Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Қурбон ҳайити муборак бўлсин!


Халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

Ҳурматли ватандошлар! Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш азалий қадриятларимиз, гўзал анъаналаримиздандир.

Тарихдан маълумки, ҳатто ҳукмдорлар ҳам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб киришга интилган эканлар. Ҳайит кунларини ғанимат билиб, барча гина - кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш мусулмон кишига хос бўлган гўзал фазилатлардандир.

Ушбу муборак айёмда давлатимиз раҳнамолигида юртимиз равнақи, диёримизнинг осойишталиги, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган барча хайрли ишларда Яратганнинг ўзи мададкор бўлишини сўраб қоламиз.

Эзгу мақсадларимиз, ниятларимиз амалга ошсин!Қурбон ҳайитининг файзу баракоти қалбларимизни ва хонадонларимизни мунаввар айласин! Барчангизни муборак Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Дуогўй кексаларимизнинг мана шундай фазилатли дамларда элу юртимиз ҳаққига қилган эзгу ният ва тилаклари ижобат бўлсин!

Хонадонларимизда файзу барака ва осойишталик зиёда бўлсин!

Юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги янада мустаҳкам ва барқарор бўлсин!


Ҳурмат билан,

Худайназар Юнусов

Биология фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор,

СамДВМЧБУ ректори

Report Page