ҲАЗРАТИ ДОВУД (А.С.) САМАРҚАНДГА КЕЛГАНМИ?
Рустам Жабборов
Ер юзида пайғамбарларга нисбат бериладиган қадамжолар жуда кўп. Жумладан мамлакатимизда ҳам Ҳазрати Хизр, Ҳазрати Дониёр, Ҳазрати Айюб (а.с.) пайғамбарлар билан боғлиқ зиёратгоҳлар бор. Мазкур масканлар ҳақида ҳам турли қарашлар, фикр-мулоҳазаолар мавжуд.
Бундай рамзий қадамжолар аксарият ҳолларда пайғамбарларга, азиз-авлиёларга нисбатан ихлос ва эҳтиром рамзи сифатида барпо этилади Муқаддас динимизда қабрларга сиғиниш, улардан мадад сўраш, фарзанд ё ҳожат талаб қилиш қатъий гуноҳ саналса-да, уларни ҳурмат юзасидан, белгиланган меъёрлар доирасида зиёрат қилиш, уларнинг руҳларига атаб тиловат ва дуо қилиш хайрли амаллардандир.
Денгиз сатҳидан 1250 метр баландликда
Самарқанд вилоятида пайғамбарлар билан алоқадор, рамзий қадамжолардан бири Нуробод туманининг Оқсой қишлоғи ҳудудида, Зарафшон тоғ тизмаларининг шимолий этагида жойлашган “Ҳазрати Довуд ғори” саналади. Зиёратгохдан тоғ тепасидаги ғоргача чиқиш учун 1300 дан ортиқ зинапояни босиб ўтиш керак.

Зиёратгоҳнинг шундоққина юқорисидаги тоғ тепасида, Ҳазрати Довуд номи билан аталадиган ғор мавжуд. Ғорда Ҳазрати Довуднинг қўл ва оёқ панжаларининг изи қолган, дейишади. Бу ерга келувчи (асосан темирчилар, ҳайдовчилар, чилангарлар) айрим зиёратчиларнинг эътироф этишларича ғор ичида чин ихлос билан қилинган тоат-ибодатдан сўнг барча яхши ниятлар амалга ошаркан.
Ўтган асрнинг 30-йилларида ғорда тадқиқот олиб борган археологларнинг илмий маълумотларига кўра, денгиз сатҳидан 1250 метр баландликда жойлашган ушбу ғор эрамиздан 400-300 миллион йил аввал, палеозой эрасида рўй берган табиий ҳодисалар туфайли пайдо бўлган. Бироқ, Самарқанд ва унинг музофотлари тарихидан ҳикоя қилувчи тарихий манбаларнинг ҳеч бирида “Ҳазрати Довуд ғори” ҳақида маълумот учрамаслиги ҳам ажабланарлидир.
Йигирма беш пайғамбардан бири
Довуд (а.с.) ислом, насронийлик ва яҳудийлик динларида пайғамбар сифатида тан олинган тарихий шахслардан биридир. Қуръони каримда ҳазрати Довуд (а.с.) номлари йигирма бешта пайғамбар қаторида зикр этилади.
Қуръони карим оятларида баён қилинишича, Довуд Аллоҳнинг инояти билан Бани Исроилга подшоҳ бўлди. Аллоҳ таоло унга пайғамбарликни ҳам берди. Шу билан бирга, унга совутсозликни, темирчиликни ҳам ўргатди. Ривоятларга кўра, темир ул зотнинг қўлларида худди хамирдек эриркан. У зот темирни оловга солиб тобламасдан ҳам, болға билан урмасдан ҳам, нимани хохласалар, қўллари билан шуни ясай олар эканлар. Шу сабабли ҳам темирчилар Довуд (а.с.)ни ўзларига пир деб биладилар.
Аллоҳ ҳазрати Довуд (а.с.) ва ул зотнинг қавмига тўрт илоҳий китобнинг бири — “Забур”ни инъом этади. Тарихчиларнинг айтишларича, бу пайтда Довуд (а.с.) қирқ ёшда бўлганлар. Довуд алайҳиссаломнинг овозлари жуда ширали бўлган. У зот тиловат қилганларида осмондаги қушлар ҳам тўхтаб қолар экан.
Қуръони каримда ул зотнинг фазилатлари бирма-бир санаб ўтилган:
«... Қувват соҳиби бўлган бандамиз Довудни эсла. Албатта, у ўта қайтгувчидир» (Сод, 17-оят).
Довуд алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳар жиҳатдан қувват берган эди. У зот динда бақувват эдилар. Кунора рўза тутар, кечанинг ярмида ухлаб, ярмида ибодат қилар эдилар. Аллоҳ Довуд алайҳиссаломга тоғларни ва қушларни бўйсундириб қўйган эди. Улар ҳазрати Довуд (а.с.) билан бирга Аллоҳ таолога эртаю кеч тасбеҳ айтар эдилар.

Исломий манбаларга кўра, ул зот юз йил умр кўрганлар. Бошқа манбаларда эса, ул зотнинг эрамиздан аввалги 1035 йил Вифлеем (Байт-лаҳм)да туғилиб, 965 йилда Қуддусда вафот этганлари ва шу ерда дафн қилинганлари айтилади. У кишининг муборак мақбаралари айни пайтда ушбу шаҳарда, “Масжидул-Ақсо” яқинида экан.
Ғор ичидаги излар
Нуробод туманидаги “Ҳазрати Довуд ғори”, мазкур муассаса ходимлари фикрича, ул зотнинг устахоналари бўлган экан. Зиёратчиларнинг аксарияти ана шу фикрга қатъий ишонадилар. Улар орасида Ҳазрати Довуддан фарзанд сўраб, мушкуллари осон бўлишин сўраб келувчилар кўп. Ҳатто бу ерда Ҳазрати Довудга атаб жонлиқ сўйиб кетишни истовчилар ҳам учрайди. Муқаддас динимиз нуқтаи назаридан зиёратгоҳларда азиз-авлиёлар мозори, қадамжолари устида жонлиқ қурбон қилиш мумкин эмаслигини айтиб ўтдик. Қолаверса, бугун мазкур зиёратгоҳда ҳам бундай бидъатларга йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.

Тоғ ёнбағирлари ёқалаб тепага ўрлаган зинапоялар орқали катта сайҳонликка, сўнг яна 200 та зина пастга тушиб, мазкур зиёратгоҳнинг марказий нуқтаси — денгниз сатҳидан 1250 метр баландликдаги “Ҳазрати Довуд ғори”га олиб киради. Ғорнинг кенглиги ярим метрдан 4 метргача, баландлиги 15, узунлиги 60 метргача боради. Ғор ичкариси турли чироқлар билан ёритилган. Ғорнинг тўрида кафт ва тиззалар ўрнига ўхшаб кетадиган ўйиқларни кўриш мумкин. Зиёратчилар мазкур ғорни Довуд (а.с.)нинг маконлари ва устахоналари, бу ўйиқларни эса, кафт ва тизза излари деб ишонадилар, шу изларга ўз кафтларини босиб, дилларидаги истакларини сўрайдилар. Айтишларича, шундай ҳар қандай истак рўёбга чиқармиш.
Афсоналар замирида ҳақиқат борми?
Энди эса, бу ғорнинг ҳазрати Довудга қанчалик алоқадорлиги тўғрисида ҳам бироз тўхталсак. Халқ орасида тарқалган ривоятларга қараганда, узоқ йиллар Бани Исроил қавмига шоҳлик қилган Ҳазрати Довудга Шарқ мамлакатларига бориб, у ердаги ғайридинларни тавҳид (яккахудолик)ка чорлаш амр этилади. Шунда Ҳазрати Довуд мана шу қишлоққа кириб келадилар ва халқни иймонга даъват этадилар. Аммо, ғайридинлар ўз ота-боболари динидан воз кечишни истамай, пайғамбарни таъқид этишга тушадилар.
Ҳазрати Довуд душманлардан қочиб мана шу баланд тоғ тепасига чиқадилар ул зотнинг мўъзизалари сабаб ғор иккига бўлиниб, ёриқ пайдо бўлади. Ҳазрати Довуд ғор ичига кириб, ғойиб бўладилар. Девордаги излар ҳам ана ўша пайтлардан қолиб кетган эмиш.
Бошқа бир ривоятга кўра, Ҳазрати Довуднинг темирни кафтларида мумдек эрита олганларини эшитган Самарқанд подшоси уни асир қилиб келтиришни буюради. Кейин уни мана шу ғор ичидаги устахонага қамаб ўз аскарлари учун совут, қилич, қалқон сингари қурол-аслаҳалар ясашга мажбур қилади.
Аввало айтиш жоизки, на Қуръони карим ёки Инжилда, на тарихий ва илмий манбаларда Ҳазрати Довуднинг Марказий Осиёга келгани ҳақида маълумотлар учрайди.
Улар ҳам оддий инсон...
Албатта, ҳар бир инсоннинг виждон ва эътиқод эркинлиги қонун билан кафолатланади. Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан бундай қадамжоларни обод этишга, зиёратчилар учун барча шароитлар яратишга катта эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Зотан бу каби покиза, файзли масканларда улуғлар руҳи ҳозир бўлишса, ажаб эмас.
Қолаверса, муқаддас китобларимизда номлари зикр этилган пайғамбарлар, азиз авлиёларнинг мўъжиза ва кароматларига ҳам заррача шубҳа билдириш ниятидан йироқмиз. Қолаверса, инсон, айниқса, набийлар ва валийлар руҳи замон ва макон сарҳадларини тан олмайдилар. Уларни ёдга олиш, руҳларига атаб Қуръон тиловат қилишда катта фойда бор. Аммо, унутмаслик лозимки, улар ҳам сизу биздек инсонлар бўлишган. Фарқлари Аллоҳ томонидан буюк мақсадлар учун яралганларида.

Шундай экан, ҳар қандай мақсадларимиз рўёби учун аввало Яратгандан мадад сўрасак, шунинг баробарида ўзимиз ҳам ана шу ниятларимиз рўёби учун интилсак, нур устига нур бўларди.
Аллоҳ тўғрисини билгувчироқдир.