Қоровулбозор: “Навбаҳор” да стол-стул ва декоратив безакли тош ишлаб чиқариш цехлари ишга тушди

Қоровулбозор: “Навбаҳор” да стол-стул ва декоратив безакли тош ишлаб чиқариш цехлари ишга тушди

Buxoro.uz

Вилоятнинг кенжа туманида тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, кичик корхона ва цехлар кўринишида ишлаб чиқариш қувватлари оширилмоқда. Жумладан, яқинда “Навбаҳор” МФЙ да “RBS Center” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини йўлга қўйган бўлиб, унда бозор талабини ўрганган ҳолда замонавий стол-стул ишлаб чиқарилмоқда.

Ёш ишбилармон Асадбек Ражабов бошчилигидаги бу цехда ҳозирда 10 нафарга яқин йигит меҳнат қилаётган бўлиб, уларнинг ойлик маоши 3,5 миллион сўм атрофида белгиланган.

— Мазкур цехни ишга тушириш учун қиймати 300 миллион сўмга тенг лойиҳани ишлаб чиқиб, рўёбга чиқардик, — дейди цех иш юритувчиси Баҳодир Ражабов. — Ҳозирда бунда 20 турдан ортиқ кўриниш ва дизайндаги стол-стул ишлаб чиқариб, буюртмачиларга етказиб бермоқдамиз. Асосийси, маҳсулотимизга ички бозорда талаб юқорилиги боис, кунига 100 донадан ошириб стол-стуллар ясаб чиқариб, қўшни Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидаги харидорларга ҳам сотаяпмиз. Яқин келажакда фаолиятимизни янада кенгайтириб, юмшоқ мебел ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш ҳаракатидамиз.

Юртимизда тадбиркорлик ташаббусларига кенг ўрин берилгани самараси ўлароқ, чекка туманда табиий тош ва майдаланган қумларидан ички ва ташқи деворлар учун декоратив безак воситалари (гибкий камен) ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилгани эътиборга лойиқ. Айнан Навбаҳор маҳалласида истиқомат қилувчи Жамшид Иброҳимов худди шундай бизнес фаолиятини бошлаган. Табиий тош ва майдаланган қумларидан ички ва ташқи деворлар учун декоратив безак воситалари ишлаб чиқариш лойиҳаси тадбиркор томонидан атиги 30 миллион сўм атрофидаги сармоя билан бошланган.

Ишини ривожлантириб, буюртмалар сифатига эътибор қаратган тадбиркор бугунга келиб 18 нафар тенгдошини ҳам иш билан банд қилишга эришган ва бу ишчиларга ўртача 4 миллион сўмдан ойлик маош тайинланган. Ўзининг айтишича, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг шўр ва намга чидамлилиги, яроқлилик муддати ва 20 йиллик кафолати декоратив безакли тошлар харидорлигини оширмоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page