Қонун ижодкорлари фаолиятини рағбатлантириш механизмлари: хорижий тажриба

Қонун ижодкорлари фаолиятини рағбатлантириш механизмлари: хорижий тажриба

Иззатуллаев Бобиржон, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қабул қилинган стратегиялар ва ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ҳамда уларнинг самарадорлиги қонун ижодкорлиги фаолияти сифатига, шу жумладан, ушбу соҳада фаолият юритаётган мутахассисларга кўп жиҳатдан боғлиқдир. Бу эса қонун ижодкорлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларни ҳар жабҳада қўллаб-қувватлаш ва эътибор қаратиш муҳимлигини англатади.

Хорижий давлатларда ҳам қонун ижодкорлиги соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассис ходимларнинг меҳнатини рағбатлантириш, имтиёз ва қулайликлар яратишга алоҳида аҳамият қаратилади. Хусусан, АҚШда инсон ресурсларини бошқариш асослари ишлаб чиқилган бўлиб, унга ходимларни моддий ва номоддий рағбатлантириш орқали ўз ишига содиқлигини ошириш усуллари назарда тутилган. Номоддий рағбатлантириш сифатида бепул тиббий суғурта қилиш, малака оширишни ташкил этиш, бепул овқатланиш ва жамоавий байрамларни ташкил этиш киритилган. АҚШда мутахассис ходимларни, шу жумладан, қонун ижодкорлиги соҳасидаги мутахассисларни моддий жиҳатдан рағбатлантириш меҳнат иш соатларига қўшимча ҳақ тўлаш ва бонуслар тақдим этилишига асосланган.

Шунингдек, мамлакатдаги федерал ходимларнинг соғлиги дастури (The Federal Employees Health Program) бўйича ходим ва унинг оила аъзолари тиббий хизматлардан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлишади. Бундан ташқари, ходимлар учун алоҳида стоматология ва кўриш фаолияти тиклаш билан боғлиқ дастур (The Federal Employees Dental/Vision Program) ҳам мавжуд.

Адлия департаменти қонун ижодкорлиги фаолиятида меҳнат қилаётган ходимлар меҳнат самарадорлигини ошириш, шахсий ва оилавий шароитлардан келиб чиқиб бир кунлик 8 соат иш вақтини ходим кун тартибига мослаштириб белгилаш ҳуқуқига эгадир. Бундан ташқари, яна қулайликлардан бири ходимга ёрдам дастури (Employee Assistance Programs) бўлиб, мазкур дастур орқали ходимларга турли қийинчиликлар, оилавий, руҳий, соғлиқ ва бошқа ҳолатларда амалий ёрдам ҳамда маслаҳатлар кўрсатилади. АҚШда кўплаб ташкилотларда мутахассис ходим меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ички фондлар ташкил этилади ва мазкур фондлар орқали рағбатлантирилиб борилади. 

Буюк Британия Адлия вазирлигидаги Қонунчилик Кенгаши (Law Comission) ва Шакллантирилмаган нормалар қўмитаси (Insolvency Rules Committee) қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва таклифлар бериши билан шуғулланади. Вазирлик ходимларнинг меҳнатига қараб қуйидаги рағбатлантиришларни тақдим этади:

– чегирма купонлари (Ministry of Justice employee discount scheme). Ходимлар мазкур чегирмалар ёрдамида йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар ва интернет дўконларидан товар маҳсулотлари сотиб олишда махсус чегирмаларга эга бўлишади;

– шахсий ва жамоавий ютуқлар учун йиллик мукофотлар;

– йилда 25 кун меҳнат таътили бериш ва ходимнинг иш самарадорлигига қараб қўшимча равишда 9 кун яна қўшиб бериш имконияти.

Юқоридаги рағбатлантиришлардан ташқари Адлия вазирлиги тизимида ишлайдиган ҳар бир ходим қуйидаги имтиёзларга эга бўлади:

– касаллик сабабли таътилга чиққан ходимларнинг иш ҳақлари тўлиқ сақлаб қолиш;

– ҳомиладорлик, бола асраб олиш ва бола парвариши даври учун она ва отага 26 ҳафталик таътил бериш, шундан 13 ҳафта иш ҳақи тўлиқ сақланган ҳолда, қолган 13 ҳафта эса сақланмаган ҳолда таътил бериш;

– ходимнинг оилавий шароити ва бошқа сабаблардан келиб чиқиб, меҳнат иш соатларини ходимга мослаштириб бериш имкониятини тақдим этиш.

Францияда ҳам қонун ижодкорлиги фаолиятига алоҳида аҳамият қаратади. Соҳанинг ўзига яраша қийинчилик ва масъулиятидан келиб чиқиб ташкилотлар соҳада фаолият олиб бораётган ходимларни моддий ва номоддий рағбатлантиради. Хусусан, мамлакатда солиқларнинг юқорилиги боис мутахассислардан даромад солиғи ва ижтимоий суғурта бадаллари ундирилмайди. Бошқа ҳолатларда эса солиқларнинг маълум қисми ходим меҳнат қилаётган ташкилот томонидан қоплаб берилади. Бундан ташқари, мамлакатда мутахассислар меҳнатини рағбатлантириш мақсадида ташкилот ҳисобидан тиббий суғурта, ипотека кредитларини маълум қисмини тўлашда моддий ёрдам бериш ва малака ошириш курсларига юбориш каби имтиёзлар берилади.

Японияда иш унумдорлиги катта аҳамият қаратилади. Мамлакатда умумий манфаатлар шахсий эҳтиёжлардан устун туради деган қараш мавжуд. Шу сабабли ҳар бир мутахассис ўз ишига юқори масъулият билан қарайди. Ўз навбатида ташкилотлар ҳам мутахассислар, хусусан қонун ижодкорларини доимий рағбатлантириб боришга ҳам катта аҳамият қаратади. Жумладан:

– ҳар ярим йилда камида бир марта мукофот ва бонуслар тақдим этиш;

– ишга келиб-кетиш йўл харажатларини қоплаб бериш;

– мутахассис ходим ва унинг оила аъзоларини бепул тиббий суғурта қилиш;

– уй-жой ижараси харажатларини қисман қоплаб бериш;

– уй-жой сотиб олиб учун имтиёзли кредитлар ажратиш;

– Япония, Европа ва АҚШ олий таълим муассасаларида таълим олиш имкониятини яратиш;

– асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда малака оширишни ташкил этиш.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан юқорида қайд этилган илғор хорижий тажриба асосида мамлакатимизда қонун ижодкорлиги соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.

Биринчидан, моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ходимнинг меҳнат самарадорлиги ва сифати ошишига катта ёрдам берадиган энг асосий жиҳатлардан биридир. Шунга кўра, қуйидаги моддий рағбатлантирувчи усулларни келтириш мумкин:

– меҳнат унумдорлиги, сифатли бажарилган ишлар кўлами, ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг амалиётга жорий этилганлиги ва бошқа ютуқлари учун ходим иш ҳақига мукофот сифатида қўшимча маблағ белгилаш;

– моддий рағбатлантириш сифатида иш ҳақини даромад солиғидан муайян муддатга озод қилиш;

– иш жараёнидан эришилган ютуқлар учун эсдалик совғалар, сертификат ва бошқа турли моддий жиҳозлар билан тақдирлаш;

– ташкилотлар томонидан мутахассис ходимни моддий рағбатлантириш мақсадида ички фондлар ташкил этиш.

Иккинчидан, номоддий рағбатлантириш қонун ижодкорлиги соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг ишчанлигини оширишга, кайфиятига ва руҳиятига ижобий таъсир қилади. Шундан келиб чиқиб, қуйидаги номоддий рағбатлантириш усулларини билан мутахассисни рағбатлантириш самарали натижалар беради:

– иш жараёнидаги шахсий ва жамоавий ютуқлар учун раҳбар томонидан ҳамкасблар олдида, жамоа тадбирлари ёки иш юзасидан ўтказиладиган йиғилишларда миннатдорчилик билдириб оғзаки табриклаш;

– меҳнат фаолияти давомидаги ютуқлари учун мутахассис ходимнинг ота-онасига раҳбар томонидан ёзма табрик йўллаш.

Учинчидан, қонун ижодкорлиги фаолияти билан шуғулланиш узоқ ва давомий муддатли ақлий меҳнатни талаб этади. Бундай пайтда ходим кам жисмоний ҳаракат қилишига фақат ақлий меҳнат қилишига тўғри келади. Натижада ходим соғлиги кўп аҳамият бермайди. Шу сабабли қуйидаги имтиёзларни тақдим этиш мақсадга мувофиқдир:  

– шифохоналарда бепул даволаниш ва тиббий хизматлар олишни йўлга қўйиш;

– мутахассис меҳнати самарадорлигини инобатга олиб, бир йилда бир марта дам олиш масканлари ва санаторийларга махсус имтиёзлар билан юборишни ташкил этиш;

– спортзаллар, тренажёр заллари, сузиш ҳавзалари, бассейнлар ва бошқа спорт машғулот муассасаларига қатнаш учун пул маблағларини қоплаб бериш;

– ақлий меҳнат фаолияти учун фойдали бўлган турли витамин ва минерал дорилар билан мунтазам таъминлаб бориш.

Таъкидлаш жоизки, қонун ижодкорлиги соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар нафақат ҳуқуқ нормаларини ишлаб чиқади, балки жамият ижтимоий муносабатларидаги муаммоларни аниқлайди ҳамда янги ҳуқуқ нормасига бўлган эҳтиёжни ўрганади.

Шунингдек, бугунги илм-фан ва ахборот технологиялари ривожланиши даврида қонун ижодкорлиги соҳасида ҳам ўзгаришлар кузатилмоқда. Хусусан, соҳада янги ёндашувлар, моделларни қўллаш ва замонавий ахборот технологияларидан (сунъий интеллект) фойдаланиш кузатилмоқда.

Мазкур жараёнлар қонун ижодкорларидан ишчанлик даражасини оширишни ҳамда давлат ва жамият ҳаётидаги барча ўзгаришлардан хабардор бўлишни, бир сўз билан айтганда, юксак масъулиятни талаб этади.

Ўйлаймизки, мамлакатимизда қонун ижодкорлари фаолиятини юқорида назарда тутилган каби мезонлар асосида қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш бугунги ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлашда сифат ва натижадорлик даражаси ошишига хизмат қилади.

Иззатуллаев Бобиржон

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти

масъул ходими

 

 

 


Report Page