ҲАЗРАТИ ИНСОН ҚАДРИ ҲАР НАРСАДАН УЛУҒ!

ҲАЗРАТИ ИНСОН ҚАДРИ ҲАР НАРСАДАН УЛУҒ!

https://telegra.ph/

Инсон учун тинчлик ва хотиржамлик жуда муҳим. У меҳнат қилиши, мақсадларига эришиши ва эртанги куни учун режалар тузиши учун аввало осойишталик зарур.

Инсоният бошидан жуда кўп қирғинбарот урушлар ўтган – улар орасида энг даҳшатлиси – Иккинчи жаҳон Уруши эди, десак, муболаға бўлмайди.

Бу Уруш тугаганига 70 йилдан ошган. Бу бир инсоннинг ўртача умрига тенг бўлган вақтдир. Орамизда шу ёшдан катта бўлганларгина уруш даврини ўз кўзлари билан кўрган ёки унинг даҳшатларини ҳис қилган. 

Ғалабага эришилганидан кейинги йиллар ҳам осон кечмаган, албатта. Бу жангу - жадалларнинг асоратлари, заҳматлари Инсоният хотирасига бир умрга муҳрланган, баъзи одамлар қалбида чандиқ бўлиб қолгани ҳам рост. 

Бу урушда бизнинг жигарларимиз, миллатдошларимиз жон беришган...

Тарих зарварақларини кузатар эканмиз, II жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этгани, 604 минг нафардан ортиқ ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб юртга қайтгани, 450 минг нафардан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлиб, бегона тупроқларда қолиб кетганидан қалбимиз ларзага келади.

Уруш орти заҳматкашлари қисмати ҳам бизни бефарқ қолдирмайди. Улар ҳам ғалабага муносиб ҳисса қўшганлар қаторидан ўрин олишган.

Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.

Ўзбеклар азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғиботига бағишланган буюк миллий ва маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.

9 майни Хотира ва Қадрлаш куни сифатида умумхалқ байрами дея эътироф этилиши замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ва ғоя ўрин олган.

Орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат - машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш хукуматимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бўлиб, ҳар йили миллат қаҳрамонлари муносиб тарзда рағбатлантирилиб келинади. Мустақил Ўзбекистон халқи ва давлати аввал - бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди.

Шу боис ҳам, мустақиллик йилларида ҳам бизда 9 май умумхалқ байрами сифатида, 1999 йилдан бошлаб эса Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонланади. 

9 майнинг Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиниши бизда сиёсатнинг инсонийлашганидан, давлатнинг ҳазрати инсонга қайишганидан далолат беради. Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик – Ватанимиз фарзанди эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. 

Мустақиллик йилларида 35 жилдлик “Хотира” китобининг чоп этилгани ҳам улар хотираси учун аҳамиятли иш бўлди. Ҳозирда уруш қурбонларининг номлари мамлакатимиз пойтахти – Тошкент шаҳридаги “Хотира майдони”га ўрнатилган темир “дафтар”га ҳам зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган.

Қолаверса, бугун Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари сифатида эсга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.

Бу дунёнинг марказида Ҳазрати Инсон туради. Инсон бу дунёга бахтли яшаш учун келади. Барча неъматлар Инсон ва унинг манфаати учундир.  

Бугунги тинч ва фаровон кунларимиз учун эса улар олдида қарздормиз!

Барча юртдошларимизни 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни билан муборакбод этаман.

Юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!

Урушлар тарихда қолгани рост бўлсин!

Тинч ва фаровон кунларнинг қадрига етайлик, азизлар!


   Ҳурмат билан,  Худайназар Юнусов

Биология фанлари доктори, профессор

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор

СамДВМЧБУ ректори

Report Page