Қорилар фазли

Қорилар фазли

@quranuz_kanali

Қуръони каримни ёд олиб, ундаги буйруқларни бажариб, қайтариқларидан қайтган бандани Аллоҳ таоло улкан ажр ила мукофотлайди. Бу мукофоти қандай  бўлади? Қори жаннатнинг олий мақомларига Қуръондан қироат қилиб, тартил  ила ўқиб берганича кўтарилади.

Имом Бухорий Қуръон ҳофизининг фазли ҳақида Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳуалайҳи васаллам: “Қуръон (қироати)га моҳир киши итоаткор улуғ фаришталар биландир. Қуръонни тиловат қилиб (тили) дудуқланган ва бу унга машаққат бўлган киши учун икки ажр бордир” – дея марҳамат қилдилар” (тўртовлари ривоят қилишган).

Қуръони карим тунлари бедор бўлиб қироат қилиб чиққан кишини Қиёмат кунида шафоат қилади. Бунга Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳивасалламнинг: “Қуръон ва рўза Қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен (бандангни) кундузлари таом ва ўзи қаттиқ хоҳлаб турган нарсалардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин”, – деб айтади. Қуръон: “Роббим, мен уни тунлари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қилгин”, – дейди ва иккиси бандани шафоат қилади”, деган ҳадислари далил бўлади.

Қуръонни ёдлаш улкан фазилатдир. Нега? Чунки Қуръони каримни ёд олиш:

1 – суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ёд олган эдилар (ахир у зот ваҳий элчилари-ку) ва уни ҳар йили Жаброил алайҳиссаломга ўқиб бериб турардилар.

2 – Қуръон ўз соҳибини дўзахдан озод қилади.

3 – Қуръон ўз аҳлига шафоатчидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқинглар. Чунки у ўз аҳлига Қиёмат куни шафоатга келади, – дедилар.

4 – Қуръон жаннатда ўз соҳибининг мартабасини кўтаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон соҳибига: “Ўқи ва юксал! Дунёда тартил билан ўқиганингдек, тартил билан ўқи. Чунки сенинг мартабанг охирги ўқиган оятингдадир”, дейилади.

5 – Қуръон соҳиби ҳурмат ва эҳтиромга ҳақлидир.

6 – Қуръон ҳофизлари Аллоҳ таолонинг хос бандалари ва аҳлидир. Набий алайҳиссалом: “Аллоҳнинг инсонлар ичида аҳллари бордир”, – дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, улар ким?” – дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар Қуръон аҳли – Аллоҳнинг хос аҳлларидир”, – дедилар.

7 – Қуръонни ёд олган киши икки елкасига нубувват омонатини олган кишидир, бироқ унга ваҳий келмайди.

8 – Қуръон ҳофизлари бу дунёда ҳам улуғ мартаба эгаларидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Қуръон ила баъзи одамларни баланд (мартабаларга) кўтаради. Бошқаларини (мартабаларини) тушуради”, – дея марҳамат қилганлар.

9 – Кишини яна ҳам хурсанд қиладиган яна бир нарса – Қуръонни ёд олиш, уни ўрганиш дунё ва ундаги барча нарсадан устундир. Уни ўрганиш ақлни ўстириб, ўлик қалбларни тирилтиради. Қуръон бутун умматнинг ҳаётий дастуридир. Уни маҳкам тутган адашмайди, ундан юз ўгирган ҳидоят топа олмайди.

Аллоҳ барчамизни Қуръонни ёд олиб, унга Ўзи рози бўладиган тарзда амал қилишга муваффақ айласин!

Тошкент Ислом институти талабаси

Салоҳиддин Қурбонов

 

Quran.uz канали

Report Page