ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИГА КЎРА АЗОНДАГИ ИККИ ТАКБИРНИ ҚЎШИБ АЙТИШГА ДОИР ФАТВО
https://t.me/diniysavollarبسم الله الرحمن الرحيم
Кириш
Замон шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги даврда юртимиз илм аҳллари бирлашиб, юзага келаётган янги-янги масалаларда Ислом шариатининг муносабатини – ҳукмини аниқлашлари ва уни бугунги кунга татбиқ этиш йўлларини излашлари уларнинг зиммаларидаги энг бирламчи вазифалардан саналади. Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво маркази уламолар ҳайъати томонидан бир қанча амалий ҳаракатлар қилинган бўлсада, лекин унинг кўлами ва сифатини ошириш долзарблигича қолмоқда.
Лекин кейинги йилларда айрим аҳли илмларимиз томонидан динимиздаги ҳалол-ҳаромга оид янги ва долзарб муаммолар қолиб, нари борса мубоҳ ва афзалликка боғлиқ бўлган, аслида бу борада динимиз йўли кенг бўлган майда масалаларда турли ихтилофлар қўзғаш ва улар орқали мўмин-мусулмонларни тарафкашлик қилишга ундаш, мухолиф фикрдаги кишиларни турли тоифаларга алоқадорликда айблаш, бу билан мўмин-мусулмонларнинг тафриқага тушишиларига сабабчи бўлиш ҳолатлари учрамоқда. Фиқҳий мазҳаби бир, ақидавий манҳажи бир бўлган мусулмонлар муҳим бўлмаган масалаларда ўзаро тортишиб, бир-бирлари билан нафратлашишга, адоватлашишга сабабчи бўлишмоқда. Аслида бундай самарасиз ихтилофлар ва тортишувлардан зарар кўрадиган томон – айнан мусулмон умматининг ўзидир. Бунга тарих шоҳид.
Айни пайтда қўзғалган ана шундай ихтилофлардан бири – азонда икки такбирни бир нафасда жуфт қилиб айтиш ёки уларнинг орасини ажратиб, алоҳида шаклда айтишга оид масаладир. Аслида ҳанафий мазҳабимизга кўра ҳар икки ҳолатда ҳам айтилган азон дуруст бўлишига қарамасдан, айрим аҳли илм кишилар ушбу масалада ўзлари билан ҳамфикр бўлмаган томонни ҳанафий мазҳабига зид йўл тутишда қоралаш ҳолати юзага келмоқда. Натижада афкор оммада ўзи тўғри деб билган олимга таассуб қилиш кузатилмоқда.
Бундай вазиятда ихтилофни бартараф этишнинг ечими ҳанафий мазҳабимиздаги энг мўътабар манбаларга мурожаат қилиш ҳисобланади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг уламолар ҳайъати томонидан ушбу масала атрофлича ўрганиб чиқилиб, алоҳида Фатво лойиҳаси тайёрланди.
Азонда тарассулнинг суннат экани
Азонни шошилмасдан айтиш суннат ҳисобланади. Ҳадисларда ва фиқҳий китобларимизнинг азон бобида азонни “тарассул” билан айтиш суннатлиги таъкидланади. “Тарассул” луғатда – “шошмаслик”, “оҳисталик”, “хотиржамлик билан ҳаракат қилиш” деган маъноларни англатади. Масалан, араб тилида бирор кишини юриши ва гапиришгида шошмаслигини ифодаламоқчи бўлинса: “تَرَسَّل الرَّجُل فِي كَلاَمِهِ وَمَشْيِهِ” яъни “Киши гапи ва юришида шошилмади, оҳисталик билан ҳаракат қилди” дейилади.
Тарассулнинг истилоҳий маъноси борасида “Мухтасарул Қудурий”нинг мўътабар шарҳларидан “Янобиъ” китобида шундай дейилган:
التَّرُسُلُ أَنْ يَقُولَ: اللهُ أَكْبَر، اللهُ أَكْبَر، وَأَنْ يَقِفَ ثُمَّ يَقُولَ مَرَّةً أُخْرَى مِثْلَهُ، وَكَذَلِكَ يَقِف بَيْنَ كَلِمَتَيْنِ إِلَى آخِرِ الْأَذَانِ
“Тарассул деб муаззиннинг “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деб, сўнг бироз тўхтаб туришига, сўнг иккинчи бор “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” дейишига ҳамда азоннинг охиригача ҳар икки калиманинг ўртасида бироз тўхташига айтилади”.
Азонда тарассул суннат эканига кўпалаб ҳадислар далил бўлади. Жумладан, Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга қарата шундай деганлар:
إِذَا أَذَّنْتَ فَتَرَسَّلْ
“Азон айтганингда тарассул – оҳисталик билан айтгин” (Имом Термизий ривоятлари).
Азонни тарассул билан айтиш тартиби
Мўътабар фиқҳий матн китобларимизда ҳам муаззин азонни “тарассул” билан яъни оҳисталик билан айтиши кераклиги таъкидланган. Жумладан “Мухтасарул-виқоя” китобида шундай дейилади:
ويترسل به مستقبلا
“(Муаззин) азонни шошилмасдан, қиблага қараган ҳолда айтади”.
Мовароуннаҳрлик олимлардан Абдулкарим ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Саббоғий ўзларининг “Мухтасарул виқоя”га ёзган шарҳларида “тарассул”ни шундай изоҳлаганлар:
وَكَيْفِيَّتُهُ أَيْ التَّرُسُلِ أَنْ يَقُولَ: اللهُ أَكْبَر، اللهُ أَكْبَر، وَأَنْ يَقِفَ ثُمَّ يَقُولَ مَرَّةً أُخْرَى، وَهَكَذَا بَيْنَ كُلِّ كَلِمَتَيْنِ
“Тарассулнинг тартиби шуки, муаззин “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деб, сўнг бироз тўхтаб туриши, сўнг иккинчи бор “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” дейишидир” (“Шарҳун нуқоя фи мухтасарил виқоя” китоби).
Яна бир Мовароуннаҳрлик олим Аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
فنقول: كل تكبيرتين بصوت واحد عندنا، فكأنهما كلمة واحدة فيأتي بهما مرتين كما يأتي بالشهادتين
(بدائع الصنائع في ترتيب الشرائع)
“Биз айтамизки: “Биз – ҳанафийларга кўра ҳар икки такбир худди битта калимадек, бир овозда айтилади. Шунда (тўрт такбир) худди шаҳодат калимасида бўлгани каби икки урунишда айтилади” (“Бадоиус-саноиъ”).
“Мухтасарул Қудурий” китобининг яна бир мўътабар шарҳи “Жомеъул музмарот”да ҳам шундай дейилган:
الترسل أن يقول الله أكبر، الله أكبر، ويقف، ثم يقول مرّة أخرى مثله وكذلك يقف بين كل كلمتين إلى آخر الأذان.
“Тарассул деб муаззиннинг “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деб, сўнг бироз тўхтаб туришига, сўнг иккинчи бор “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” дейишига ҳамда азоннинг охиригача ҳар икки калиманинг ўртасида бироз тўхташига айтилади”.
Мовароуннаҳр уламоларидан Шамсул аимма Сарахсий ўзларининг машҳур асари “Ал-Мабсут” асарларида азонда икки такбир битта овозда айтилиши билан – битта калима бўлишини айтиб ўтганлар:
فان ذكر التكبير مرتين لما كان بصوت واحد فهو كلمة واحدة
“Такбир калимаси битта овозда икки марта зикр қилинганда, битта калима ҳисобланади”.
Имом Сарахсий “Ал-Мабсут” китобида жумладан яна шундай дейдилар:
ثم قد بينا أن كل تكبيرتين بصوت واحد فكأنهما كلمة واحدة فيأتى بهما مرتين كما يأتي بالشهادتين
“Юқорида баён қилиб ўтдикки, ҳар икки такбир бир овозда, худди бир калимадек икки мартадан айтади. Худди шаҳодат калимасини айтганидек” (“Ал-Мабсут” китоби).
“Фатавойи Татархонийя” китобида ҳам ушбу масала очиқ баён қилиниб, шундай дейилган:
قَوْلُهُ: «بِتَرْبِيعِ تَكْبِيرِ» أَيْ: بِصَوْتَيْنِ، كُلُّ تَكْبِيرَتَيْنِ بِصَوْتٍ لَا بِأَرْبَعٍ
“Муаззин тўрт такбирни, икки нафасда айтади. Ҳар икки такбирни бир нафасда айтади, тўрт нафасда эмас”.
Мутааххир ҳанафий уламолардан Аллома Саййид Аҳмад Таҳтовий “Мароқил фалоҳ”га ёзган ҳошияларида шундай деганлар:
قوله (يكبر في أوله أربعا) بصوتين
“Муаззин азоннинг аввалида тўртта такбирни икки овозда айтади”.
Ҳанафий мазҳабимиздаги яна бир машҳур олим, “муҳаққиқлар хотимаси” номи билан машҳур Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ азон калималари ўртасидаги сакта (жим туриш) ҳақида шундай деганлар:
وَهَذِهِ السَّكْتَةُ بَعْدَ كُلِّ تَكْبِيرَتَيْنِ لَا بَيْنَهُمَا، وَبِهِ صَرَّحَ فِي التَّاتَرْخَانِيَّةِ
“Ушбу сакта (жим туриш) ҳар икки такбирдан кейин бўлади, ҳар бир такбир ўртасида эмас. Буни “Татархонийя”да ҳам очиқ айтилган” (“Раддул муҳтор” китоби).
Эътироз ва унинг жавоби
Юртимиздаги айрим аҳли илмлар “Азонга икки такбирни қўшиб айтиш “тарассул”га зиддир. Чунки тарассулнинг маъноси – азон калималарини орасини ажратиб, алоҳида-алоҳида айтиш тушунилади”, деб эътироз билдирадилар. Улар ушбу эътирозларига қуйидаги фиқҳий китоблардан далил келтирадилар:
Мулла Али Ал-Қорий “Мухтасарул-виқоя”нинг шарҳида шундай дейдилар:
ويترسل يتمهل فيه فى الأذان بان يفصل بين كل جملتين منه بسكتة يسع فيه الإجابة
“Азонда тарассул қилади. Бу ҳар икки жумланинг орасини азонга жавоб қайтариш имконини берар миқдорда муҳлатда ажратиб айтади” (“Фатҳу бабил-иная” китоби).
Аллома Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ “Канзуд-дақоиқ”нинг шарҳида шундай деганлар:
ويترسل فيه ويحدر فيها اى يتمهل فى الأذان ويسرع فى الإقامة وحده ان يفصل بين كلمتى الأذان بسكتة بخلاف الإقامة
“Азонда тарассул қилади иқомада эса тез айтади. Яъни азонни оҳиста, иқомани тез айтади. Бунинг таърифи шуки, азоннинг икки калимасини орасини бир сакта (тин олиш) билан ажратади. Иқомада ундай эмас” (“Баҳрур-роиқ” китоби).
Ушбу ибораларни ҳужжат қилиб, азон такбирларининг ҳар бири алоҳида айтилади дейдиган муҳтарамлар: “Мазкур фиқҳий ибораларда “азоннинг икки калимасини ораси ажратиб айтилади”, дейилмоқда. Азон такбирлари ҳам алоҳида калима бўлиб, уларни ораси ажратиб айтилиши керак”, дейдилар. Бунга қуйидагича жавоб бериб ўтамиз:
Биринчидан: Мазкур иборалар билан юқорида биз зикр қилиб ўтган фиқҳий матнлар ўртасида зиддият йўқ. Чунки икки такбир битта овозда талаффуз қилинганда битта калима саналади. Буни Шамсул-аимма Сарахсий очиқ айтиб ўтганлар:
فان ذكر التكبير مرتين لما كان بصوت واحد فهو كلمة واحدة
“Такбир калимаси битта овозда икки марта зикр қилинганда, битта калима ҳисобланади” (“Ал-Мабсут” китоби).
Иккинчидан: “Азоннинг икки калимасини ораси ажратиб айтилади” деган фуқаҳоларимиз ҳам икки такбирни ажратишни қасд қилишмаган. Масалан, “Мухтасарул-виқоя”нинг Шамсиддин Муҳаммад Хуросоний қаламига мансуб “Жомеъур румуз” номли шарҳида азоннинг икки калимасини ажратиб айтилиши таъкидланган:
ويترسل فيه والمعنى يمهل فى الأذان ويفصل بين الكلمتين ولا يجمع بينهما فانه سنة
“Азонда тарассул қилади. Бунинг маъноси шуки, азон айтиш жараёнида ҳар икки калиманинг орасини бироз муҳлат билан ажратади. Икковини бирлаштириб айтмайди. Шуниси суннатдир” (“Жомиур румуз” китоби, 1-жуз, 428-бет).
Лекин айнан шу китобнинг айни саҳифасида такбир калималари қўшиб айтилганда биринчи калиманинг “ро” ҳарфининг эъроби қандай бўлиши ҳақида баҳс юритиб, жумладан шундай дейилган:
وفي الإطلاق إشعار بأنه يضم الراء في الله أكبر على الخبرية ويسكن جماعة منهم المبرد ثم يفتحون للساكنين أو ينقلون فتحة الهمزة إليه، والأول أصوب كما في المغني اللبيب، واختار الأنباري النقل كما في "المضمرات".
“(Тарассул қилади, деб матнда) умумий ибора қўлланишидан маълум бўладики, “Аллоҳу акбар”даги “ро” ҳарфи хабар (кесим)ликка биноан дамма қилинади. Бир жамоа уламолар, шу жумладан наҳвий олим Мубаррад ҳам: “Аслида “ро” сукунли бўлиб, икки сукун бир жойда келиб қолгани сабабли ёки (лафзи жалоладаги) ҳамзани фатҳасини кўчирилгани сабабли “фатҳа” билан талаффуз қилинади, дейишган. Биринчи гап – икки сукун бир жойда келиб қолгани сабабли фатҳа қилиб талаффуз қилиниши (қоидага кўра) тўғрироқ. “Муғнил лабиб” китобида шундай дейилган. Анборий ҳамзани фатҳасини кўчирилишини тўғри деган. “Музмарот”да шундай дейилган” (“Жомиур румуз” китоби, 1-жуз, 428-бет).
Бунга кўра, “Жомиур румуз” китобининг соҳиблари аввал азонда икки калима орасини ажратиш кераклигини таъкидлаган бўлсалар, кейин икки такбирни қўшиб айтиш тартибини ўргатмоқдалар. Зеро, икки сукун бир жойда келиб қолиши – икки калима бирга талаффуз қилгандагина юзага келади. Худди шу ҳолатни “Муҳитул Бурҳоний”, “Баҳрур роиқ”, “Музмарот”, “Табйинул ҳақоиқ” каби китобларда ҳам кўришимиз мумкин. Ушбу мўътабар манбаларимизда ҳам икки такбирни қўшиб талаффуз қилишнинг тартиби таълим берилган. Бундан фуқаҳоларимиз наздиларида икки такбирни қўшиб айтиш суннатга хилоф эмас, балки айни суннат кўриниши экани маълум бўлади. Чунки ҳеч бир фуқаҳо суннатнинг хилофини таълим бериши мумкин эмас.
Иккинчи эътироз ва унинг жавоби
Яна айрим аҳли илмлар: “Фуқаҳоларимиз азон калималари ўн бешта бўлади, дейишган. Шунда такбир калималари алоҳида бўлсагина ўн бешта бўлади. Демак бундан такбирлар ҳам алоҳида айтилиши керак”, дейишлари мумкин.
Бунга жавоб шуки, ҳақиқатда фуқаҳоларимиз азон калималарини ўн бешта бўлишини айтиб ўтишган. Лекин бундан азонда икки такбирни орасини ажратиб айтиш кераклигини назарда тутишмаган. Балки бундан азон калималарини таржиъ билан ўн тўққизта бўлади, деган шофеийлар ҳамда таржиъ қилиш билан биргаликда такбир калималарини икки мартага қисқартириб, ўн еттита бўлади, деган моликийлар ўртасида фарқ бор эканини баён қилишни мақсад қилишган. Фуқаҳоларимизнинг ибораларини тўлиқ ўқиган кишига буни фаҳмлаш қийин эмас.
Қолаверса, азон калималарини ўн бешта бўлишини таъкидлаб ўтган фатво китобларимизнинг айни ўзида икки такбирни бир овозда айтиш алоҳида айтиб ўтилган. Масалан, “Фатавойи ҳиндийя” китобининг азон бобида:
الأذان خمس عشرة كلمة وآخره عندنا لا إله إلا الله
“Азон биз – ҳанафийларга кўра, ўн беш калимадан иборат бўлиб, охирги калима “лаа илааҳа иллаллоҳ”дир” дейилган бўлса, айни шу саҳифанинг ўзида жумладан яна шундай дейилади:
والترسل أن يقول : الله أكبر الله أكبر ويقف ثم يقول مرة أخرى مثله ، وكذلك يقف بين كل كلمتين إلى آخر الأذان
“Тарассул – азондаги оҳисталик муаззиннинг “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деб, сўнг бироз тўхтаб туриши, сўнг иккинчи бор “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” дейиши ҳамда азоннинг охиригача ҳар икки калиманинг ўртасида бироз тўхташига айтилади”.
Демак, “Фатвойи ҳиндийя” соҳиблари ҳам азонни ўн бешта калимадан иборат эканини айтишдан, икки такбирни орасини ажратиб айтишни назарда тутмаганлар.
Учинчи эътироз ва унинг жавоби
Яна ўша аҳли илмлар бироз таслим бўлиб, қуйидагича эътирозларини ифода этишмоқда: “Тўғри, мазҳабимизда икки такбирни қўшиб айтиш ҳам бор, лекин алоҳида айтиш ҳам бор. Бизни ота-боболаримиздан алоҳида айтишганини эшитиб келганмиз”.
Бунга жавоб шуки, аввало мазҳабимиз манбаларида азон айтишда икки хил қавл бор экани бирорта жойда очиқ баён қилинмаган. Бирорта фақиҳ “Бизнинг мазҳабимизда азоннинг айтиш кайфияти борасида икки хил қавл бор” демаган. Аксинча, юқорида баён қилганимиздек, барча фуқаҳоларимиз бу масалада якдил фикрдалар. Фақат масалани баён қилишда иборалар турлича бўлган холос. Бундан бошқача гапни айтган киши ўз иддаосини қуруқ фикр билан эмас, балки аниқ манбалар асосида исботлаб бериш лозим бўлади.
Иккинчидан, азон Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларидан бугунги кунга қадар мутавотир санадлар асосида нақл қилиб келинган. Лекин собиқ совет даврида илмни муайян санад ила олиш силсиласида узилиш юзага келган. Шу сабабдан ўша пайтлардаги таомул айрим масалаларда, жумладан азон масаласида ҳам манбаларимиздаги тартибдан бироз тафовут қилиши мумкин. Бунда ўша пайтлардаги ота-боболаримиз маъзур, балки маъжур ҳисобланадилар. Чунки улар бор имкониятлари ва илмларидан келиб чиқиб, динларига амал қилдилар. Лекин кейинги даврларда илмдаги санадларга боғланиш ва ҳанафий мазҳабимиз манбаларида келгандек амал қилиш имкониятига эга бўлинди.
Азонда ҳар икки такбирни қўшиб айтилишига ҳадислардан далиллар
Азонда икки такбирни қўшиб айтилиши, ҳар икки такбирдан кейин вақф қилиниши суннат эканига кўплаб ҳадисларда очиқ далолатлар ворид бўлган. Қуйида улардан айримлари келтириб ўтамиз:
عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا قَالَ الْمُؤَذِّنُ اللهُ أَكْبَر، اللهُ أَكْبَر، فَقَالَ أَحَدُكُمُ: اللهُ أَكْبَر، اللهُ أَكْبَر، ثُمَّ قَالَ: أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، قَالَ: أَشْهَدُ أَنْ لَاَ إِلَهَ إِلَّا اللهُ، ثُمَّ قَالَ: أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، قَالَ: أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، ثُمَّ قَالَ: حَيَّ عَلَى الصَّلَاةِ، قَالَ: لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ، ثُمَّ قَالَ: حَيَّ عَلَى الْفَلَاحِ، قَالَ: لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ. ثُمَّ قَالَ: اللهُ أَكْبَر، اللهُ أَكْبَر، قَالَ: اللهُ أَكْبَر، اللهُ أَكْبَر، ثُمَّ قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، مِنْ قَلْبِهِ دَخَلَ الْجَنَّةَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ ، وَالنَّسَائِيُّ، وَابْنُ خَزُيْمَةَ
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Бирорта муаззин “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деганда “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деса; “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деганда, “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деса; “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ” деганда “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ” деса; “Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ” деганда “Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ” деса; сўнг “Ҳайя ъалас-солаҳ” деганда “Лаа ҳавла, ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” деса; “Ҳайя ъалал фалаҳ” деганда “Лаа ҳавла, валаа қуввата иллаа биллаҳ” деса; сўнг «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деганда “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деса; “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деганда чин дилдан “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деса, жаннатга киради” (Имом Муслим, Абу Довуд, Насаий, ибн Хузайма ривоятлари).
عن أبي أمامة بن سهل قال سمعت معاوية بن أبي سفيان وهو جالس على المنبر أذن المؤذن قال الله أكبر الله أكبر قال معاوية الله أكبر الله أكبر قال أشهد أن لا إله إلا الله فقال معاوية وأنا فقال أشهد أن محمدا رسول الله فقال معاوية وأنا فلما أن قضى التأذين قال يا أيها الناس إني سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم على هذا المجلس حين أذن المؤذن يقول ما سمعتم مني من مقالتي.
Абу Умома ибн Саҳлдан ривоят қилинади: “Муовия ибн Абу Суфёндан эшитдим. У минбар устида ўтирган эди. Муаззин азон айтиб: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар”, деди. Шунда Муовия: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар”, деди. Муаззин: “Ашҳаду анла илааҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бераман)” деган эди, Муовия: “Мен ҳам” деди. Муаззин: “Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ (Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари, деб гувоҳлик бераман)” деган эди, Муовия: “Мен ҳам” деди. Муаззин азонни якунлаганда, Муовия: “Эй одамлар! Сизлар мендан эшитган (калима)ларни Мен ушбу жойда Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан айтганларини эшитганман” деди” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан кейин Билол розияллоҳу анҳу Шомга кетиб, азон айтмай қўядилар. Мадинаи мунавварага келиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак қабрларини зиёрат қилганларида, ҳазрати Ҳасан ва ҳазрати Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар у зотдан худди Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида айтганларидек азон айтиб беришларини илтимос қилишади. Бу ҳақдаги ривоятда жумладан шундай дейилади:
"... فعلا سطح المسجد فوقف موقفه الذي كان يقف فيه فلما أن قال: الله أكبر الله أكبر ارتجت المدينة فلما أن قال : أشهد أن لا إله إلا الله ازداد رجتها..."
“...Кейин Билол масжид томига чиқиб, Расулуллоҳ даврларида турадиган жойига турди. У “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар”, деган эди, Мадина жунбушга келди. “Ашҳаду анла илааҳа иллаллоҳ” деган эди ғалаён янада кўтарилди...” (Ибн Асокир ривоят қилган, Тожиддин Субкий: “Санади ҳужжатга яроқли” деганлар).
Ушбу ва бундан бошқа ривоятларда икки марта такбир айтганда муаззин вақф қилгани очиқ зикр қилинган. Ушбу ривоятлар ҳанафий фуқаҳоларимизнинг ижтиҳодини қўллаб қувватлайди.
Хулоса
1. Азоннинг ҳар икки такбири – “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар”ни бир нафасда айтиш ҳанафий мазҳабига кўра суннат амалдир. Бу мазҳабимизнинг энг мўътабар манбаларида очиқ айтиб ўтилган. “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар”дан бошқа калималар алоҳида-алоҳида айтилади.
2. Кимдир азондаги ҳар бир калимани, шу жумладан “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” лафзларини ҳам алоҳида-алоҳида айтган бўлса, унинг азони дуруст ҳисобланади, азонни қайта айтиш лозим бўлмайди.
3. Мазҳабимиз доирасидаги тарассул каби фиқҳий масалаларда ихтилофга бориш – мусулмонларнинг бирдамлигига катта зарба бўлади. Бундан фақат Ислом умматининг ўзи зарар кўради. Чунки бундай ихтилофлар буғзу адоват, нафрат ва тарафкашлик каби шариатимизда ҳаром бўлган ишларга олиб боради. Тавфиқ Аллоҳдан.
Фатво лойиҳасини Фатво маркази бош мутахассиси Абдулатиф домла Турсунов тайёрлади.
Фатво лойиҳаси билан танишиб чиқиб, розилик билдирган уламолар:
1. Шайх Нуриддин домла Холиқназар – Фатво ҳайъати раиси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси, муфтий, Фатво маркази директори;
2. Ҳомиджон домла Ишматбеков – Фатво ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари;
3. Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов – Фатво маркази бош мутахассиси, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси;
4. Саиджамол домла Масаитов – Фатво маркази бош мутахассиси, фалсафа фанлари доктори;
5. Соатмурод домла Примов – Тошкент ислом институти проректори, доцент;
6. Яҳё домла Раззоқов – Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси;
7. Фарҳод домла Жўраев – Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси;
8. Ғуломиддин домла Холбоев – Фатво маркази директор ўринбосари, Тошкент ислом институти ўқитувчиси;
9. Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров – Фатво маркази бош мутахассиси;
10. Ҳабибуллоҳ домла Жўрабоев – Фатво маркази етакчи мутахассиси, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси;
11. Абдуғофур домла Ниёзқулов – Фатво маркази бош мутахассиси, Тошкент ислом институти ўқитувчиси;
12. Сайидаҳмад домла Сайдаралиев – Фатво маркази етакчи мутахассиси;
13. Абдувоҳид домла Аҳмадалиев – Фатво маркази мутахассиси;
14. Отабек домла Мамадиев – Фатво маркази мутахассиси;
15. Ёрқинжон домла Жумабоев – Фатво маркази мутахассиси;
16. Зикриё домла Бобораҳимов – Фатво маркази мутахассиси;
17. Муҳаммаджон домла Ибрагимов – Фатво маркази мутахассиси.