ҲАЛОЛЛИК ВАКЦИНАСИ БИЛАН ЭМЛАНГАН ИНСОН

ҲАЛОЛЛИК ВАКЦИНАСИ БИЛАН ЭМЛАНГАН ИНСОН


Суд тизимида «ротация», яъни алмаштириш тажрибаси мавжуд. Судьялар маълум бир муддатдан сўнг бошқа жойга «рокировка» қилинади. Камина ҳам 2019-20 йилларда тақдир тақозоси билан Сурхондарё вилоятли Қизириқ тумани Маъмурий суди раиси лавозимига тайинландим. Белгиланган манзилга томон кета туриб, янги жой, янги иқлим, нотаниш одамлар – тамоман ўзга бир шароитга кўникиш масаласи устида бош қотириб бордим. Манзилга етганимдан кейин ҳам Қизириққа қизиқишим унчалик ҳам ортмади. Шу кез, атоқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романидаги бир бир ҳолат кўз олдимда гавдаланди. Савдо иши билан илк бор Марғилонга борган Отабекнинг кўзига у жойлар ниҳоятда кўрксиз, зерикарли бўлиб туюлади. Бир муддат ўзини қўярга жой топа олмай қолади. Бу ҳол отасининг дўсти Зиё шоҳичи бошчилигидаги бир гуруҳ кишилар уни йўқлаб келмагунларича давом этади. Шундан сўнг Марғилон унинг қаршисида бор гўзаллиги билан намоён бўлади...
Мендаги дилтанг ҳолатнинг ариши учун ҳам шундай бир турткига эҳтиёж бор эди. Дастлабки иш куним, суд соҳаси фахрийлари билан учрашдим. Улар ўзларининг ўтмиш хотиралари билан ўртоқлашишди. Мулоқот жараёнида, ўзим билган, беҳад ҳурмат қилган инсоннинг номи тилга олинди, бу – Парда Эшматов эди. Дарвоқе, суд соҳасида илк иш бошлаган кезларим ана шу инсоннинг тажриба мактабидан сабоқ олганман: эсимда, 2004 йили жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида катта мутахассис сифатида иш бошлагандим. Ўша пайт Парда ака Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида раис ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатарди. Айтишим жоизки, тўғри сўзликни ҳалолликни, ишга қандай ёндашишни, суд ҳукмини ёзишни устозим Парда акадан ўрганганман. У киши менга суд ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш учун кўрсатмалар берарди. Судга арз билан келган фуқароларни қабул қилишда бевосита биргаликда иштирок этганман. Парда ака фуқароларнинг мурожаатларини сабр-тоқат билан охиригача эшитарди. Уларга суд тизими, унинг фаолияти, судьянинг фақат қонун ва адолат тамойилига таяниб ҳукм чиқариши; мустақиллик шарофатидан судлар мустақил бўлгани, унинг ишига ҳеч бир амалдор ёки маҳкама аралаша олмаслиги, топшириқ ёки кўрсатма беролмаслигини ётиғи билан тушунтирарди. Ҳаттоки, суд раиси ҳам, раис ўринбосари сифатида ўзи ҳам бу жараёнга таъсир кўрсата олмаслигини билдирарди. Мабодо, суднинг ҳукмидан норози бўлсалар, бемалол юқори инстанцияларга апелляция ёки кассация тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлигини, баайни суднинг ҳукмида худди шу нарса таъкидланишини айтиб ўтарди.

Парда Эшматовни 2004 йил декабрь ойида нафақага кузатдик. Орадан бироз вақт ўтиб, у кишини суд биносида учратиб қолдим. Анча суҳбатлашдик. У киши ҳозирда нафақада экани, уйда зерикиб қолгани, бирор жойда ишлаш иштиёқи борлигини айтиб ёзғирди. Шундан сўнг мен қайси корхонада бўш юристлик штати борлиги билан қизиқиб кўрдим. «Косон дон» МЧЖ да бир ставка Қашқадарё таълим таъминот корхонасида бўш иш ўрни борлигини билиб, у кишига таклиф бердим. Парда ака икки жойда ҳам ишлашга розилик берди ва у ерда анча йил тажрибали ҳуқуқшунос сифатида ишлаб, суд жараёнларида ютиб чиқиб, корхонани ишчи ходимлари ҳамда корхона манфаатларига катта фойда келтирди...

Хуллас, Қизириқда кечган суҳбат асносида фахрийлар устознинг тўғри, ҳалол, адолатли судья бўлганликлари ҳақида кўп илиқ фикрларни билдиришди. У киши институт сабоқхонасидан тўғридан-тўғри судьялик вазифасига тайинланган саноқли судьялардан бири эканини ҳам шу суҳбат асносида билдим.

Мен парда аканинг узоқ йиллар Сурхон воҳасида фаолият кўрсатганидан, вилоят судида, кейин икки муддат Жарқўрғон туман судининг раиси бўлиб ишлаганидан хабарим бор эди. Фақат, айрим тафсилотлар, ҳаётий мисоллар менинг бу инсон ҳақидаги тасаввурларимни бойитди. У киши билан бирга суд маслаҳатчиси сифатида ишлаган, нафақадаги ёши улуғ тиш шифокор билан бўлган суҳбатим шунга бир мисол. У киши Парда акани эслаб беҳад тўлқинланиб кетди. Устознинг ҳалол ва пок инсон, одил судья бўлганига, фаолияти даврида фақат ва фақат адолатга таяниб иш кўрганини тасдиқловчи бир воқеани эслади: «Бир куни Парда аканинг тишлари тушганини кўриб қолдим. Тиш ҳам инсоннинг зийнати, биласиз, қолаверса ички аъзоларнинг бенуқсон ишлашида ҳам тишнинг ўрни беқиёс. Билдимки, шунга қаноат қилиб юрганлари, тиш қўйдирмаганлари маблағ билан боғлиқ муаммо эди. Шундан, ўз ҳисобимда тиш қўйиб берай, деб таклиф киритдим. Унамадилар. Одам ҳам ўз соғлигига шу қадар лоқайд бўладими, деган фикр кечди хаёлимдан. Кейинроқ билсам, бу ҳам тама бўлиб қолади деб унамаган эканлар. Парда ака нафақат тама балки шамага ҳам ўрин қолдирмайдиган инсон. Устоз Парда Раҳимович менинг хотирамда доимо ҳалол, пок, самимий, ҳокисор инсон бўлиб қолганлар. Биз ҳалоллик вакцинасини шундай одамлардан олишимиз керак», – деди нафақадаги тиш доктори фахр билан.

Ҳа, бу гапда жон бор. Давлатшоҳ Самарқандий: «Ҳар қандай давлатнинг тўртта устуни бўлади: шулардан бири вазирлар бўлса, иккинчиси дабирлар...», дейди. Яъни, қози-ул қуззотни назарда тутади. Худди мана шу таъриф, бугунги суд ва судьяларга ҳам тааллуқлидир. Зотан, янги Ўзбекистон шароитида, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам судьяларнинг мустақил экани, уларнинг фақат қонунга бўйсунишлари алоҳида таъкидланган. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши қайд этилган. Агар, мана шу сатрларда билдирилган фикрларни нурли манзилларга етаклагувчи йўриқнома, дастур деб қарасак, устоз Парда Эшматов сингари ҳалоллик вакцинаси билан эмланган кишиларнинг бу соҳадаги фаолияти йўлчи юлдуз вазифасини ўтайди.

Ш. ЭШИМОВ,
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси

Report Page