ҲАМКОРЛИКДА ҲИКМАТ КЎП

ҲАМКОРЛИКДА ҲИКМАТ КЎП

@Oilamarkazi

Жорий йилнинг 15 январь куни Тошкент шаҳрида “Оила ва маҳаллаларда маънвий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этишда жамоат ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусида видеоселектор бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Республика маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда туманлар тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.

Видеоселекторда “Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастури” ижросининг якуни ва 2020 йилнинг январь-июнь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Дилором Тошмуҳамедова сўз олиб, жумладан, шундай деди:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳар қайси мамлакат, ҳар қайси халқ ҳаётида Шахс – Оила – Жамият – Давлат деган тушунча ва қадриятлар ҳал қилувчи ўрин тутади” деган сўзларида ўзига хос теран маъно бор. Негаки, жамиятнинг ажралмас бўлаги, маънавий-маърифий, тарбиявий, ахлоқий, иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларга асосланган ижтимоий бирлик ҳисобланувчи оила институти қанчалик мустаҳкам бўлса, давлат ҳам шунчалик барқарор тараққий этиши исбот талаб этмас ҳақиқатдир.

“Оила” маркази томонидан 2019 йилнинг ноябрь-декбарь ойларида “Кўринг, ҳавас қилинг, ибрат олинг!” шиори остида намунали оилаларнинг ўзига хос оилавий қадриятларини ёшлар ва ёш оилалар ўртасида кенг тарғиб этишга қаратилган 18 та ролик тайёрланиб, вилоят, шаҳар ва туманларга етказиб берилди. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Электрон ОАВ Миллий Ассоциацияси тизимидаги телеканаллар ҳамкорлигида “Ибратли оила” кўрик-танлови ғолиби бўлган 14 та оила ҳақида видеороликлар ишланиб, кенг тарғиб қилинди.

Биргина ўтган икки ой мобайнида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”ларида ташкил этилган 149 та тренингда 17,8 минг нафар йигит-қизнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги билим ва кўникмалари оширилди. Шунингдек, 20 йил ва ундан ортиқ аҳил, иноқ, тотув ва ҳамжиҳат бўлиб бирга бахтли яшаган 1188 нафар намунали оила вакиллари иштирокида ёш оилалар, ёшлар иштирокида маҳаллаларда давра суҳбатлари ўтказилди. “Оила ва жамият фаровонлиги – тараққиёт омили” мавзуида аҳоли билан, жумладан маҳаллаларда 3217 марта маънавий-маърифий мавзуларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилди.

Аммо бугунги глобаллашув даври биздан оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига чуқур илмий ёндашувларни, муаммолар ечимида инновацион усулларни қўллашни, соҳада илмий-тадқиқот муассасалари ва давлат-нодавлат ташкилотлари билан яқин амалий ҳамкорликда иш олиб боришни талаб этмоқда. Фақат шундагина низоли оилалар муаммоларини ҳал этиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ажрашишларнинг олдини олиш, замонавий намунали оила мезонларини ривожлантириш, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, энг муҳими, четдан кириб келаётган турли таҳдидларга қарши туришда муайян натижаларни қўлга киритиш мумкин.

Бу борада оила билан ишловчи барча дахлдор давлат-нодавлат ташкилотларидан янада фаоллик, кучли ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик, бир мақсад йўлида жипсликни кучайтириш талаб этилади.

Видеоселекторда бошланган ишларни тизимли давом эттириш мақсадида “Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2020 йил январь-июнь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастури” лойиҳаси муҳокама қилинди ва маъқулланди.

Ушбу Дастур 7 та йўналиш ва 27 та банддан иборат бўлиб, унда республика, вилоят, туман ва маҳалла даражасида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, оила-турмуш муносабатларини яхшилаш, қўни-қўшничилик, тўй ва бошқа маросимларни миллий қадриятлар асосида ташкил этиш, ёшларни катталарга ҳурмат, кичикларга иззат руҳида тарбиялаш, ҳар бир инсон қалбига миллий ғояни чуқурроқ сингдиришга қаратилган қатор чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Жумладан, “Оила” маркази томонидан “Оила – муқаддас” мавзусида ижтимоий роликлар тайёрлаш, уларни марказий ва ҳудудий телеканаллар орқали намойишини ташкил этиш ҳамда 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан “Oilaviy”, “Mahalla” телеканалларида телемарафон ташкил этиш режалаштирилган.

Қайд этиш зарурки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.

“Оила”маркази Ахборот хизмати


Telegram | Facebook | Instagram | www.oilamarkazi.uz

Report Page