Қизалоқ ҳаётини сақлаб қолган ходимлар

Қизалоқ ҳаётини сақлаб қолган ходимлар

Ички ишлар вазирлиги

Байрам, деганда кўз олдимизда файзли, тароватли, қувончли онлар гавдаланади. Аммо байрамлар фақат қувончли лаҳзалардан иборат, десак тўғри бўлмайди, Чунки нохуш ҳолатлар байрам ўтишини кутиб ўтирмайди.

Айни пайтда мамлакатимизнинг бош арчаси ўрнатилган Мустақиллик кўчасида Янги йил байрамига бағишланган тантаналар давом этмоқда. Арча атрофига нафақат пойтахт, балки мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан юртдошларимиз ташриф буюрмоқда.

Қишки таътил кунларида бу ерда шоду хуррамлик қилаётган болажонларни кўриб кўзингиз қувонади. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ички ишлар органлари ходимлари барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Томошалар вақтида ўзини ёмон ҳис қилган ёки тоби қочиб қолаётган шахслар ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ.

Куни кеча онаси билан томошага келган икки ёшли қизалоқнинг соғлиги ёмонлашиб қолган. Сурункали хуруж туфайли ўзини йўқотган қизалоқ ва нима қилишини билмай қолган онага икки нафар ички ишлар органлари ходимлари биринчи тиббий ёрдам кўрсатган ва “тез ёрдам”га хабар берган. Шифокорлар етиб келгач, қизалоққа ўз вақтида зарур ёрдам кўрсатилганини эътироф этган.

Айни вақтда қизалоқ шифохонада мутахассислар назорати остида. Энг муҳими, ҳозир у ўзини яхши ҳис қилмоқда.

ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасидан маълум қилишларича, хизмат бурчига виждонан ва сидқидилдан ёндашган, гўдак ҳаётини асраб қолган полковник Муродилла Алиқориев ва лейтенант Фарруҳ Обидовлар Ички ишлар вазирлигининг қимматбаҳо совғаси билан тақдирланган. Уларнинг фаолияти давомида юқори натижаларга эришиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётганлиги ҳамда фуқароларнинг ҳаётини сақлаб қолишда юқори касб маҳоратини намоён этиб, халқ орасида ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшганлиги ИИВ раҳбарияти томонидан юқори баҳоланган.

 Муаттар Рўзибоева, ЎзА

Report Page