ҲАР БИРИМИЗ ВАТАН ҲИМОЯЧИСИМИЗ!

ҲАР БИРИМИЗ ВАТАН ҲИМОЯЧИСИМИЗ!


Ватан ҳимоячилари куни муборак бўлсин!

Бизда азалдан оилада ўғил фарзанд туғилса, посбонимиз бор деб, ҳурсанд бўлишган.

Дарҳақиқат, ҳар бир эркак қайси касб эгаси бўлмасин, у аввало Ватан ҳимоячисидир. У табиатан ана шундай кучли қилиб яратилган. У доимо оиласи шаънини, халқининг ор-номусини ва юрти ҳимоясини ўз зиммасига ортмоқлаб юради.

Эртага мамлакатимизда яна бир катта байрамларимиздан бири - Миллий Армиямиз ташкил этилган кун - Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланади.

Бугун дунё қалқиб турибди. Она сайёрамизнинг турли ҳудудларида этник, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий келишмовчиликлар юз бераётгани ҳеч кимга сир эмас!

Халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавф-хатарлари барчамизни огоҳ бўлишга чақиради.

Ана шундай мураккаб вазиятда Қуролли кучларимиздан юқори даражадаги жанговар қобилиятни мустаҳкамлаш талаб этилмоқда.

Сўнгги йилларда юртимизда ҳарбий-сиёсий масалаларда ҳам ислоҳотлар амалга оширилиб, Миллий Армиямизнинг ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба бера оладиган жанговор қудрати йилдан йилга ошиб бораётгани эса қалбимизга ҳотиржамлик баҳш этади.

Буни куни кеча Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган ҳавфсизлик масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш мисолида ҳам англаш мумкин.

Ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, Миллий Армияни янада ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий-маъмурий секторлар ва мудофаа саноати фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама этилган мазкур йиғилишда бугунги кунда Ўзбекистон учун ҳавфсизлик ва мудофаа масалалари нақадар масъулиятли ва муҳим экани Президентимиз томонидан алоҳида таъкидланди.

Бир сўз билан айтганда, тинчлик бўлган юртда тараққиёт, ривожланиш бўлади, байрамлар ярашади.

Мард ўғлонлар!

Ватанимиз тараққиётини ҳимоя қилишда давом этинг.

Бунинг учун албатта ҳарбий бўлиш шарт эмас - мард, фидойи ва ўз ишингизнинг устаси бўлинг!

Қалбингизни шижоат, танангизни куч қудрат ҳеч қачон тарк этмасин!

Ватанимизнинг келажаги сизга боғлиқ.

Ватан ҳимояси йўлида ҳамиша саломат бўлинг!


Ҳурмат билан,

Худайназар Юнусов

Биология фанлари доктори, профессор

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор,

СамДВМЧБУ ректори

Report Page