироқ, бу муаммо одатдаги қичишишдан бироз фарқ қилади. Унинг пайдо бўлишига асосий сабаб, организмда эсторген гормонларининг ортиб кетиши натижасида ўт йўлларининг беркилиб қолишидир. Бу эса жигар ва ўт пуфагида жиддий муаммолар келтириб чиқаради. Яъни, жигарда фермент миқдори кўпайиб, танада қичишишни юзага келтиради. Шунинг учун холестаз билан бир қаторда “сариқ” касалигини ҳам бошдан кечириш мумкин.

 

Ҳомиладорлик холестазининг белгилари қандай?

Ҳомиладорлик холестазини бошдан кечираётганлар, қорин, қўл ва оёқнинг жуда қаттиқ қичишишидан ташқари, қуйидаги аломатларни ҳам сезадилар:

·          Сийдик рангининг тўқлашиши;

·          Нажас рангидаги очариш;

·          Кўзлар ҳамда терининг сарғайиши;

·          Кўнгил айниши, қусиш, қорин оғриғи.

Ушбу аломатлар ҳомиладорлик холестазига ишора қилади. Бироқ, аниқ ташхис қўйиш учун баъзи таҳлилларни ўтказиш керак.

Ҳомиладорлик холестази тошмаларга олиб келмайди, аммо қичишиш шунчалик кучли бўладики, танада қичима излари қолиши мумкин. Гинеколог мутахассислар ушбу шикоятлар билан мурожаат қилаётган аёлларнинг аксариятида қаттиқ қичишиш туфайли таналарида чандиқлар ва излар пайдо бўлишини айтадилар.

 

Ҳомиладорлик холестази қандай аниқланади?

Ушбу муаммо учун махсус ҳомиладорлик холестази таҳлили йўқ! Одатда, баъзи аломатлар кузатилган йўналишда таҳлиллар амалга оширилади.

Бу таҳлиллар орасида;

·          Жигар фаолияти таҳлиллари;

·          Гепатит таҳлиллари;

·          Ўт пуфагининг УТТ (ўт тошлари ҳам сабаб бўлиши мумкин).

·          Қондаги ўт  кислоталарининиг ҳам ўлчови бўлади. Одатда ўт (сафро) кислотасининг даражаси энг аниқ натижани беради. Aгар кислота даражаси юқори бўлса, демак, буни ҳомиладорлик холестази дейиш мумкин.

 

Ҳомиладорлик холестази ҳомила учун зарарли эмасми?

Афсуски, ҳомиладорликдаги холестаз бошқа қичишиш турлари каби зарарсиз эмас! У қуйидаги баъзи бир муаммоларни келтириб чиқариши мумкин:

· Эрта туғруқ;

· Бачадонда ҳомила ўлими;

· Ҳомилага кислород етишмаслиги;

· Ҳомилада жигар муаммолари;

· Сариқлик.

Бундай муаммолар бўлмаслиги учун ҳомиладорлик холестазини эрта ташхислаш лозим. Бу даволаш учун жуда муҳимдир.

 

Ҳомиладорлик холестазини даволаш усули қандай?

·Сиз қичишишга қарши лосьон, крем ва ёғларни шифокор тавсиясига кўра ишлатишингиз мумкин. Ушбу кремларда кортизол бўлиши мумкин.

· Бундан ташқари ўт кислотаси миқдорини пасайтирадиган дори-дармонларни ҳам қабул қилишингиз мумкин.

· К витамини ичишингиз мумкин.

· Ҳомила жигарининг тез етилишига имкон берадиган, дексаметазон деб номланган дориларни ишлатишингиз мумкин.

· Совуқ сувда чўмилиш ёки музли сув ичиш мумкин. Сабаби, танадаги қон оқимини секинлаштириш керак.

Албатта ушбу муолажаларни фақат даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиб олиш мумкин!

Ҳомиладорлик холестазини даволаш учун ўсимлик дориси борми?

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, баъзи муаммоларни даволаш учун, айниқса, ҳомиладорликда ўсимлик дори воситаларидан фойдаланиш хавфли бўлиши мумкин. Шунинг учун биз бирон бир ўсимлик ёки гиёҳни даволаш мақсадларда шифокор маслаҳатисиз ишлатишни тавсия этмаймиз.


Aммо момақаймоқ (одуванчик) илдизи ва унинг сутли қобиғи каби табиий моддалар жигар учун фойдали эканини айтиш мумкин.  Aгар шифокорингиз буни маъқулласа, сиз ушбу тавсияларни муаммони енгиллаштириш учун қўллашингиз мумкин.

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page