ҲАЙЗ ЦИКЛИ БУЗИЛИШИ ҲАҚИДА

ҲАЙЗ ЦИКЛИ БУЗИЛИШИ ҲАҚИДА

@ginekologim

Тартибли ҳайз келиши қандай бўлади?

Меъёрдаги ҳайз циклида бир ҳайзнинг бошланиш кунидан кейинги ҳайзнинг бошланиш кунигача бўлган муддат (1 цикл) 21-35 кун орасида бўлиши керак. Ҳайз қони келиши 3-10 кун бўлиши меъёр саналади. Ўртача келган қон миқдори 35-40 мл атрофида (бу ўртача кунда 3-5 та таглик дегани). Умуман 80 мл дан кўп бўлса меъёрдан ортиқ ҳисобланади.

Мазкур муддатдан узоқроқ давом этган қон келиши, жуда сийрак қон келиши, тез-тез қон келиши, оралиқли (узилиб) қон келиши ҳайз цикли бузилиши саналади. Бунинг жуда кўп сабаблари бор.

Олигоменорея – меъёрдан кам, сийрак қон келиши.

Полименорея – меъёрдан кўп ҳайз кўрилиши.

Меноррагия – ҳайзнинг тартибли бўлиши, аммо кўп миқдорда қон келиши

Метроррагия – ҳайз цикли оралиқларининг тартибли бўлмаслиги.

Ҳайзнинг кечикиши: фаол жинсий ҳаёт яшаган ва сақланмаган ҳолатларда ҳайз кечикаётганининг катта эҳтимолли сабаби ҳомиладорликдир. Иккинчи эҳтимолли сабаб – ўша циклда овуляция бўлмаслик (тухум ҳужайра етилмаслиги). Мунтазам тартибли ҳайз циклига эга бўлган аёлларда кутилмаган кечикиш сабаби стресс ёки турмуш тарзининг ўзгариши бўлиши мумкин.

Ҳайз келиши кечикишининг яна бир сабаблари ойлик ёки уч ойлик сақланиш учун олинган дори воситаларининг ножўя таъсирлари бўлиши мумкин.

Оралиқли (узилиш билан) келадиган қонлар: Фертил (туғруқ) ёшда кўп учрайдиган ҳайз цикли тартибсизлигидир. Катта эҳтимол бачадон бўйнидаги инфекциялар. Бошқа сабаблар орасида миома, бачадон бўйни полипи бўлиши мумкин. Спирал ишлатилиши, ҳомиладорликдан сақловчи дори воситалар қабул қилиниши оралиқли қон келишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳайз қони кўп келиши(гиперменорея, меннорагия). Энг катта эҳтимол овуляция бўлмаган цикл. Бошқа сабаблар орасида спирал, гормонал дорилар бўлиши мумкин. Сезилмай қолган ҳомиладорлик бўлиб, ҳомила тушиши ҳам баъзида ҳайз қони кўп келиши билан адаштирилиши мумкин.

Ҳайз қонининг кам бўлиши (гипоменорея). Ҳайз пайтидаги қон миқдори ёш ўтган сайин камайиб боради. Ҳомиладорликдан сақлайдиган дорилар ҳам ҳайз қони миқдорини маълум миқдорда камайтиради. Камдан-кам ҳолатда абортдан кейин бачадон ичида юзага келган чандиқлар ҳам кам қон келишига сабаб бўлади. 

Ҳайз муддатининг қисқариши ҳисобига меъёрдан кўп ҳайз келиши (полименорея). Энг катта эҳтимол гормонал фаолитянинг бузилиши. Оралиқли қон келиши баъзида ҳайз қони билан аралашиб қолиши мумкин бўлгани учун оралиқли қон келиши сабаблари ҳам бўлиши мумкин.

Меъёрдан кам, сийрак қон келиши (олигоменорея). Овуляция бузилиши, стресс, қалқонсимон без фаолияти бузилши (буқоқ), пролактин (сут) гормони миқдори ошиши, баъзи гормонал дорилар, ҳомиладорликдан сақлайдиган дорилар сабаб бўлиши мумкин.  

Шулар билан бир қаторда ҳар қандай меъёрдан кўп қон келиши организмнинг қонашни тўхтатиш ва қон ивитиши каби жараёнларидаги бузилишлар ҳам бўлиши мумкинлигини инобатга олиш керак. Бу айниқса ўсмирлик ва балоғатга етиш давриларида бўлади.

Ҳайз цикли бузилиши сабаблари:

Сабаблар кўп ва турлича бўлади. Булардан баъзилари дорилар, стресс, ҳаддан кўп жисмоний фаоллик каби касалликка боғлиқ бўлмаган ташқи омиллар бўлиши мумкин. Баъзида ўткир ёки сурункали касалликлар сабабли ҳам бўлиши мумкин. Энг кўп тарқалган сабаблар ўлароқ қуйидагиларни қайд этиш мумкин:

- горомнал дори воситалар қабул қилиш;

- ҳомиладорликдан сақлайдиган дорилар ва уколлар;

- тухумдон поликситози синдроми;

- менопауза даври ёки менопаузага яқин даврлар;

- ҳомиладорликдан сақланиш учун қўйилан спирал ёки гормонал спирал қўллаш;

- қалқонсимон без фаолиятининг бузилши (бўқоқ);

- бачадонда миома ёки полип бўлиши;

- стресс;

- ҳаддан ортиқ жисмоний машқлар ва спорт билан шуғулланиш;

- эмизиш ва нифос (туғруқдан кейинги чилла даври);

- ҳаддан зиёд кўп озиш ёки семириш;

- меъёрдан кам ва етарсиз овқатланиш;

- ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейин (стресс сабабли);

- табиий туғруқ ёки кесерча кесиш орқали туғруқдан кейинги илк йилларда (эмизиш сабабли).


Ҳайз цикли бузилиши қачон ва қайси ёшда кузатилади?

Ҳайз циклининг бузилиши энг кўп ҳайз кўриш энди бошланган қизларда учрайди. Ҳайз цикли бузилши умуман ҳайз кўриш бошлангандан кейин 1-2 йил ўтгач кузатилади ва кўпинча бир неча йил давом этиб ёш ўтган сайин ўз-ўзидан тузалади. Шундай бўлса ҳам ёш қизларда ҳайз цикли бузилса бошқа сабаб билан бўлмаётганини аниқлаш учун шифокорга мурожаат қилиш керак.

Булардан ташқари ҳайз цикли бузилиш кўп кузатиладиган ёш 45-50 ораси ҳисобланади. Бу ёшларда менапауза яқинлашгани учун ҳайз кўриш кўпайиши ёки сийраклашиши мумкин.

Бундан ташқари туғруқ ёшидаги аёлларда (20-40 ёш ораси) ҳам ҳайз цикли бузилиши кузатилиши мумкин. Ёшга қараб сабалар ҳам турлича бўлади.

Даволаш

Ҳайз цикли бузилишини даволашда олдин сабабни аниқлаштириб олиш керак. Даволашда дорилар ва баъзида жарроҳлик амалиёти ҳам (миома, полип каби ҳолатларда) қўлланилиши мумкин. Баъзида турмуш тарзини тартибга келтириш, овқатланиш, уйқу тартибини йўлга қўйиш ҳам етарли бўлиши мумкин. Ортиқча вазнга эга бўлганлар учун меъёрга келишлари фойдали. Қўлланиладиган дори воситалари сабаб бўлаётан бўлса уларни тўхтатиш ёки бошқалари билан алмаштириш керак бўлади. Турли ҳил гиёҳлар билан ўзбошимча даволанишдан эҳтиёт бўлиш керак. Аксинча ножўя таъсир қилиши мумкин. Шифокор маслаҳатисиз ўзбошимча даволашга қўл урмаслик керак.


Ҳайз цикли бузилишининг олдини олиш учун нималар қилса бўлади?

Кўпчилик сўрайдиган савол. Аввало айтиб ўтиш жоизки, тартибли ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш, вақтида ухлаш, тартибли, меъёрда ва мувозанатланган парҳез билан овқатланиш фойда беради. Кеч ухлаш, оз ухлаш, етарсиз ва тартибсиз овқатланиш каби омиллар ҳайз цикли бузилишига олиб келиши мумкин. Турмуш тарзи тартибга келиши ва меъёрдаги вазнни сақлайдиган тарзда овқатланиш секин-аста ҳайз циклини ҳам меъёрга келтиради. Меъёрда жисмоний машқлар билан шуғулланишнинг ҳам фойдаси бор. Фақат профессионал спортчилардек кўп шуғулланиш ҳайз цикли бузилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун энг муҳими соғлом турмуш тарзи олиб бориш.

Ҳайз цикли бузилган аёллар ҳомиладор бўлиши мумкинми?

Агар ҳомиладор бўлишга тўсқинлик қиладиган бошқа омиллар бўлмаса, ҳайз цикли бузилган аёллар ҳомиладор бўлишлари мумкин. Ҳайз цикли бузилиши ўзи алоҳида ҳомиладор бўлишга тўсиқ бўлмайди. Агар ҳайз цикли бузилишга сабаб тухум ҳужайра етилмаслига бўлса, бу ҳолат ҳомиладор бўлишни қийинлаштириши мумкин. Бундай вазиятда тухум ҳужайра етилишини таъминлайдиган дорилар берилиб, яқинлик қилинадиган кунлар режалаштирилиб ҳомиладорликка эришиш мумкин.

Ҳайз цикли бузилган аёлларда ҳомиладорлик аломатлари ва муддати ўзгарадими?

Ҳайз цикли бузилган аёлларнинг ҳомиладорлки аломатлари ва муддатлари бошқа аёлларникидан фарқ қилмайди. Фақат охирги кутилаётган ҳайз келиш муддати аниқ билинмагани учун, ҳомиладорлик муддатини ҳисоблаш бироз қийин бўлиши мумкин. Бу ҳолатда ҳомила муддати УТТ орқали белгиланади.  

Жарроҳлик амалиётидан кейин ҳайз келишининг кечикиши

Катта жарроҳлик амалиётлари беморда ҳам руҳий, ҳам гормонал стресс ҳолати юзага келтиради. Шунинг учун амалиётдан кейинги илк ойларда ҳайз кечикиши ёки ҳайз цикли бузилиши кўп кузатилади. Аппендицит (кўричак), миома, полип, кисталарни олиб ташлаш амалиётлари, ўтқоп, умуртқа чурраси, юрак амалиётлари, гистероскопия, лапароскопия кабилардан кейин ҳайз кечикиши ёки бузилиши юзага келиши мумкин. Жуда қисқа вақт давом этадиган кичик жарроҳлик амалиётларидан ташқари деярли ҳар қандай жарроҳлик амалиётларида стресс сабабли ҳайз циклида бузилиш содир бўлади. Жарроҳлик амалиётидан кейин ҳайз цикли бузилиши бўлган аёллар буни фақат амалиётга алоқадор деб ўйлаб қолмасликлари керак. Агар ҳомиладорлик бўлиш эҳтимоли бўладиган шаклда жинсий ҳаёт яшалган бўлса, тест қилиб ёки бошқа сабаблар аниқланиб шифокорга мурожаат қилсинлар.

 Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page