Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

Сўнгги йилларда ҳарбий соҳага бўлаётган эътибор туфайли бугунги кунга келиб юзлаб ҳарбий объектлар, дала-ўқув майдонларининг инфратузилмаси буткул янгича қиёфа касб этиб, тамомила замонавий кўринишга эга бўлмоқда. Буларнинг барчаси ҳарбий касб нуфузини ошириш, ҳарбий хизматчиларга қулай ва хавфсиз хизмат шароитларини яратишга қаратилган.

 Қорақалпоғистон Республикасида ҳам амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизмат нуфузини юксалтириш, халқимизда армияга бўлган юксак ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамига муносиб туҳфа сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори томонидан навбатдаги ҳарбий объект – Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг янгидан қурилган биносининг фойдаланишга топширилиши бунга яққол мисолдир.

Мудофаа ишлари бошқармасининг маъмурий биносини фойдаланишга топшириш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев ҳамда Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, куч тузилмалари раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда мудофаа ишлари бошқармаси шахсий таркиби иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси мудофаа ишлари бошқармаси ҳар бир ўспирин йигит учун армиянинг остонаси, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантирадиган маскан бўлиб қолишини тилади. Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг янги биноси эндиликда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтиришга, энг сара қорақалпоғистонлик ёшларни армия сафларига тайёрлашда кўмаклашишга, халқимиз ва армиямиз ўртасидаги мустаҳкам кўприк вазифасини ўташига ишонч билдирди.

Дарвоқе, “Армия остонаси” дея эътироф олган мудофаа ишлари бўлим ва бошқармалари ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбийликка тайёрлаш ва саралаш каби вазифалардан ташқари, уларда ватанпарварлик, садоқат ва жасорат каби туйғуларни ҳам шакллантирадиган масканлар ҳисобланади.

Тантанали тадбирда сўз олган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган ҳарбий-маъмурий сектор тизими ҳақиқатан ҳам юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровон турмуши учун хизмат қиладиган ноёб бир тизим эканлигини эътироф этди. Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига ҳамоҳанг тарзда замонавий ва кўркам қўринишда барпо этилган мудофаа ишлари бошқармасининг янги биноси эндиликда Қорақалпоғистон халқига хизмат қилиб, ҳарбий хизматчилар ва ходимларга жуда кўп қулайликлари билан афзал келишини таъкидлади. Мана бир неча йилдирки Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси ёшларни муддатли ҳарбий хизматга юбориш бўйича Ўзбекистон бўйича биринчи ўринни қўлдан бой бермаётганини эътироф этди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори кўмаги билан Мудофаа вазирлиги объектларини қайта қуриш ва капитал таъмирлаш ишларини олиб боришда катта амалий ёрдам бераётган Қорақалпоғистон Республикаси раҳбариятига ўзинининг миннатдорлигини билдирди. Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори ёрдами билан айни пайтда Тахиатош туманидаги мудофаа ишлари бўлимида капитал таъмирлаш ишлари режалаштирилаётганини эътироф этди.

Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси 1992 йил йилда ташкил этилган бўлиб, бошқарманинг маъмурий биноси 2020 йилга қадар Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон кўчасида жойлашган эди. 2020 йилда шаҳарда олиб борилган катта қурилиш ва янгиланишлар сабаб, маъмурий бино ўрнида кўп қаватли турар жой иморатлари қурилди ҳамда бошқарма маъмурияти вақтинча Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг эди.

Йиғин пункти олдидаги илгари бўш турган ёр майдонида эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг икки қават ва ертўладан иборат маъмурий биноси бунёд этилди.

Замонавий дизайн асосида қурилган ва аҳолига хизмат кўрсатиш учун барча қулайликларга эга бўлган ушбу бинода навбатчиликни ўташ учун хона, бошқарув пункти, архив, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш учун махсус жой, чақирилувчилар ва ҳисобда турувчилар ҳақида электрон маълумотлар базасини юритиш хонаси ҳамда 30 та хизмат хонаси мебель, “қиш-ёз” тизимида ишлайдиган совутиш тизимлари, компьютер жамланмалари ва бошқа зарур буюмлар билан тўлиқ жиҳозланди.

Армиянинг жанговар қудрати, салоҳияти, буюк аждодларимизнинг жасоратидан сўзловчи кўргазмали воситалар билан безатилган бинонинг ички деворлари бу ерга келадиган ёшларга Қуролли Кучларимиз ҳақида кенгроқ билимларга эга бўлишини таъминлайди. Олий ҳарбий таълим муассасалари ва “Темурбеклар мактаб”лари ҳақида батафсил маълумотларни етказади.

Бинонинг очилиш маросимида рамзий лента кесилганидан кейин тадбир иштирокчилари бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.



Report Page