Қоракўл: "Тожикент"да ҳам ташаббускор тадбиркор, илғор томорқачилар кўпаймоқда

Қоракўл: "Тожикент"да ҳам ташаббускор тадбиркор, илғор томорқачилар кўпаймоқда


Тадбиркорлик, томорқа еридан оқилона фойдаланиш орқали мўмай даромадга эришишда Қоракўл тумани “Тожикент” МФЙ да ҳам ибратли саъй-ҳаракатни кўриш мумкин. Бу эса чекка маҳаллада қўшимча иш ўринлари яратилиши, аҳоли даромадлари ошишига хизмат қилмоқда.

—Ўзи одамларимиз азалдан ишбилармон, шижоатли,—дейди маҳалла раиси Н.Отамуродов.—Оилавий тадбиркорлик ривожига қаратилаётган эътибор туфайли ҳудудда юзга яқин хонадон ўз оилавий бизнесини йўлга қўйгани фикримизга далил.

Жумладан, Ғиёсиддин Отамуродов ҳам аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда яқинда ўз хонадонида кичик цех ташкил қилиб, қурилиш материаллари, декоратив-пардозбоп ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Айниқса, бу ерда уйларнинг ташқи фасади учун ишлаб чиқарилаётган сифатли пардозбоп плиткалар бино деворларига эстетик чирой бериш билан бирга, узоқ йиллар давомида бинони ташқи таъсирлардан ҳимоя қилади. Бу кичик цехда ҳозирча 8 нафар ишчи меҳнат билан банд. Тадбиркор томони эса яқин ойларда фаолиятини кенгайтириб, яна 5 та иш ўрни яратиш ҳаракатига тушган.

“Аёллар дафтари”да бўлиб, кейинчалик ўзи ва ишини ўнглаб, оиласини ҳалол меҳнати билан боқишга ўтганлардан бири Дилноза Расуловадир. Ўтган йили маҳалла мадади билан унга 27 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи расмийлаштириб берилган. Бу маблағ 7 та замонавий тикув машинаси харидига сарфлангани ҳам бугун ўзини оқламоқда. Ҳозирда Дилноза Расулова маҳалла дафтаридан чиқибгина қолмасдан, ўзи бошчилигида 8 нафар хотин-қизни иш билан таъминлашга ҳам муваффақ бўлмоқда. Улар маҳалладошларнинг буюртмаси асосида турли кийим-кечак маҳсулотларини тикиб тайёрлаб беришмоқда.

Айнан "Тожикент" МФЙда бир муддат "Aёллар дафтари"да бўлган Феруза Оқмуродовага маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияномаси асосида 60 миллион сўм  миқдорида кредит сармояси ажратилган. Бу маблағ эвазига хонадон бекаси 5 сотихдан иборат томорқасида иссиқхона ташкил этиб, мана, икки йилдирки, бу ерда баракали сабзавот маҳсулоти етиштириб келади. Муҳими, биргина ташаббуси орқали Феруза Оқмуродова турмуш ўртоғи, ўзи ва қизининг бандлигини таъминлаб ўтган йилги мавсумда 4 тоннадан ортиқ помидор ва бошқа сабзавот маҳсулотини етиштириб, саранжомлаган. Бу ўринда бир оиланинг меҳнатидан эришаётган фойдасини чамалаш қийин эмас.

Шунингдек, маҳаллада уйма-уй юрилса, эрта баҳордан кўкатлар етиштириш ва шундан қўшимча даромад олиш тажрибаси ҳам шаклланмоқда. Бу орқали эндиликда аҳоли хонадонлари ҳар сотих экин еридан мавсумда 4-5 миллион сўмдан даромад олишига имкон бор.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page