Қозоғистоннинг қатор вилоятларида зарарли чигиртканинг “Италия пруси” тури босқини юз берган

Қозоғистоннинг қатор вилоятларида зарарли чигиртканинг “Италия пруси” тури босқини юз берган

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Сабина Садинова маълум қилди:

Ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг бир нечта ҳудудларида зарарли чигиртка босқини юз бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги мутахассислари томонидан Қозоғистоннинг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Агросаноат мажмуасида давлат инспекцияси қўмитасининг Ўсимликлар ҳимояси бошқармаси ва Туркистон вилояти ҳудудий инспекцияси билан мулоқот олиб борилди. Аниқланишича, жорий йилнинг 2 июль санасидан бошлаб Қозоғистон Республикасининг Россия билан чегарадош бўлган Костанай вилояти Жангельди, Амангельди, Алтинсари ва Денисов туманлари ҳудудида зарарли чигиртканинг “Италия пруси” тури тарқалган.

Бугунги кунга қадар Костанай вилоятининг 260 минг гектар ҳудудида – бу эса режалаштирилган майдоннинг 70 фоизи дегани – зарарли чигирткаларга қарши ишлов берилиб, вазият назоратга олинган. Ҳолат бўйича Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан расмий маълумот берилди.

Маълумот учун, Костанай вилояти Ўзбекистондан 2 000 – 2 200 км узоқликда жойлашган бўлиб, бугунги кунда юқорида қайд этиб ўтилган зарарли чигирткалар тўдаси республикамиз ҳудудига кириб келиш эҳтимоли кам.

Ўз навбатида Қозоғистоннинг Туркистон вилояти билан чегарадош бўлган Тошкент вилоятида зарарли чигирткага қарши кураш чоралари олиб борилди. 2023 йил мавсумида чегара ҳудудида 15,6 минг гектар майдонда ишлов бериш тадбирлари якунланган. Хавфли вазият юзага келишини олдини олиш мақсадида эса кузатув-назорат ишлари давом эттирилмоқда.

Агентлик томонидан зарарли чигирткага қарши самарали кураш олиб бориш учун 2023 йил мавсумида республикада зарарли чигирткаларнинг 519 минг гектар майдонда кимёвий ишлов ўтказилиши башорат қилинган. Бугунги кунга қадар бундай ишлов 481,7 минг гектар амалга оширилди.

Қоғозистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатлари билан чегарадош ҳудудларда зарарли чигирткаларга қарши курашга оид қўшма чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланиб, доимий ахборот алмашинуви йўлган қўйилган.

Бундан ташқари, моддий-техника базани мутаҳкамлаш мақсадида 140 та трактор, 21 та махсус Пикап автомашинаси ва 3 турдаги 450 га яқин пуркагичлар харид қилинди.

Шунингдек, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) билан ҳамкорликда семинар-тренинглар олиб борилиб, мутахассисларнинг билим ва кўникмалари оширилди. Тизимни такомиллаштириш мақсадида 581,5 минг АҚШ доллар қийматидаги лойиҳа амалга оширилмоқда. Грант асосида бугунги кунга қадар 145,0 минг АҚШ доллар қийматидаги техника ва асбоб-анжомлар етказиб берилди.

Зарарли чигирткаларни пайдо бўлиши ва тарқалиши бўйича республикада ҳамда қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларда кузатув ишлари йўлга қўйилган, жойлардаги вазият назоратга олинган. 


Report Page