“Қоровулбозор деҳқон бозори” ҳадемай замонавий кўринишда иш бошлайди

“Қоровулбозор деҳқон бозори” ҳадемай замонавий кўринишда иш бошлайди

Buxoro.uz

Бозор — юрт кўрки, эл турмуш тарзининг яққол ифодаси, бугун аксарият савдо мажмуалари замонавий андозалар асосида қайта чирой очаётгани халқимизни мамнун этмоқда. Уларда сотувчи ва харидор учун ҳам қулай шарт-шароит яратилаётгани айни муддао. Расталарда тош-тарозининг тўғрилигидан тортиб, санитария-гигиена аҳволи, сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатигача алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Деҳқон бозорларининг мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли кундалик ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, савдо хизмати кўрсатишнинг илғор тажрибасини жорий этиш, мавжуд деҳқон бозорларини шарқона ва миллий меъморчилик анъаналари асосида мукаммал реконструкция қилиш мақсадида Қоровулбозор туманида ҳам  “Тинчлик” МФЙ Навоий кўчасида, 1,3 гектар майдонда жойлашган марказий деҳқон бозорини қайта реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилган. 

Бу саъй-ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар давомида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуаларини қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Дастлаб бозорни қайта қуришни ташкиллаштириш мақсадида дирекция мақомидаги “Қоровулбозор дехқон бозори қурилиш” МЧЖ ташкил қилинди ва бунёдкорлик билан боғлиқ барча лойиҳа хужжатлари тасдиқланди. Мазкур ҳудудда бажариладиган лойиҳалар умумий қиймати 2 миллиард 110 миллион сўмга молиялаштирилган бўлиб, қурилиш ишлари масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Қоровулбозор деҳқон бозори қурилиш” ҳамда “Зебинисо Меҳринисо Муҳаммадали” қурилиш-пудрат корхоналари бинокорлари зиммасига юклатилган.

Айни пайтда эски бозор ўрнидаги дўкон ва бошқа бино-иншоотлар тўлиғича бузиб ташланиб, замонавий меъморлик намуналари асосида бунёд этишга киришилган мажмуада жами 32 та савдо дўкони қурилмоқда. Ҳозиргача улардан 16 та дўкон тикланиб, томи ёпилган ва савдо дўконларининг 9 таси қисман пулини тўлаш йули билан тадбиркор-тижорат эгаларига сотилган.

Дарвоқе, эски бозорда бузиб ташланган дўконлар эгаларига компенсация тўлови ўрнида умумий қиймати 450 миллион 175 минг сўм товон пули тўлаб берилган. Қурувчи пудрат жамоаларига эса ҳозирга қадар бажарилган иш учун дирекция ҳисоб ракамидан 120 миллион сўм, ишлаб чиқилган смета-лойиҳалари учун лойиҳалаштириш  идорасига 30 миллион сўм, қолаверса, ҳудудда қурулишни бошлашга рухсат олиш мақсадида Қурилиш соҳасида ҳудуий назорат инспексиясига 20 миллион сўм маблағ ажратилган.

Қоровулбозорликларга янада қулай шарт-шароит ва инфратузилма яратилаётган бозор бинокорлигини ҳадемай, 1 июнь кунига қадар тўлиқ битказиш ва фаолиятни бошлаш талаби қўйилган. Муҳими, бу мажмуада икки юздан ортиқ савдо ўрни яратилиб, маҳаллий аҳоли вакилларидан ўнлаб фуқаролар учун даромад манбаи яратилади.  

Қоровулбозор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати