“ҲАР 20 МИЛЛИОНГА 100 АҚШ ДОЛЛАРИ БЕРАСИЗ”...?!

“ҲАР 20 МИЛЛИОНГА 100 АҚШ ДОЛЛАРИ БЕРАСИЗ”...?!

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

ХУДДИ ШУНДАЙ ТАЛАБ БИЛАН МИКРОКРЕДИТНИ ҲИСОБ РАҚАМИГА ЎТКАЗИШ УЧУН 4000 ДОЛЛАР ПОРАНИ ҚЎЛГА КИРИТМОҚЧИ БЎЛГАН “ХАЛҚ БАНКИ” ФИЛИАЛИ БОШҚАРУВЧИСИ КОРРУПЦИОН ҚИЛМИШИГА ЯРАША ЖАЗО ОЛДИ

2016 йил февралдан буён давлат иштирокидаги АТ “Халқ банки” Вобкент филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаган И.К. (40 ёш) ўз хизмат мавқеидан фойдаланади. Аниқроғи, Президентимизнинг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила — тадбиркор” Дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги Фармони асосида фуқароларга ажратилган имтиёзли микрокредит маблағларини “SEWING MACHINES TRADING” МЧЖнинг Бухоро вилоятидаги диллери ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркор – пора бераётган А.А.нинг манфаатини кўзлайди. Келгусида ажратиладиган микрокредит маблағларини ҳеч қандай тўсиқларсиз ва қисқа муддатларда жамиятнинг ҳисоб рақамига ўтказиб бериш эвазига 4000 АҚШ доллари пора беришни талаб қилади.

 “800 АҚШ ДОЛЛАРИ БЕРИШНИ ТАКЛИФ ҚИЛДИ, РАД ҚИЛМАДИМ”

Судда И.К. айбига қисман иқрорлик билдирди.

— АТ “Халқ банки” Вобкент филиали бошқарувчиси вазифасида ишлаган давримда 2018 йил октябрда якка тартибдаги тадбиркор А.А. биринчи маротаба тикув машиналари харид қилган фуқароларнинг кредит маблағлари “SEWING MACHINES TRADING” МЧЖ ҳисоб рақамига тўлиқ тушмагани сабаб хизмат хонамга келди.

— Харид қилган тикув машинкалари учун кредит ажратилган пул маблағлари ҳисобидан ҳар 20.000.000 сўмга 100 АҚШ долла-ри берасиз, — десам, рози бўлди.

8 октябрда А.А. хизмат хонамга келди.

— Тикув машинаси харид қилган фуқароларга ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан 800 АҚШ доллари олиб келдим, — дея пулларни иш столимнинг тортмасидаги кулдоннинг ичига қўйди. Хайрлашиб хизмат хонамдан чиқди. Шу вақтда хонамга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари кириб, тадбир ўтказилаётганини айтди.

А.А.га тўланиши керак бўлган тикув машиналари кредит пулларини чўзмаганман. Чунки 155 та фуқарога ушбу турдаги кредитлар муаммосиз ўз вақтида берилган. А.А.га тўловни амалга ошириш вақтида банкда ресурс бўлмагани сабаб, тикув машиналарининг кредит пуллари 2-3 ой чўзилган. А.А.дан 800 АҚШ доллари беришни талаб қилмаганман. У билан ҳеч қачон 4000 АҚШ доллари ҳақида гаплашмаганман. А.А.нинг ўзи тикув машиналари кредит пулларини қисқа муддатда ҳисоб рақамига ўтказиб беришимни илтимос қилган. Бирор хизмат бўлса қилишини айтди ва 800 АҚШ доллари беришни таклиф қилди, рад этмадим. Ай-бимни тўлиқ тушуниб етганман, қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман ва афсусдаман.

 8 октябрда ўз хизмат хонасида А.А.дан талаб қилинган 4000 АҚШ долларидан 800 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида, жиноят устида ашёвий далиллар билан ушланган.

Судланувчи оилавий шароити ва моддий аҳволини ҳамда қарамоғида нафақахўр касалманд отаси ва 3 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, оилада ягона боқувчилигини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўраган.

Улуғбек БОЗОРОВ, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят Ромитан туман суди раиси:

— Судланувчи И.К. ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖКнинг 45-моддасига асосан 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖКнинг 61-моддасига асосан тайинланган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва озодликдан маҳрум қилиш жазолари алоҳида-алоҳида ижро этилади.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

Манба: Даракчи.

Ҳуқуқ олами каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g






Report Page