ҲАРБИЙЧА РОМАНТИКА

ҲАРБИЙЧА РОМАНТИКА

Табассум

Аввал ўзимга ҳам эриш туюлди. Ҳарбийлик ва романтика бир жойда, бир қаторда, ёнма-ён туриши мумкинми? Агар тасаввур қилишга мойиллигингиз бўлса, унда жавобингиз: “бемалол”.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “романтика” сўзи ҳақида “Кишида кўтаринки руҳ уйғотадиган, уни улуғликка илҳомлантирувчи ғоя ва ҳис-туйғулар билан тўлиб-тошган нарса; дунёни юксак эмоционал ҳис этишга ёрдам берувчи вазият, турмуш шароити”, дейилган. Во ажаб. Ўқидиму ушбу изоҳнинг айнан Ватан ҳимоячиларига тегишли сўзлар орасида ва умумий маъно шу томон, ҳарбийлик томон йўналтирилганлигидан ҳайратландим. Албатта, тасаввур орқали-да. Ахир романтизм ҳарбий хизматчилар қон-қонига сингиб кетган-ку. Бу ҳудди гепатит “Б” сингари, қондаги вирус миқдорини камайтириш мумкин, лекин ундан бутунлай халос бўлишнинг иложи йўқ. Умр охиригача ўша вирус билан яшайди, одам.

Яна тасаввур қиламиз. Малол келмаса, кўзларни юмган ҳолда (бунда лавҳалар ёрқинроқ кўринади-да). Кимсасиз жой. У ёқ бу ёқда паст-баландликлар. Умуман олганда, чўлсифат ҳудуд. Олис йўлга чиққанингизда бундай ҳудудларни томоша қилиш зерикарли туюлади. Манзилгача бўлган масофанинг катта қисмини айнан шундай жойлар эгаллашидан ўз-ўзингизга йўл-йўлакай бўладиган уйқунинг қаттиқроғини тилагингиз келади. Хуллас тушундингиз. Чўпонлар мол-ҳолини ҳам ўтлатмайдиган жойда кимдир бор. Улар шунчаки бор эмас, нимадир қилишяпти ҳам. Яхшироқ қаранг, бири тош аралаш ерни кавлаяпти. Унинг қиладиган бошқа иши йўқми, деманг илтимос. Бор. Лекин айни пайтда унга шундай вазифа қўйилган. Қаранг-а, боя номигагина ерга кирган белкурак, энди сариёғдаги пичоқ мисол ҳаракатланяпти. Қўлида қуроли бор йигит кавланган жой ичига ётиб кўрди. Ўзига маъқул. Сардорига ҳам.

Энди бошқа томонга қарайлик. Саҳродаги саробдек чодир, аниқроғи чодирлар пайдо бўлипти. Қойил-ей. Кимсасиз ҳудуд кичик шаҳарчага айланди-қўйди. Ақчанг бўлса, чангалда шўрва деганларидек катта қозонда тайёрланган таом бир пасда йигитларга тарқатилди...

Бундай жойлардаги шарт-шароитларга ашаддий романтикларгина дош бериши, фаолият кўрсатиши, энг муҳими, қўйилган вазифани сифатли бажариши мумкин. Энди шу тасаввурлардан кейин ҳурматли ватандошлар, айниқса аёллар, ҳарбий хизматчиларни юраксизликда, бемеҳрликда айблаб кўринг-чи. Иккиланиб қолдингиз-а? Энди яна тасаввурни давом эттирсак.

Ҳа энди ёзу қиш чилласидаги ҳолатни тасаввур қилаверинг...

Романтика, шундай эмасми?

Гарнизондан гарнизонга кўчиб юриш – романтика!

Янги жамоага мослашиш – романтика!

Хизмат сафарида фарзандли бўлганингиз ёки оилада навбатдаги чақалоқ дунёга келганидан хабар топиш – романтика!

Ота-онангиз, қавму қариндошдан олисда яшаш – романтика!

Жиянлар билан улар анча катта бўлгач танишиш – романтика!

Илтимос, Ватан ҳимоячисини ўз хиссиётларини ифода қила олмайди, деб ўйламанг. Хизмат машаққатларида асраб-авайланган туйғуларнинг софлигига шубҳа қилманг. Уларнинг айтмоқчи бўлгани билан айта олганида тафовут катта. Аммо кўзларига диққат билан бир бора қаранг ва уларда чин романтикни кўрасиз. Шу десангиз, ҳарбийча романтика-да.

Подполковник Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ, ҳарбий журналист