Қопқоқ остидаги «қопқон» ёхуд турли акциялар ва лотерея шоуларининг зарари

Қопқоқ остидаги «қопқон» ёхуд турли акциялар ва лотерея шоуларининг зарари

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

«Ishonch» газетасининг шу йил 25 май сонида нашр этилган «Ҳаёт — қимор… эмас!» сарлавҳали мақолада долзарб мавзу кўтарилган. Дарҳақиқат, шу кезларда юртимизда турли акциялар ниҳоятда кўпайди: кишининг ичаётган сувидан тортиб, ҳордиқ даврида томоша қиладиган кўрсатувигача омадини синаб кўришга чорлайди. Телевидение эса иштиёқ оловига яна мой қуйиш билан машғул…

Аслида, тўсатдан бойиб кетиш орзуси қадимдан инсонларни ­васвасага солиб келган. Катта хазинага эга чиқиш, сеҳрли чироқни топиб олиш ёки «ярим давлат» ни қўлга киритиш илинжидаги қаҳрамонликлар ҳақидаги афсоналар ҳам шу орзу сабаб пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас. Бугун бу истакдан одамларни янгича кўриниш, янгича усуллар-у қиёфаларда жалб этишда фойдаланишмоқда. Энг қизиғи, мўмайгина моддий бойлик орттириш илинжида ўйлаб топилаётган бу найрангларнинг тузоғига лаққа тушаётганларнинг сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Бой бўлиш «сири»

Кейинги пайтларда «SITRO», «TIZER» , «WF» номли ичимликларнинг «мега акциялари» кекса-ю ёшнинг эътиборини ўзига тортди. Рекламада айтилганидек, «тасаввур қилинг, 3000 сўмга бир ичимлик олиб ичасиз ва қарабсизки, қимматбаҳо совғалар, ҳаттоки, автомобиль соҳиби бўлиб турибсиз». Ростдан ҳам, бир литр бензинга ҳам етмайдиган пулга машина ютиб олсангиз ёмонми?!

Шу боис боғча болалари, мактаб ўқувчилари-ю талабалардан тортиб ақли расо, туппа-тузук маълумотли кишиларгача қоп­қоқ йиғиш билан андармон. «Ўқиш, иш нима бўлади?» де­йишга шошилманг, чунки…

Шошилинг, шоу бошланди

Осон бойликка интилиш иштиёқининг оммавий тарзда алангалашига телевидение катта ҳисса қўшмоқда. Биргина «Борига барака» капитал шоуси одамлар фикр-у хаёлини шу қадар банд этдики, бошловчиларнинг ўринли-ўринсиз ҳазили, «охиригача ўйнайман» деб мағлуб бўлганларнинг аҳволи кўплаб давралардаги гурунгнинг бош мавзусига айланган. 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ёш-у қари «Zo‘r TV» телеканалидаги «Борига барака» кўрсатуви ва шу каби бошқа шоуларда иштирок этиб, катта миқдордаги ютуқ соҳибига айланишни орзу қилади.

Бу шоу иштирокчисига айланиш учун дастлаб беш минг сўмлик электрон тўлов амалга оширилади. Қолгани омадга боғлиқ. Масаланинг ­бошқа жиҳати ҳам бор. Кўз олдингизга келтиринг: кимдир экранга умид билан термулиб турганида, ютуққа эга бўлиш илинжида тўлов шохобчалари олдидан аримаётган миллионлаб одамлар «Зора, омад кулиб, кўрсатувга чақиришса-ю, бош совринни ютиб қолсам», деган хаёлда бўлади. Улар каби сиз тасодифий рақам танланаётганида энтикиб турсангиз, кутиш онлари янаям гаштли ўтишига шубҳа йўқ.

– Телевидениеда шу каби шоу­лар, бемаъни, тутуриқсиз кўрсатувлар, қилиғи ҳам, қўшиғи ҳам тушунарсиз артистлар билан суҳбатлар соатлаб эфирга берилиши одатий ҳолга айланди, – дейди филология фанлари номзоди Сайфиддин Сайфуллоҳ. – Лекин бирор олим, билимли киши илмий-маърифий кўрсатувда қатнашаётганида фикр билдирмоқчи бўлса, «камроқ гапиринг, қисқароқ бўлсин», деб талаб қўйишади. Бу қанчалик мантиққа тўғри келади?

Қимор эмасми?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати тез-тез йўлланадиган шу каби масалалардаги саволларга қуйидагича жавоб берган:

«Икки ёки ундан кўп томон пул тикиб, оқибатда бирининг фойдасига бўладиган ҳар бир ҳолат қимордир. Агар шу қоидага тушса, жоиз эмас. Турли ўйинлардаги ютқазган пулини тўлаш ҳам қимордир».

Кўриниб турибдики, одамларнинг пули ҳисобига ташкиллаштирилаётган ўйинлар ва ўтмай қолган «маҳсулот»ларнинг сифатини яхшилаш ўрнига харидорбоплигини ошириш мақсадида ўйлаб топилган маркетинг ҳийлалари диний нуқтаи назардан номаъқул иш ҳисобланади.

Боқимандалик психологияси

– Турли акциялар, лотерея шоуларнинг тарғиботи сабабли одамлар осон ва енгил даромад топиш ҳақида ўйлай бошлайди, — дейди «Ёшларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатиш маркази» ННТ директори, психолог Дилфуза Шодиева. – Натижада уларнинг онгида боқимандалик психологияси ­шаклланади. Инсон мияси икки ярим шардан иборат бўлиб, унинг ўнги ҳиссиётга жавоб беради. Фанда у дангасалик ва ялқовликка чорловчи мия қисми деб аталади. Уюштирилаётган лотерея шоу ва акция­лари эса ушбу ярим шар фаолиятини тезлаштиради.

Турли ўйинларга муккасидан кетган ота-она ёки телевидениеда «ютуқ ютдим» дея фахрланаётган «қаҳрамонлар» болалар онгида ҳам меҳнат қилмасдан бойлик орттириш ҳақидаги сароб орзулар пайдо бўлишига туртки беради.

Хўш, психологик нуқтаи назардан бунинг олдини олиш мумкинми? Ҳа, албатта. Бунинг учун миянинг иккинчи ярим шари – чап томонни ишлатишга эътибор қаратиш зарур. Чап томон ақл-идрок ва меҳнатга жавоб беради. Чап ярим шар фаолиятини ошириш орқали ёшларнинг атрофдаги воқеа-ҳодисаларни адекват баҳолаши ва мақсадларини тўғри ­шакллантиришга эришиш мумкин.

Меҳнат шоулари керак

Телевидение орқали намойиш этиладиган бундай акцияларнинг шакли ва йўналишини ўзгартириш, меҳнатга оид танлов ва шоуларни ташкил этишга эътибор қаратиш ҳам ижобий самара бериши шубҳасиз. Масалан, ютуқли интеллектуал ўйинлар ҳам бола онгининг ўсишига яхши ёрдам беради.

Ёшлар ўртасида катта ютуқлар эвазига меҳнат шоуларни ташкил этиш ҳам мумкин. Ҳозирда юртимизда пишиқчилик вақти. Масалан, фермер ва боғбонлар билан келишган ҳолда кўп мева терганга бирор ютуқ бериш мумкин. Бу пул тикиш ёки қопқоқ йиғишдан кўра фойдали машғулот. Қопқоқли ўйинлардан китоб, ўқувчилар учун канцелярия моллари сотиб олиш ваучерлари сифатида фойдаланиш ҳам самарали ҳисобланади.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида мутахассисларнинг маблағни фойдали ишларга сарфлаш, мақсадли йўналтириш бўйича тарғиботни кучайтириш керак.

Осон турмуш ва омадни кутиб…

Америкалик тилшунос, файласуф, жамоат арбоби Ноам Чомский оммани бошқариш тамойилларини санаб ўтар экан, фуқароларга замонавий фалсафий оқимлар, илғор илм-фан, психология, нейробиология ва кибернетика соҳасидаги муҳим маълумотларни олишга имкон берилмаслиги, бунинг ўрнига ахборот майдони спорт ва шоу-бизнес хабарлари, енгил-елпи материаллар билан тўлдирилишини алоҳида таъкидлайди. 

Жанжаллар, «сариқ матбуот», шубҳали юмор ва популистик акциялар – буларнинг бари одамлар ўз онгларини реал дунёнинг чексиз кенгликларига қадар кенгайтирмаслигининг олдини олиш учун хизмат қилади.

Бизни ҳеч ким илм-фан ва технология янгиликларидан чекламаслигини инобатга оладиган бўлсак, олди-қочди шоулар, чалғитувчи «акциялар» ни ўзимизга ўзимиз сотиб олаётганимиз маълум бўлади.

Америкалик тилшунос, файласуф, жамоат арбоби Ноам Чомский оммани бошқариш тамойилларини санаб ўтар экан, фуқароларга замонавий фалсафий оқимлар, илғор илм-фан, психология, нейробиология ва кибернетика соҳасидаги муҳим маълумотларни олишга имкон берилмаслиги, бунинг ўрнига ахборот майдони спорт ва шоу-бизнес хабарлари, енгил-елпи материаллар билан тўлдирилишини алоҳида таъкидлайди. 

Жанжаллар, «сариқ матбуот», шубҳали юмор ва популистик акциялар – буларнинг бари одамлар ўз онгларини реал дунёнинг чексиз кенгликларига қадар кенгайтирмаслигининг олдини олиш учун хизмат қилади.

Бизни ҳеч ким илм-фан ва технология янгиликларидан чекламаслигини инобатга оладиган бўлсак, олди-қочди шоулар, чалғитувчи «акциялар» ни ўзимизга ўзимиз сотиб олаётганимиз маълум бўлади.


Энг ачинарлиси, бундай «омадли ўйинлар» меҳнат қилмасдан бир зумда бойиб кетиш иштиёқида ёнаётган одамлар туфайли кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Улар китоб ўқиб «Spark» ютишдан кўра кимларнингдир даромадига даромад қўшиш, бемазароқ бўлса ҳам «ютуқли» ичимлик ичиб, ­қопқоқ тўплаш ёки ҳар ҳафта беш-ўн минг сўмлик тўловни тўлаб, омадни кутиш осонроқ туюлади, шекилли…

Хуллас, гапирса гап кўп. Лекин осон бойлик орттириш илинжида омад ва мўъжизага бўлган кўр-кўрона ишонч кўпчиликни акциялар «қурбони» га айлантирмаяптими? Бунга мутасаддилар қандай муносабат билдирар экан?

Аъзам Абулфайзов, «Ishonch»

Манба: «Ishonch» газетаси

"Ҳуқуқ олами" каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g



Report Page