ҲАРАКАТ ХАВФСИЗЛИГИ КУНИ:“Ўзбекистон локомотив депоси”да поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда учраётган ностандарт ҳолатлар, камчиликлар муҳокама қилинди

ҲАРАКАТ ХАВФСИЗЛИГИ КУНИ:“Ўзбекистон локомотив депоси”да поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда учраётган ностандарт ҳолатлар, камчиликлар муҳокама қилинди


Бугунги кунда “O‘zbekiston” локомотив депоси таркибида 55 та манёвр тепловоз ҳамда юк ва йўловчи поездларини тортадиган 80 та электровозлар мавжуд бўлиб, уларда жами 1200 нафарга яқин локомотив бригадалар фаолият олиб боради.

Поездларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш бир мутахассиснинг, ёки бир корхонанинг иши эмас. Локомотив бригадалари электровоз ёки тепловозларни бошқарса, йўл, алоқа, энергия таъминоти, вагон хўжалиги, ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати қўриқчилари эса поездларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашда энг асосий вазифани бажарадилар. “O‘zbekiston” локомотив депосида ўтказилган ҳаракат хавфсизлиги куни тадбирида бунга алоҳида эътибор қаратилди.

Жамиятнинг Ягона диспетчерлик маркази ҳамда бир қатор бошқармалари, Техник ва технологик назорат бошқармасининг Тошкент минтақавий темир йўл узели бўйича катта нозири, Узел раҳбарияти ҳамда бўлим, станциялар ва корхоналар бошлиқлари, йўл, алоқа, энергия таъминот хўжаликлари, шунингдек, “O‘zbekiston” локомотив депоси раҳбарияти ҳамда локомотив бригадалар иштирок этган ушбу тадбирда, сўнгги пайтларда поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда учраётган ностандарт вазиятлар, нуқсонлар ва уларни бартараф қилиш чора тадбирлари ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Локомотив бригадалар кеча-ю кундуз, ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга тўсиқ бўладиган нуқсон ва камчиликларга гувоҳ бўлишади деди, - йиғилишда сўзга чиққан “Тошкент минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси бошлиғи Ойбек Худойқулов. Шу боис, барча мутахассисларимиз улар билан ҳамкорликни янада кучайтириб, аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф қилиш чораларини кўриб боришлари зарур.

250 нафарга яқин мутахассис иштирок этган ушбу тадбирда, локомотив бригаларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саволларига, Узел бошлиғи О.Худойқулов, Жамиятнинг Ягона диспетчерлик маркази бошлиғи ўринбосари Н. Ҳамдамов, Узелнинг бош муҳандиси М.Содиқов ҳамда Техник ва технологик назорат бошқармасининг Тошкент минтақавий темир йўл узели бўйича катта нозири А.Маҳкамов, “Ўзбекистон локомотив депоси” бошлиғи Ф.Махаматов ва бошқа тегишли мутахассислар томонидан жавоблар берилди ҳамда уларнинг таклифлари ўрганилди.

Учрашув сўнггида, Узел раҳбарияти томонидан аномал совуқ кунларда локомотив бригадалар ҳамда йўл, алоқа, энергия таъминот, вагон хўжаликлари, шунингдек, станция бошлиқларига поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, электровоз ҳамда тепловозларнинг иш самарадорлигини янада ошириш каби кўплаб масалалар бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берилди.




Report Page