ҲАЛИ ҚАНЧА ҚЎШИҚЛАР ЯРАТИЛАРДИ...

ҲАЛИ ҚАНЧА ҚЎШИҚЛАР ЯРАТИЛАРДИ...

Ёднома



 Яхши суҳбатлар кишида гўзал хотиралар қолдиради. Кўнглингга яқин, санъатни, адабиётни севадиган, виждони, қалби уйғоқ инсонлар билан қилинган гурунгларни қайта-қайта ўқигинг келаверади.

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Анор Назаров билан бундан бир неча йил олдин учрашгандим. Ҳасталик енгишга уринган вужудини тик тутишга, сочилиб кетаётган сўзларини йиғишга, дилида тўпланиб, тошиб кетаётган фикрларини тушунтириб беришга уринган руҳан кучли ва ғоят истеъдодли инсон сифатида кўз олдимда қолган бу юксак истеъдод соҳиби билан бўлган суҳбатни сизга ҳам илингим келди...

 

 

“Қутадғу билиг”ни ўқиётган инсон

Кўп қаватли уйнинг тўртинчи қавати. Бир оз сарсонгарчиликдан сўнг топиб борган хонадонимнинг бекаси Матлубахон Раҳимова қия очиқ эшикдан кулиб чиқдилар. Аёвсиз йилларнинг заҳматлари ёшлигини, назокатини аёлдан бутунлай олиб кетмаганлигини унинг маъсум табассумидан, нигоҳларидаги меҳрдан илғаш қийин эмас. Ичкарига кирарканмиз, ўзбекона тахта сўрининг устидаги хонтахта ёнида қалин муқовали “Қутадғу билиг”ни мутолаа қилиб ўтирган кишига юзландим. Мени очиқ чеҳра билан қаршилаган бу инсон Ўзбекистон санъат арбоби, Абдулла Қодирий номидаги давлат мукофоти, “Фидокорона хизмати учун” ордени ҳамда “Эътироф – 2017” мукофоти соҳиби, таниқли композитор, халқимиз қалбидан чуқур жой олган юзлаб тароналарнинг муаллифи Анор Назаров эди. 

 

Эл суянган, элга тиргак қўшиқлар

Уйимизда радио бўларди. Ҳовлимизнинг бурчагига илинган бу матохнинг биз фарзандлар тарбиясига яхшигина таъсири бўлган десам, янглишмайман. Боиси, ундан тараладиган дилбар куй-қўшиқлар, адабий эшиттиришлар, ёзувчи ва драматургларнинг машҳур асарларига ишланган радио постановкаларни тинглаб иш қилардик, дам олардик. “Ўзбекистон”, “Машъал”(ҳозирги “Маҳалла”), “Ёшлар” радиоканалларининг нафақат ҳар бир дастури, эшиттириш муаллифларигача юрагимиздан ўрин олганди ўша паллалар. Айниқса, радио тўлқинлари аро тараладиган, кўнгилни кўтарадиган, куйи куй, шеъри шеър бўлган қўшиқлар кекса-ю, ёшни бирдек хушнуд қиларди. Энди ўйласам, истиқлолнинг илк йилларида биз шундай тароналарга суянганмиз, ишонганмиз. Мустақил бўлган мамлакатимиз эндигина ўзини тиклаётган, одамлар орасида келажакка ҳали ҳам оросат, мавҳум бир ишончсизлик бор мураккаб вақтда санъатдек кучнинг улуғворлиги бизга ҳақиқатдан улкан мадад бўлган. Ватанни севиш, ўз уйини, қўрғонини ўзи ҳимоя қилиш, юрт бошида турган раҳбарга ишониш ва тиргак бўлишда юртпарварлик руҳи билан суғорилган қўшиқларни яратиш давр тақазоси эди. Шундай муҳим жараёнда одамлар ва давлат ўртасида кўприк бўлиш, юрт энди чин маънода ўзимизники эканлигини кишилар онгига сингдириш учун санъат ва адабиёт пешволаридан фақат фидойилик талаб этиларди. Бастакор Анор Назаров ҳам шундай инсонлар қаторида эди. 

 

“Мен нечун севаман, Ўзбекистонни”

1950 йил Тошкент вилояти Бўка шаҳрида туғилиб вояга етган Анорбек болалигидан санъатга ошуфта бўлди. Табиатнинг хуш ҳавосини, сойларнинг шовуллаган овозини, қушларнинг сайроғини куйдек танглаган болакай, еру самода ҳар бир нарсанинг ўз овози, товуши бор эканлигини пайқайди. Вояга етгач, Тошкент консерваторияси (ҳозирги Ўзбекистон давлат консерваторияси)га ўқишга кириб, иқтидорли ва малакали устозлар қўлида мусиқанинг нозик жиҳатларини, ноталарнинг ажабтовур оҳангларини ўрганади. Алишер Навоий номидаги давлат опера ва балет театрида созанда, Ўзтелерадиокомпания қошидаги Эстарада-симпоник оркестрининг бош дрижёри ва бадиий раҳбари, “Ўзбекнаво” эстарада бирлашмасининг директори каби лавозимларда ишлаган компазаторнинг ижодини кузатган киши унда қўшиқлар бирламчи эканлигини фахмлайди. Чунончи у Ватан ҳақидаги энг сара тароналарнинг муаллифи сифати эътирофга лойиқдир.

“Ўзбекистон муштарак”, “Озод элнинг ўғлиман”, “Ватан ягонадир”, “Ўзимнинг элим”, “Туркистоним яйра”, “Гўзал Тошкент”, “Кўринг бу кун Ўзбекистонни”, “Улуғимсан Ватаним” каби қўшиқларнинг тиллардан дилларга кўчиши бежиз эмас. Қалб қўри, юрак изҳори бўлиб яралган бу санъат асарларини тинглаганда тингловчи ҳам беихтиёр унга жўр бўлгиси келади. Сатрлари таниш оҳангларнинг оҳанграбосига эш бўлмоқни истайди. Барот Исроил шеъри, Зоҳида Умарова ижросидаги ашулани эслаб кўринг-а: 

Дарбадар кезмаса ким,

Юрт қадрин билмас эмуш.

Мусофир бўлмагунча 

Мусулмон бўлмас эмуш. 

 

Ёки ўзбекнинг юртпарвар халқ шоири Абдулла Ориповнинг:

 

Мен нечун севаман, Ўзбекистонни?

Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё.

Нечун Ватан дея еру осмонни,

Муқаддас атайман, атайман танҳо, – деган саволи хонандалар Нуриддин Ҳайдаров, Кумуш Раззақова ҳамда Достон Убайдуллаев учлигида минглаб ўзбекистонликларнинг дил сўзига айланганишида буюк ижодкорнинг машаққатга йўғрилган бахти борлигини англаб қоласан киши. 


Ижодхона

Китоб тўла жавон, фортапиано, ёзув столи устидаги қаҳва ва бабатартиб нота ёзувлари битилган қоғозлар. Мана шулар улуғ ижодкорнинг камторна ҳаёти, фаолияти ҳақида тасаввур уйғотадиган ижодхона. Қанчадан-қанча бебаҳо асарлар дунёга келган, илҳом билан муаззам тунлар, соҳира тонглар кутиб олинган, муҳаббат билан дунёга келган, ишқ билан кўнгилларни забт этган куйларнинг гўшаси. Компазитор куй чала бошлайди. Оқ-қора клавишлардан таралган оҳанглар дилни қамраб, ажиб саодатли кунларга ишора қилади. Матлубахон опа эса бир четда ийманибгина ўтирсада, бироқ ҳар бир садога диққат билан қулоқ тутади. Бу оиланинг бахти ҳам шундадир балки. Ёнингдаги йўлдошинг сенга ижод йўлида ҳам қанот бўлса, яратиқларингни биринчи тингловчиси бўлиб, ҳайриҳох бўлса, умрингнинг қуёшли тарафи шудир асли. Икки ўғилни вояга етказган бу жуфтлик фарзандларининг ҳам мусиқа санъатини танлашини, издош бўлишини орзулашди. Дилшодбек Назаров ота йўлидан бориб, кўпгина ютуқларга эришди. Франция давлат консерваториясини мувафаққиятли тамомлаб, юртимизда истеъдодли ёшлар орасидан биринчилардан бўлиб “Ниҳол” давлат мукофотига сазовор бўлди. Айни пайтда ҳам ижод қилиб, хорижда малака оширмоқда. Қаҳрамон эса ҳозирда институтнинг магистратура босқичи талабаси. 

Асли касби мусиқа ўқитувчиси бўлган Матлубахон опа билан гурунгимиз қизиб, ижод завқи, гўзал асарлар яратиғига тақалди. 

– Биласизми, мен бу инсондаги ватанпарликни қадрлайман, – дейди опа. – Анор акадаги нозик дид ва фаросат, уларнинг шундай ажойиб асарларни яратишига замин бўлди. Қаерга бормайлик, одамлар билан самимий мулоқот қилиб, улардаги меҳнатсеварлик, меҳмондўстлик ва бағрикенгликдан илҳом оладилар. Қолаверса, кўп китоб ўқийдилар. Шеърни жуда эҳтиёт бўлиб танлайдилар. 

 

“Ҳар бир шеърнинг ўз куйи бор”

Ҳа, она юрт тўғрисида бундай жонбахш куйларни яратган инсоннинг ноёб фазилатлар эгаси бўлиши рост. Ватанпарварлик руҳи билан яшаётган юрт посбонларининг машаққатли ҳаёти, фидойи хизмати билан боғлиқ асарларнинг ҳам ижодкор репертуарида салмоқли ўрин эгаллаганлиги шундандир эҳтимол. “Посбонларимиз”, “Паҳлавонлар – полвонлар”, “Чегарачи аскар қўшиғи”, “Аскар йигит вальси”, “Мангу шарафлар”, “Ўзбекистон аскарлари марши”, “Эл дардига дармон бўлайлик”, “Лейтенантга ошиқ қиз” каби бир қанча асарларнинг оламга қўшиқ бўлиб таралишида компазиторнинг хизмати эътирофга молик. 

– Мен доим ўлмас, бебаҳо асарлар яратишни орзу қилганман, – дейди Анор ака суҳбат чоғида. – Табиати бебаҳо, одамлари дарёдил Ватанни борича куйга сиғдириш катта жасорат менимча. Мен бу ишни тўлақонли уддаладим, дея олмайман. Ҳали қиладиган ишларим, ёзадиган куйларим кўп. 

Ҳар бир шеърнинг ўз мусиқаси бўлади. Масалан Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг шеърини ўқиган чоғимдаёқ, хаёлан қулоғим остида куй жаранглай бошласа, Рауф Парфи шеъри айрича бир мусиқани кутади. Барот Исроилов, Жуманиёз Жабборов, Анвар Обиджон, Муҳаммад Юсуф шеърларига халқона оҳанглар жило беради. Ҳозирда шоирлар Иқбол Мирзо, Шукур Қурбон, Сирожиддин Саййид, Махмуд Тоир, Азиз Саид яхши ижод қилишяпти. Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига атаб Ўзбекистон ҳақида ёзилган қўшиқларим жамланган сайланма яратиш тилагим бор эди. Ҳозир шу тўплам “Шарқ” нашриётида турибди. Балки энди чиқиб қолар. 

Шу пайтгача мумтоз асарларга қўл урганим йўқ. Очиғи қўрқаман. Мумтоз адабиётимиз шу қадар бемислки, уни ўқиб, кишининг ҳайрати ошаверади. Энди унга басталанган куй бу ҳайратдан ўн чандон юқори бўлмоғи, ғазалнинг соясида қолиб кетмаслиги лозим. Бунинг эса ўзига хос юки, масъулияти бор. Худо ҳоҳласа танга соғлиқ қайтса шундай асарлар яратишга бел боғлайман. 

Хонадон соҳиби билан суҳбатимиз анчагача чўзилиши мумкин эди. Лекин уларни толиқтириб қўймаслик ниятида ортга қайтдим. Кетар эканман, боя ёзув столи устида кўрган қораламалар ва улардаги саркаш ноталар ёдимга таниш ашулаларни солади. “Кетма, вофодор”, “Тулпорларим қайдасиз?”, “Оҳангарон ўлани”, “Сен баҳорни соғинмадингму?”, “Фарғонада биттагина”, “Кипригинг нега нам?”, “Дўлана”, “Аразлама”, “Юр, муҳаббат”, “Меҳр қолур”, “Улуғимсан Ватаним”... буларни яна қанча давом эттириш мумкин. 

Анор ака айтгандек, қанча қўшиқлар ёзиларди ҳали... 

 

Наргиза АСАДОВА




Report Page