ҲАҚГЎЙ АДИБ ВА ИНСОН

ҲАҚГЎЙ АДИБ ВА ИНСОН


Тоғлар узоқлардан ҳайбатли кўринади ва яқинига борсангиз, уларнинг қорли чўққилари кўкларга туташиб кетгандай туюлади.

Ҳар қайси одамнинг бир ўзак хислати бўлади. Бош­қа барча хислатларини шу ўзак хислат бошқаради ва ўз ортидан эргаштиради.

Шоир, адиб драматург Шуҳрат (Ғулом Алимов)нинг ҳам шундай ўзак хислати бўлган. 

Унинг ҳақгўйлиги – одамийлиги ва адиблик фаолиятининг ўзак-негизи эди. 

Шуҳрат ака ҳақгўй инсон эди.

У ҳақиқат учун маҳкам турарди.

У ўз ҳаётини романларга, ўз қалбининг ноёб кўтаринки кечинмала­ри­ни шеърга, достонга, балладага айлантирарди.

Зотан, унинг ҳаёти худди роман­га – йирик, кенг планли, бағирдор, тайёр романга ўхшарди.

Эсимда: «Шинелли йиллар», «Олтин занг­ламас»ларни илк бора ўқиганда, бу икки ўзига хос бағрикенг асарнинг Элмурод ва Содиқ исмли бош қаҳрамонлари баайни Шуҳрат аканинг ўзи эканлигини кўриб, туйиб, ҳайратга тушганман.

Ёзувчи, иложи йўқ, маълум маънода ва даражада, меъёрда бичиб-тўқий­ди, ёзаётганларига жиндак ёл­­ғон ҳам қўшади, қаҳрамонлари ва улар бошига тушган воқеалар, кўргиликларни бўрттиради, идеаллаштиради, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама бойитади. Салмоқли, яхлит адабий ҳодисага айлантиради. 

Албатта, Шуҳрат ўзбек адабиёти қаҳрамонлари галереясида жуда ёр­қин ўрин тутган ўз қаҳрамонлари­га ўзидан нималарнидир қўшгандир, умумлаштиргандир (танқидчи, ада­биётшунослар тили билан айтганда) – агар шундай бўлса, бу адабий меҳнатда, бадиий ҳунарда жуда табиий ҳол, – лекин «Шинелли йиллар», «Олтин зангламас» ва сал сўнгроқ «Жаннат қидирганлар»ни ўқиганда мен буни бир ўқувчи сифатида сезмаган, пайқамаган, қаери тўқима, қаери реал, деб ўйлаб ўтирмаганман. Менга бу романлар ниҳоятда ҳаётий – воқеаларнинг бари рост, реал бўлиб кўринган. Шуҳрат романларини эстетик идро­кимга шундай қабул қилганман. 

Ёзувчи бамисоли ҳеч нарсани бўрттирмаган, ҳеч нарсани боридан кўра чиройлироқ, ёмбироқ, қабариқ­роқ қиламан деб бош қотирмаган, балки борини борича ёзган. 

Ноёб ва адабий ижодда беҳад қимматли ҳаётийликка, ҳаётий қабариқликка эришган. Буни қарангки, шу билан бирга Шуҳрат романлари айни чоғда, яна адабиётчилар тили билан айтадиган бўлсак, ҳаётдан нусха кўчириш ҳам эмасди. Бирон-бир тасвирда натурализм кўринмас ва ғашга тегмасди. Ва унинг тасвири «фотография» усулидан, фотография ростгўйлиги ва аниқлигидан ҳам жуда йироқ эди. 

Шуҳрат романларида ҳаётга бу қадар яқинлик, бу қадар ҳаётийлик­нинг сири нимада эди?

Бу сирнинг калитини мен адибнинг ўзида, унинг ёрқин, азамат, девкор феъл-атворида, одамларга, ўз ёзувчилик ва инсонлик қисматига бўлган ёндашувларида, қоядай мус­таҳкам маърифатли принципларида – ҳеч йўлдан тоймас, оғмас, бўялмас, ўзгармас олижаноб адолатида кўраман.

Шуларнинг яқинлигида у Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Авлоний, Мунаввар қори, Чўлпон, Убайдуллахўжа, Усмон Носирларга келбати тортарди. 

70 йиллар тугаётган бир паллада Шуҳрат уйига чақирди. Ойдин билан бирга бордик. Олча пишган пайт эди. Меҳмондўст Турсуной опа бир чинни товоқда обдон пишган «шпонка» олча териб келиб дастурхонга қўйди. Улар Ойдин билан ичкарида дардлаши­шаркан, биз Шуҳрат ака иккимиз ёз оқшомининг салқинида ором олиб, бўртиб, таранг тортиб пишган бир товоқ «шпонка»ни паққос туширганмиз. Олчанинг ҳушёр торттирувчи туруш ва жуда ёқимли таъми кўксимизни тўлдирарди. 

Сир йўқ: мен жадидларга, улар­нинг ишлари, асарларига мубтало эдим. Асарлари ҳам, ишлари ҳам юрагимга саримойдай ёқарди. Суҳбат чоғида маълум бўлдики, Шуҳрат ака мендан кўра юз карра, балки минг карра ортиқ жадидлар мубталоси экан. Улар ижодини хўб ўқиган, уларнинг ҳаёти қирралари, фожиалари, ажиб қаҳрамонликларидан бо­ха­бар экан.

Ўшанда улкан, чуқур, сероб, сертўлқин дарё бўйида икки соат бирга ўтиргандай, дарё шукуҳи, файзи, улуғворлигидан бир умрга етгулик баҳра олгандай бўлганман.

Уйга қайтарканман, бутун ўй-хаё­лим­ни Шуҳрат ака билан бўлган суҳ­батнинг нашидаси чулғаган эди. 

Ўйлардим: нега Шуҳрат ака шун­­дай балоғат палласида жадидлар ҳақи­да роман ёзмайди? Нега бу ноёб қаҳрамонликларни акс эттирмайди? Ахир, бу халқимиз учун бош­қа ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайдиган ва бошқа ҳеч нарса билан ўрни тўлмайдиган ибрат, кураш, ирода мактаби бўлиши мумкин эдику? Аммо ажаб! Бу бўшлиқнинг ўрни халқимиз учун ҳануз тўлмаган! Ҳануз бу улуғвор чўққилар адабиётимиз томонидан забт этилмаган, ҳамон бу улкан ижтимоий қимматга эга иш адиблар бўйнида қарз бўлиб турмоқда! Агар Шуҳрат жадидлар ҳақида бир эмас, ҳатто бир неча роман ёзишга ўтирса, бунга қурби-қудрати етар ва булар ўзбек халқининг улуғ ва ўлмас, қуримас романлари – ҳаёт ва гўзаллик булоқлари бўлурди! – ўша кеч суҳбатимиз таъсирида шундай ўйлардим ва хаёлим гўё ўша ёзилмаган романларнинг саҳифаларини бирма-бир варақларди. Зотан, Шуҳрат акани жадидлардай улуғ миллатпарвар ва ижтимоий муборизлар ҳақида асарлар ёзишга баайни етилган, юксак инсоний, зиёли, балоғатга эришган адиб, деб танирдим.

Кўп йиллардан буён ҳаётда роман-адиблар бўлади деб юраман. Беҳбудий шундай роман-одам эди. Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Сўфизода, Ҳамза... шундай роман-одамлар эди. Назаримда, бизнинг катта замон­дошимиз, шоир ва адиб Шуҳрат ҳам худди шундай ва мана шулардай роман-одам ва роман-адиб эди. Ҳали ҳамон шу фикрдаман, шу ўйдаман.

Роман-одам фикримча, йирик, салобатли, ўз ғоялари, ўз ҳаётий принциплари, ўз ижодий, инсоний фалсафасига эга шахсдир. У воқеалар атрофидамас, воқеалар унинг атрофида, унинг орбитасида гулдурос солиб айланади. Зотан, роман-одам катта ҳаёт фазоси – орбитаси бор одамдир. Бу орбитада даврнинг жуда кўп ранг-баранг воқеликлари, инсон тақдирлари, бир-биридан улуғ, серзарда, зиддиятли воқеалар чарх уради ва замон кишиларини ўз айланиш доирасига оҳанрабодай тортади. 

Шуҳрат акани замондошлари ва тенг­дошлари шундай улуғ орбита­га эга инсон, адиб деб билишар, қадр­лашарди. Унинг барча тенгдошлари, сафдошлари: Саид Аҳмад, Шукрулло, Ёнғин Мирзо, Восит Саъдулла, Туроб Тўла, Асқад Мухтор, Неъмат Тош­пўлат, Ҳибзиддин Муҳаммадхонов, Пўлат Мўмин, Ҳаким Назир, Пиримқул Қодиров, Иброҳим Раҳим... уни ғоятда эъзозлашарди, қай­да бўлмасин, буюк ҳурмат-эҳтиром билан Шуҳрат ҳақида сўзлашарди. 

Шуҳрат ака ҳам ўзи биларди, куч-қудрати нималарга етиши, нималарга қодирлигини англар, ҳис қиларди. Бир куни у айтган экан: «Мен бу ҳаётнинг атрофидамас, нақ ичида бўлган­ман!» Бу ўта мардона гап! Ҳақгўй инсоннинг улуғ машаққатлар, ури­ниш­ларда топ­ган жўн гапи! Шуҳрат ака: Содиқ бу – мен, Элмурод бу – мен! – деб балки айтмагандир. Лекин барча фозил замондош­лари сезар эдиларки: ҳа, Содиқ бу – Шуҳрат, Элмурод бу – Шуҳрат! 

Ўтмиш ҳукуматдорларининг барча тўп-замбараклари, ажал қуроллари, буни қарангки, айни ҳақгўйларга қарши қаратилган эди. Ҳақгўйга ўзини меҳнаткашпарвар қилиб кўрсатишни севадиган давлат тузумида ҳам кун йўқ эди!

Шуҳрат шеърият, насрий сўзларида, ҳаёт ичида ҳақгўй эди – урушнинг бутун даҳшатларини кўрди, Сталин лагерлари азобларини бошидан кечирди, нисбатан тинч, яхши замонлар келганда ҳам бу ҳақгўйни катта ҳаёт­дан четлатишга, иложи борича уни чеклаш, овозини ўчиришга, асарларини бўғишга, эътиборсизлик, қадрсиз­лик чакалакзорларига улоқтириб ташлашга кўп уриндилар. Метиндан бино бўлган Шуҳрат эса ўзининг жадид устозлари каби титрамади, адолат­сизликлар олдида бош эгмади, алп қоматини ҳамиша тик тутди. Адиб Ўткир Ҳошимов Шуҳратнинг бу хусусиятини хўб ёрқин қилиб айтган: «Шоир, адиб, драматург Шуҳрат замон азоблари­дан йиқилиб, тўшакка ёпишиб қолган чоғида ҳам титроқ қўллари билан ҳақиқат олдида титрамайдиган асарлар ёзди».

1998 йилда Шуҳратнинг «Маш­раб» романининг илк фрагментлари ва за­мон­дошларининг у ҳақдаги хотиралари бир китоб ҳолида нашр қилинди. Бу китобда Шуҳратни яхши билган бир қатор адиблар, унинг иқтидорли шогирдлари, замондош­ларининг жуда қимматли гувоҳлик­лари, маълумотлари, қалбдан қуйилиб чиққан изҳорлари жамланган. Бу каби хотиралар айни чоғда адиб­лар ва ўқувчиларнинг Шуҳратга бўлган улкан муҳаббати эҳтироми­нинг овозидир. Шундай муҳаббатга сазовор бўлиш инсонга мангу шараф, одамийлик шуҳратининг чинакамлигидир.


Иброҳим ҒАФУРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони

«Жадид» газетаси 2024 йил 10 май 20-сон

Report Page