Қоракўл: бу йил “кумуш тола” хирмони икки йил бурунгисидан 86 тоннага кўпроқ

Қоракўл: бу йил “кумуш тола” хирмони икки йил бурунгисидан 86 тоннага кўпроқ


Аввало, туман ижтимоий ҳаётига доир диққатга молик баъзи маълумотларни келтирсак, чекка туман Қоракўлдаги 50 та маҳалла фуқаролар йиғинида бугунга келиб 33 мингдан ошиқ хонадон, қарийб 46 мингта оила умргузаронлик қилаётган бўлиб,  унда истиқомат қилаётган аҳоли сони 172 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Туманда жорий йилнинг дастлабки чораги мобайнида жами 2 минг 389 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, амалда бу кўрсаткич изчил чора-тадбирлар натижасида ошиғи билан уддаланмоқда.  

Маҳаллаларда олиб борилган хатлов натижаларига биноан, меҳнат мигранти сифатида 5 мингга яқин фуқародан деярли 2 минг нафари юртига қайтиб ишлаш, ўзига муносиб касб-кор топиш истагини билдирган. Шундан 450 нафари имтиёзли кредит сармояси билан қўллаб-қувватлашни, 60 нафарга яқини тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун, 80 нафардан ортиқ фуқаро якка тартибда ишлашида минитехнологияга эҳтиёжмандлиги,  меҳнат қуроли олиш мақсадида, шунингдек, 831 нафар фуқаро эса қишлоқда томорқа ери ёки нообод ердан олиб ўзлаштириб, деҳқон хўжалиги ташкил этиш истагини билдирган.

Шу билан бирга, кўп тармоқли агросаноат мажмуасининг пилла етиштириш тармоғида биргина туманда айни кунда 4 мингдан ортиқ касаначи ва оилавий звено, шунингдек, ҳудуддаги 300 тага яқин фермер хўжалиги аъзоларининг бандлигини кўриш мумкин. Қамров ўсиб бораётгани ҳисобидан “кумуш тола” салмоғи ҳам юксалмоқда. Масалан, 2022 йилда туман миришкор пиллакорлари томонидан 256 тоннадан зиёд саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштирилган бўлса, жорий йил баҳор мавсумида қоракўллик пиллакорлар 5 322 қути ипак қурти парваришлаб, шундан якунда 342 тоннадан ошириб хирмон барпо этишни мақсад қилишган.

Кўриниб турибдики, “кумуш тола” хирмони икки йил бурунгисидан 86 тоннага салмоқлироқ. Бунда ҳар қутидан олинаётган ҳосил салмоғи ўртача 65 килограмга етаётган бўлса, ҳудудда ипак қурти боқиб, моддий манфаат кўриш истагида бўлган хонадон сафи ҳам кенгаймоқда. Бунинг учун узоқ йиллардан бери пиллачиликда юқори ҳосилдорликка эришиб келаётган 4325 та касаначи ва оилавий звено билан тўғридан-тўғри шартномалар тузилган. 

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Қарорга мувофиқ ипак қурти парваришлаб пилла етиштирилган давр тизим касаначилари учун йиллик иш стажи бўлиб қўшилмоқда ва бу пенсия тайинлашда алоҳида ҳисобланмоқда.

Туманда ипак қурти боқувчиларга жорий мавсум олдидан буюртмачи ва таъминотчи томони – "Ромстар" МЧЖ томонидан ҳар қути ипак қурти учун 500 минг сўм аванс–бўнак пули тарқатилиб, ҳосил қабул қилишда режадан ортиқча ҳар килограм пилла учун тарози бошида 50 минг сўмдан мукофот пули берилаётгани оилавий звенолар меҳнатига муносиб рағбатдир.

“Вахим” МФЙ да пиллакорликда катта тажрибага эга меҳнатсевар оилалардан бири Муборак Султонова хонадони ҳам айни мавсумда 1,5 қути ипак қуртини парваришлаб, мўл ҳосил етиштирмоқда. Меҳнат ва масъулият талаб қиладиган ипак қурти парваришида хонадон бекаси турмуш ўртоғи ҳамда фарзандлари билан биргаликда пилла ҳосилини 115 килограмга етказишни мақсад билган. Оила ҳадемай, бу меҳнатнинг фойдасидан ҳам баҳраманд бўлади.

Шу кунларда туман пилла қабул масканида иш қизғин. Бир ой машаққат чекиб қилинган меҳнат маҳсули “кумуш тола” хирмони юксалмоқда. Ҳар йилги анъанага кўра, деҳқончилик мавсумининг илк ҳосили – “кумуш тола” қабул қилишга доир ишлар туман мутасаддилари томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда. Буюртмачи томони, пиллани қайта ишлаш корхонаси масъуллари эса пешқадам оилавий звенолар ва касаначилардан қабул қилинаётган хом ашё ҳисоб-китобини юритиб, мўлжалдан орттириб топширилган ҳар килограм пилла учун мукофот пулини тарози бошида беришмоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати 

Report Page