ҲАРОМДАН ҲАЗАР ҚИЛМАСДАН...
Муқаддас миллий ва диний қадриятларимиз бор ва бунга дунё ҳавас қилишини кўпчилик билади. Аммо, кейинги даврда уларга ҳам дарз етмоқда. Айримлар, ҳатто аёллар ҳаромдан ҳазар қилмай қўйганлиги ҳам ана шундан далолатдир. Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг сайёр суд мажлисида О.Кулдашевага оид жиноят иши кўриб чиқилди. 1954 йил 25 июнда Қизилтепа туманида туғилган бу аёл оилали, 5 нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган аёлнинг жирканч жиноий фаолиятига нуқта қўйилди.
Судланувчи О.Кулдашева, ғаразли ва паст ниятларда фоҳишахона ташкил этиш мақсадида 2021 йил 20 август куни соат 20 ларда ўзининг Қизилтепа тумани “Ободдиёр” маҳалласи “Нурлидиёр” кўчасидаги савдо дўконида моддий манфаат кўриш мақсадида М.Тўраевдан 100 000 сўмни олиб, эвазига М.Тўраевни таниши Д.Тўраева билан ўзаро жинсий алоқада бўлишлари учун уларга савдо дўконидан шароит яратиб берган. Фоҳишахона ташкил қилганини Қизилтепа туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган “Хавфсиз ҳудуд” тадбири давомида аниқланган.
Судланувчи О.Кулдашева судда, дастлабки терговда берган кўрсатмаларини тасдиқлаб, айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Ўша куни соат 20 ларда уйда ўтирган вақтида кўчадан бир йигит, хола деб чақириб келганлигини, ташқарига чиққанда дарвоза ташқарисида М.Тўраев бир қиз билан турганлигини, сўнгра М.Тўраев ёнидаги таниш қиз билан жинсий алоқа қилмоқчи эканлигини айтиб, жой қилиб беришни ва эвазига 100 000 сўм беришини билдирган.
Текинга тушган ҳаром пул эвазига савдо дўконидан интим алоқа учун шароит яратиб беришни айтган. Ёшни ёш деймизу, ёши улуғ бу аёлнинг ўз хонадонидан ифлос иш учун тоза кўрпача, рўзғорида ишлатиладиган челакда сув келтириб берганлигига нима дейиш мумкин.
Шундай қилиб, М.Тўраев бунинг эвазига О.Кулдашевага 100 000 сўмни беради. Бу пулни олгач дўконга М.Тўраев ҳамда шериги Д.Тўраеваларни киргизиб уларнинг устидан қулфлаб қўяди. Ҳаромдан келган пулни чўнтакка ўрган О.Кулдашевани хурсандчилиги кўпга чўзилмади. Орадан тахминан 10 дақиқалардан сўнг, уйига фуқаролик кийимидаги ИИБ ходимлари келиб хизмат гувоҳномаларини кўрсатади. Ишга аниқлик киритиш мақсадида савдо дўконини очишни сўрашади, сўнгра у қилган ишини оила аъзолари билиб қолишидан қўрқиб, савдо дўконини очиб беради...
Жумладан, ИИБ ходимларининг сўровига жавобан О.Кулдашева йигит билан қизни танимаслигини, уларга савдо дўконида шароит яратиб берганлиги ва эвазига йигитдан 100 000 сўм олганини билдиради. ИИБ ходимлари холислар иштирокида пулларни, дўконидаги кўрпа, челак ва кружкани далилий ашё сифатида расмийлаштириб олган. Ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар билан танишиб имзо қўяди. Содир этган жиноятидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий шароити, ёши ва касаллигини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатма беради.
Суд, судланувчи О.Кулдашевага нисбатан тўпланган далиллар орқали ўз тасдиғини топди деб ҳисобланди. Судланувчига 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шу муддат давомида кеч соат 22 дан эрталаб соат 6 га қадар яшаш жойини тарк этмаслик, Қизилтепа туман ИИБнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Навоий вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик билан боғлиқ қўшимча тақиқлар юклатилди.
Маъмуржон КАДИРОВ,
Навоий вилоят суди, жиноят ишлари бўйича
судлов ҳайъати судьяси.