Қорақалпоғистонда очиқ танловларни ўтказиш бўйича ҳолат мониторинг қилинди

Қорақалпоғистонда очиқ танловларни ўтказиш бўйича ҳолат мониторинг қилинди

Қорақалпоғистон филиали

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5843-сонли Фармони ҳамда 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5177-сонли қарорига асосан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши
50 фоиздан
юқори ташкилотларда ишга қабул қилиш очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида Давлат хизматини ривожланитириш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан тасдиқланган режа-график асосида республикадаги туман (шаҳар) ҳокимликларида 2022 йил ва 2023 йилнинг 6 ойлигида вакант лавозимларга номзодларнинг очиқ мустақил танловлар асосда қабул қилиниши ҳолати ўрганилганида бир қатор камчиликлар аниқланди.

Хусусан, 2022 йилда Шуманай, Тахтакўпир туманларида 7 нафардан, Хўжайлида 5 нафар, Мўйноқда 4 нафар, Кегейли, Нукус туманларида

3 нафардан, Қораўзак, Амударё, Чимбой, Тўрткўл, Бўзатов туман ҳокимликларида 2 нафардан ҳамда Қонликўл туманида 1 нафар жами 40 нафар ходимлар танловларсиз ишга қабул қилинган бўлса, 2023 йилнинг
6 ойи давомида
Тўрткўлда 4 нафар, Қораўзакда 3 нафар, Тахтакўпир, Хўжайли, Қонликўл, Шуманай, Мўйноқ туманларида 2 нафардан, Бўзатов, Кегейли туман ҳокимликларида 1 нафардан жами 19 нафар ходимлар тўғридан-тўғри танловларсиз ишга қабул қилинганлиги аниқланди.

Шунингдек, ҳисобат даврида Беруний ҳамда Элликқалъа туман ҳокимликларида 6 нафардан ходимлар ҳокимнинг тегишли буйруқлари билан ҳокимликдаги вакант лавозимларга вақтинча вазифасини бажарувчи сифатида тайинланиб, ушбу вакант лавозимлар шу кунга қадар очиқ танловларга чиқарилмасдан келинган.

Бундан ташқари, Кегейли, Қораўзак, Тахтакўпир, Чимбой ва Шуманай тумани ҳокимликларида 2022 йил ва 2023 йилнинг 6 ойлигида умуман танловлар ўтказилмаган ҳамда вакант лавозимларга номзодлар тўғридан-тўғри танловларсиз қабул қилинганлиги маълум бўлди.

Филиал томонидан мазкур камчиликларни бартараф этиш ва масъул ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларга тақдимномалар киритилди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Қорақалпоғистон Республикаси филиали



Report Page