Қувада яна бир хориж корхонаси иш бошлади

Қувада яна бир хориж корхонаси иш бошлади

ДХА Фарғона вилоят бошқармаси
Фото: ДХА Фарғона вилоят бошқармаси

Қува тумани  ҳар йили етиштириладиган 30 дан ортиқ мева-сабзавотлари билан  машҳур. Айниқса, Қува анорларининг довруғини билмайдиган кам топилса керак. Айниқса, ёз ва куз палласида Қува–Фарғона–Марғилон йўллари, Қува–Шаҳрихон–Марҳамат йўлларида қуваликларнинг яратувчанлик мўъжизаларига гувоҳ бўласиз. Эътиборлиси, етиштирилган ҳосилнинг ички эҳтиёждан ортган қисми Корея Республикаси, Россия сингари мамлакатларга экспорт қилинади.

Бу каби имкониятлар хорижлик тадбиркорларнинг эътиборидан четда қолгани йўқ, албатта. Масалан, куни кеча Қува туман Давлат хизматлари маркази томонидан “Imronbek capital world” Россия  хорижий корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилди. Корхонанинг асосий фаолият тури етиштирилган мева сабзавотлар ва турли махсулотларни экспорт қилишда логистика хизматларини амалга оширишдан иборат. Устав фонди 500 млн. сўм бўлган ушбу хориж корхонаси тўлиқ равишда фаолият бошлагач 20 дан ортиқ маҳаллий ёшлар иш билан таъминланади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, айни кунларда Фарғона вилоятида 300 га яқин хорижий корхоналар ишлаб турипти. Уларнинг 14 таси Қува туманида фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида  Қува туман давлат хизматлари маркази томонидан  63 та янги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган.

 

ДХА Фарғона вилоят бошқармаси

ахборот хизмати

 



Report Page