Қоракўл: ишбилармон, чевар аёллар сафи кенгаймоқда
Buxoro.uzСоҳага қаратилаётган эътибор ва бизнес вакилларига берилаётган рағбат ва имкониятлар туфайли айни кунда Қоракўл туманидаги 50 та маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам маъмурий “еттилик” тизими фаолиятини тўғри йўлга қўйилаётгани самарасини бермоқда. Буни ҳудуддаги хотин-қизлар, хусусан, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар аёллари бандлигини таъминлаш, ишбилармонликка жалб қилишда, уддабурон, ғайрат-шижоатли аёллар сафи кенгаяётгани ҳам кўриш мумкин. Бошқача айтганда, қоракўллик хотин-қизлар ҳам бугун ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик соҳаларида самарали меҳнат қилиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Туман миқёсида ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган 1650 нафар ишсиз хотин-қизга умумий қиймати 16 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағларининг ажратилганлиги, 658 нафар аёлга замонавий тикув машинаси, 49 нафарига парранда тухуми инкубатори, яна ўнлаб аёлларга лаёқатига қараб меҳнат қуроллари, миниускуналар берилгани, 69 нафари ҳовлисидаги томорқа ерида субсидия асосида 1 сотихли иссиқхона қуриб берилгани улар учун ўзлари ишлаб, даромад топиш манбаига айланмоқда.
Жумладан, “Дўстлик” МФЙ, Фурқат кўчасида яшовчи ишбилармон, тадбиркор аёл Мавжуда Хайитовани олсак, 26 йиллик иш амалиётига эга бўлган бу аёл шу кунга қадар юздан ошиқ шогирд тайёрлаб, уларнинг эндиликда мустақил иш олиб юритишига кўмаклашмоқда.
— Маҳалламиздаги кам таьминланган оилалар хотин-қизларидан 11 нафарини доимий иш билан банд қилганимдан мамнунман, — дейди тикув цехи раҳбари Мавжуда Ҳайитова. — Шу кунларда цехимизда асосан ёш болалар ва хотин-қизларнинг барча турдаги либослари тайёрланмоқда. Буюртмаларни ўз вақтида ва сифатли тикиб тайёрлаб бераётганлигимиз туфайли жамоамиз билан моддий манфаатдорликка эришяпмиз. Яқин ойларда ишимизни ривожлантириб, чеварларимизни 40 нафарга етказиш, иш ҳажмини ошириш тараддудидамиз.
Шу маҳалладаги “Dilkor trans gold” МЧЖ раҳбари Мавлуда Жумақулованинг фаолияти ҳам диққатга сазовор. У ўз фаолиятини 2018 йилда атиги 2 нафар ишчи аёл билан бошлаб, нон ва нон маҳсулотлари пишириб сотишни йўлга қўйган. Бугунга келиб бу ерда ҳудуддаги кам таъминланган, ишсиз аёллардан 21 нафари доимий иш билан таъминланмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган ёғли кулчалар, патир, қолипли ва қора нонлар, турли хил ширинликларга кун сайин талаб ошмоқда. Мазкур цехнинг айни кунда қўшни Олот ва Жондор туманлари марказида ҳам филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Демак, тадбиркор аёл М. Жумақулова қўли остидаги чеварлар жамоасининг моддий манфаатдорлиги ошмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати