ҲАМИДУЛЛА БОЛТАБОЕВ – АДАБИЁТ МУҲИБИ, УСТОЗ ВА ШОГИРД – ЯЛАКАТ МАҒИЗ
Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон ҚаҳрамониХХ асрнинг 70-йилларида илк танишганимизда Ҳамидулла Болтабоев тийрак йигит эди. У ўқиган китоблари, уларнинг “сир-синоатлари”ни тез илғаб олар, китобни яхлит (бир бутун) тасаввур қилар, аниқ, бийрон сўзлар билан ҳикоя қилиб берар, хорижий тилларни ҳам қийналмасдан, зўриқмасдан қисқа вақт ичида ўрганиб оларди. Университетдошлари унинг хотирасига ҳайрон қолардилар. Унда адабиёт илми – адабиётшуносликни билиш ва тушуниш учун табиий туғма хусусиятлар мужассамлашгандек кўринарди. Санъатнинг мураккаб ҳодисаларини тез “чақарди”. Мен Ҳамидулладаги табиий тийраклик билиш, ўрганиш жараёнларига, уларнинг қирралари табиий чархланиб боришига кучли таъсир этса керак, деб ўйлардим.
Адабиётшунос бўлиб туғилмайдилар. Аммо у адабиётшунос муаллим бўлиб туғилган. Худди Ҳоди Зариф, Иззат Султон, Азиз Қаюмов каби. Шунинг учун таниқли рус олими Юрий Борев уни лутф қилиб “кичик оқсоқол” деб атаган, чунки оқсоқоллар каби ақлли, донолиги ва ишларни дўндиришини кўрган.
Йирик хассос, адабиётшунос олим Умарали Норматов эса ўта камтарлик билан менинг барча асарларим Ҳамидулла Болтабоев қўлидан ўтган, уни шогирдим деб аташга ийманаман деб ёзган эди.
Ҳамидулла Болтабоев адабиётшунослик деб аталган ажойиб қизиқарли фаннинг барча мураккаб соҳалари тўғрисида илмий-назарий ишончли мутахассис сўзини айта олади. Унинг янги Ўзбекистон шароитида университетларда “Адабиётшунослик ва структурал поэтика” деб номланган янги фан ташкил этиб маърузалар ўқиётгани социалистик реализмнинг қизил чизиқларидан сўнг миллий мустақиллик даврида катта илмий, маданий ҳодиса бўлди. Ёшларни васвасага соладиган қизил чизиқлар ўрнига эндиликда “Структурал поэтика” таҳлиллари ёшлар тасаввурларини бойитмоқда.
Янги даврда адабиёт ва санъат соҳаларида янги ғоялар, янги усул-услублар қарашлари мисоли дўлдай ёғилмоқда. Дам Бахтин, дам Веселовский, дам Потебня, дам казо-казо жаҳон адабиёти назариёти асосчиларининг жилд-жилд постмодерн дарсликлари, талқинлари, таҳлиллари. Улар ҳаммаси бир бўлиб янги замон илми сифатида бирлашиб барча адабиётшунослардан кўп ўрганиш, кўп билиш, кўп ўзлаштириш, кўп янгидан қуришни талаб қилмоқда.
Адабиётшунос ҳамкасблар шу улуғ жараёнда ўзини мисоли дорбоз каби сезмоқда, дорбоз каби юксакда ҳаракатланмоқда. Уларнинг лангари бутун чигал терминологияси (Батай, Гваттари, Грицианов, Фуко, Рорти, ризома, семиотика, симуляция, “автор ўлими”, структурализм, трансгрессия ва бошқа махсус шундай назарий ҳодисалар) “структурал поэтика”ни тушуниш ва таҳлилларига сув билан ҳаводай зарур. Ҳозирги замон адабиётшуносига асло осон эмас. Лекин Ҳамидулла ва ҳамкасб дўстларининг ғайратли сайъи ҳаракатлари билан ёшларнинг онглари янги таҳлил қуроллари ёрдамида очилмоқда.
Умарали Норматов ўз шогирдлари билан замон адабиёти ва назариядаги ўзгаришлар, ўзбек назариясидаги янгиланиш интилишлари ҳақида жуда қизиқарли суҳбатлар олиб борарди. У Ҳамидулла Болтабоев билан ҳам икки бора кенг-батафсил суҳбат қилган эди. Уларнинг бири “Янги назарий тамойиллар ва янгиланаётган адабий жараён” деб аталарди. Бу адабиётда янгиланишларнинг ўзига хос дебочаларидан бири эди. Умарали Норматов худди шунингдек Раҳмон Қўчқор ва Дилмурод Қуронов билан ҳам салмоқли кўламли суҳбатлар қилган эди. Булар адабиёт ҳодисалари билан яқиндан қизиқиш ва ривожланишдан ўта манфаатдорликнинг маҳсуллари эди. Раҳмон Қўчқор билан суҳбатда устоз олтмиш йилдан ортиқдирки, “адабиёт ичидаман” деб айтган эди.
Умарали ака Ҳамидулла Болтабоев, Дилмурод Қурон, Улуғбек Ҳамдам, Раҳмон Қўчқор, Шоира Норматова сингари шогирдларини бир умр доимо “адабиёт ичида” бўлишга даъват этарди. Уларни шунга рағбатлантирарди. Улар устоз ўгитини бир дам ёддан чиқармай ҳозирги замон адабиётининг тугал манфаатлари билан яшаш, нафас олишга, миллий адабиётимиз равнақидан баҳрадор бўлишга одатланишган.
Буни мен мабодо баландпарвоз эшитилмаса, адабиётшуноснинг чин фидокорлиги деб атаган бўлардим. Устоз Умарали Норматов кўкартирган боғ узоқ замонларга етиб борадган самара берди. Ўзбек адабиёти бағрида “Умарали Норматов мактаби” деган фидокорлик мактаби майдонга чиқди. Ҳамидулла Болтабоевнинг айрим асарларини санаб ўтсам, ўқувчиларимиз бу гапнинг ҳақиқатига ишонч ҳосил қилсалар керак. Ҳамидулла Болтабоев ўзбек илмида илк бора “Адабиёт энициклопедияси”ни яратди. Мен бу улкан қомуснинг қўлёзмаси билан танишман. Унинг мутолааси вақтида Ҳамидулла билан неча-неча бор узоқ суҳбатлар қилганмиз, тортишганмиз, асосий йўл-йўриқларни шаклланшини кузатганмиз; тили, услуби, қамрови қандай бўлиши кераклиги устида кунлаб, ойлаб бош қотирганмиз. Азиз Қаюмов ва Найим Каримов қомус ҳақида уни қутлаб теран мақолалар ёзишди. Уларнинг мақолаларида ҳам бизни, уни тузишда жонкуярлик билан ҳамкор бўлган файласуф олим ва адиб Маҳкам Маҳмудовни ўйлантирган масалалар акс этганини қайд этиб ўтишим керак. Аммо Ҳамидулланинг шижоати билан қомус юзага келди ва у қомусчилигимизда сезиларли воқеа бўлди. Ундан сўнг Ҳамидулланинг яна бир қимматли асари “Шарқ мумтоз поэтикаси” дунёга келди. У бу ажойиб маълумотларга ниҳоятда бой китоблар устида худди фаранг қомусчиси Монтескёга ўхшаб ўзини аямай бутун жонини шу ишларга бағишлаб ишлади. Илм-билимни чин маънода оширадиган тарихда қоладиган китоблар юзага чиқди.
Ҳамидулланинг “Фитрат ва жадидчилик” деган китоби чиққанда, у ўқувчиларни яна бир карра ҳайратга солди. У худди Наим Каримов, Шерали Турдиев, Бегали Қосимов, Бойбўта Дўстқораев, Сирожиддин Аҳмедовнинг маълум ва машҳур китоблари каби жадид адабиёти қуёшини самога олиб чиқди. Фитратнинг миллат озодлиги, маданияти, илми, адабиётининг юксалиши учун олиб борган мислсиз фидокор фаолияти ўзининг барча олтин қирралари ва мислсиз тарихий, ижтимоий, сиёсий аҳамияти билан халқимиз кўз ўнгида тўлиқ намоён бўлди. Уни мен Фитрат ва ўзбек миллий маърифати ҳаракати ҳақидаги бебаҳо қомусдай ўқидим. Бунинг устига Ҳамидулла Фитратнинг буюк “Мунозара” асарини форс тилидан ўзбекча тўла илмий салоҳиятли таржима қилди. Гўзал “Сайҳа”нинг шеърларини илк бора ўзбекчага ўгирди. “Сайҳа” миллий дардларимизга дармон ва малҳам бўлди. Мислсиз кураш йўлини кўрдик. Инсон ўз муҳаббатида қанчалар юксакларга кўтарила олиши мумкинлигига комил ишонч ҳосил қилдик. Ҳамидулла “Ҳинд сайёҳи”ни ҳам жуда жиддий ўрганиб, ўзбекчага таржима қилиб нашрга тайёрлади. У Фитратнинг беш жилдлик асарларини бошдан охир илмий изоҳлар, яралиш, ижтимоий ҳаётга кириш тарихлари билан бирга чоп этди. “Мумтоз сўз” нашриётини ташкил этди. Унда адабиётимиз тарихининг улкан намояндалари асарларини халқимизга туҳфа қилди.
Ҳамидулла Болтабоевнинг тадқиқотчи олим Маҳкам Маҳмудов билан ҳамкорликда “Адабий-ээстетик тафаккур тарихи” уч жилдлик асари жаҳон эстетика фанининг неча минг йиллик тарихини ўрганишга ҳавасманд ўзбек ўқувчиларига муносиб совға бўлди. Мен “адабиёт ва илм ичида яшаш” нималигини ўқувчиларимизга англатмоқчи бўлганимда Ҳамидулланинг мана шундай миқёсли кўламли асарларини назарда тутган эдим. Унинг барча ёзган асарлари, ўқиган маърузаларининг библиографияси бир жилдни ташкил этади. Мен қомусчи олим, ижодкор, фан ташкилотчиси, муаллим, профессор дўстимни етмиш қутлуғ ёши билан қутлайман. У улуғ устозлари, уларнинг ўгитларига муносиб қадам ташлаяпти. Ўзбекистон илм-фанини дунё миқёсига олиб чиқишга ғайрат билан сайи ҳаракатлар олиб боряпти. Ўттиздан ортиқ илм-фан энтузиастларини етиштирди. Улар ҳам устоз изидан садоқати том билан ғайрат камарини боғлаганлар. Илм қутлуғдир деб имон келтириб эътиқод қилганлар.
Энг қимматли нарса – ҳаракатчан, фаол юрак, дейди Америка адиби Ралф Эмерсон.
Юрак – олмос, дейди Қудрат Ҳикмат.
Олмос юраклар асло толмасин.
Иброҳим Ғафуров,
Ўзбекистон Қаҳрамони